Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир", деганлар.
Расулимиз алайҳиссалом инсонларнинг энг сахийси эдилар. Аммо у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетардилар.
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги «Оқ масжид» жоме масжидининг янги биноси пойдеворига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Хайрли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов, туман имом-хатиблари, маҳалла фаоллари ва кўп сонли намозхонлар иштирок этди.
Йиғилганлар мазкур эзгу ташаббуснинг бардавом бўлишини, қурилиш ишларининг кўнгилдагидек, бехатар ва тез фурсатларда якунланишини тилаб, Аллоҳ таолодан хайр-барака сўраб дуолар қилдилар.
Таъкидланганидек, янги бино қад ростлаши натижасида ҳудуд аҳолиси ва масжид қавми учун янада кенг, қулай ва замонавий шароитлар яратилади.
Шунингдек, масжид қурилишига холис ҳисса қўшаётган барча саховатпеша юртдошларимиз ҳамда қурувчи-мутахассислар ҳаққига эзгу дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати