Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо бундай сўзлаб берди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни ҳисоб-китоб қилинадиган киши борки, ҳалок бўлади”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳ таоло: “Аммо кимнинг ўнг томонидан берилса, у албатта енгилгина ҳисоб-китоб қилинади”, демаганми?” дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У намойиш қилиш, холос. Қиёмат куни кимнинг ҳисоб-китоби тафтиш қилинса, азобланмай қолмайди”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга тушунарсиз шаръий масалани шарҳлаб берар эдилар. Шунинг учун саҳобалар бирор ноаниқ нарса учраса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мурожаат қилар эдилар.
Ушбу ҳадисда Абдуллоҳ ибн Абу Мулайка Ойша розийаллоҳу анҳонинг эшитмаган, билмаган нарсаси ҳақида Набий алайҳиссаломдан сўраб олганини хабар қилмоқда. Бу онамизнинг зийраклигидан дарак. Ахир, Набий алайҳиссалом ёнида бўлатуриб ҳам билимини мустаҳкамлаб олмасинми?! .
Ана шундай ҳолатлардан бирини Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо ривоят қилади. Кунларнинг бирида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қиёмат куни ҳисоб-китоб қилинадиган киши борки, ҳалок бўлади”, дедилар. Буни Ойша онамиз эшитиб Набий алайҳиссаломнинг ушбу сўзлари билан Аллоҳ таолонинг: “Аммо кимнинг ўнг томонидан берилса, у албатта енгилгина ҳисоб-китоб қилинади” (Иншиқоқ сураси, 8) оятини таққослади. Боиси, ҳадис лафзи ҳисоб-китоб қилинувчининг азобланишини умумлаштирмоқда. Оят лафзи эса, айримларнинг азобланишига далолат қилмоқда.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом оятга изоҳ бериб: “Оят амал дафтарини намойиш этишдаги ҳолатни баён қилмоқда. Кимнинг амали муҳокама қилинса, ҳалок бўлади”, демоқдалар.
Набий алайҳиссаломнинг оятдан ҳақиқий маънони баён этиш учун берган жавобларида енгил ҳисоб, яъни амал дафтарини намойиш этиш ва кўрсатиш бошқа, амалларнинг тафтиш этилиши бошқа экани аён бўлмоқда. У зот алайҳиссалом оятдаги “енгилгина ҳисоб-китоб қилинади”дан мурод “Аллоҳ таоло бандага гуноҳларини зикр қилади. Сўнгра дунёда уларни беркитгани, охиратда ҳам кечириб юборишини билдиради”, деб изоҳ бермоқдалар.
“Қиёмат куни кимнинг ҳисоб-китоби тафтиш қилинса, азобланмай қолмайди”, деган лафзларига бандаларда янглишишлар кўп учраши, ким тафтиш қилинса, афв этилмаслиги ва дўзахга киритилишини баён этмоқдалар.
Демак, қиёмат куни ҳисоб-китоб икки кўринишда бўлади:
1) амаллар кўрсатилиб, танбеҳ берилади. Бу ҳисоб енгил ўтиб, унинг учун азоб берилмайди;
2) муноқаша ҳисоб-китоби. Бу – қийин ва қаттиқ ҳисоб, азобдан холи бўлмайди. Боиси, бу банданинг хатолари устидаги тафтиш бўлиб, жамики гуноҳларидан сўроқ қилинади. У ҳар бир ёмонлиги учун жавоб беради.
Аббод ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр айтади: «Ойша онамиз розийаллоҳу анҳонинг бундай деганини эшитдим: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан енгил ҳисоб ҳақида сўрадим. У зот алайҳиссалом: “Қиёмат куни (амал дафтари) берилади ва унга кичик гуноҳларини намойиш қиладилар”, деб жавоб бердилар».
Кимнинг ҳисоб-китоби осон бўлади?
Абу Ҳотим ва Ҳоким раҳимаҳумаллоҳ Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Кимнинг яхшиликлари ёмонликларидан кўп бўлса, шу киши ҳисоб-китобсиз жаннатга киради. Кимнинг яхшиликлари ёмонликлари билан тенг келса, енгил ҳисоб қилинади. Сўнгра жаннатга киритилади. Кимнинг гуноҳлари яхшиликларидан зиёда келса, ана ўша ўз нафсини ҳалок этибди”. Шафоат ҳам шу сингари бўлади.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда: «Сизлардан бирингиз Раббисига яқин келтирилади. Ҳатто орада ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди. Унга: “Шу, шу нарсаларни қилдинг”, дейди. Банда гуноҳларига иқрор бўлади. Сўнгра Аллоҳ айтади: “Сен уни сендан дунёда беркитдим. Бугун эса сени мағфират қиламан”», дейилган.
Ҳадисда Ойша онамизнинг фазилати, таълимга ва ўрганишга ҳарислиги; ҳисоб-китоб, қиёмат кунидаги азоб, одамларнинг ҳисоб-китоблари турлилиги; толиби илмнинг ўзига ноаниқ бўлган нарсани сўраб билишга ҳақлилиги; олим одам ўзига қилинган мурожаатни чин кўнгилдан қабул этиши; Набий алайҳиссаломга ўхшаб сўровчига тушунтириб беришнинг вожиблиги баён этилган.
Мансур ЎРОЛОВ,
Сергели тумани “Нўғайқўрғон” масжиди имом ноиби
"Ҳидоят" журналидан
Ҳанафий мазҳабимизда «ишораи саббоба» суннат амал хисобланади. У тўғрисида бир неча ҳадису шарифлар ворид бўлиб, қуйидаги манбаларда у тўғрисида ва қандай қилиниши борасида тўхталиб ўтилган. Абу Лайс Самарқандий “Навозил”, Камолиддин Ибну Ҳумом “Фатҳул қодир”, Аллома Алоуддийн Косоний “Бадои’ус Саноий”, Ибн Обидийн “Раддул мухтор”, Абдулҳай Лакнавий “Умдатур ри'оя”, “Эъло’ус сунан” каби мўътабар манбаларда ҳам суннат эканлиги зикр қилинган. Бу ҳақида Алий Қорий иккита “Тазйинул ибора таҳсинул ишора” ва “Ат-тадҳийну лит тазаййун”, Ҳофиз Ибн Ҳажар “Талҳисул ҳобир”, Ибн Обидийн “Рафъ ул тараддуд” номли бир қатор рисолаларда ҳам ёзиб ўтганлар.
Имом Термизий Абу Ҳумайддан ривоят қиладилар: “Ўнг кафтларини ўнг тиззаларига, чап кафтларини чап тиззаларини устига қўйиб бармоқлари билан ишора қилар эдилар”.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллолоҳу алайҳи васаллам намозда, яъни ташаҳҳудга ўтирсалар ўнг қўлларини ўнг тиззаларини устига чап қўлларини чап тиззаларини устига қўйиб кўрсаткич бармоқларини кўтариб ишора қилардилар. Чап қўллари тиззаларини устида турар эди”. Ушбу ҳадисга саҳобалар, тобеъинлар амал қилиб, ташаҳҳудда ишорани ихтиёр қилдилар. Аҳмад Нофиъдан ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо намозда ташаҳҳудга ўлтирсалар икки қўлларини икки тиззаларига қўйиб бармоқлари билан ишора қилиб, ишора қилган бармоқларига қараб турар эдилар, сўнг Расулуллоҳ саллалоҳуалайҳи васаллам: “Бармоқ билан ишора қилиш шайтонга темирдан ҳам шиддатлироқ”, дердилар.
Алий Қорий “Тазйинул ибора таҳсинул ишора” китобларида ушбу ҳадисни шарҳлаб айтадиларки, “Бармоқ билан ишора қилиш урушда темир қуролни ишлатишдан ҳам қийинроқдир, гўё тавҳидга ишора қилиш билан шайтон мўмин бандани адаштириши, ширкка олиб боришдан бўлган умидини кесади”.
Имом Суютий “Жомеъул кабир” китобларида Уқба ибн Омирдан ривоят қиладилар: “Киши намозида ишора қиладиган ҳар бир ишорасига ўнта ҳасанот ёзилади”, дедилар.
Ибн Обидийн “Рафъул тараддуд” номли китобларидаги «ишораи саббоба» ҳақида ворид бўлган ҳадислар, олти саҳиҳ китобларнинг ҳаммасида зикр қилинган. У ҳадисларни ҳаттоки, маънавий мутовотир дейиш дуруст бўлади деганлар.
«Ишораи саббоба» қилиш борасида саҳобалар, уларга эргашган тобеъинлар ихтилоф қилмадилар. Имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки шогирдлари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳамммад, Имом Молик, Имом Шофеий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳамда мутақаддим уламолар «ишораи саббоба» суннат эканлигига иттифоқ қилишган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, «ишораи саббоба»ни ташаҳҳудга ўтирганда, дуони ўқиб “Ашҳаду анна...” деганда намозхон ўнг қўлни кўрсатгич бармоғини кўтаради, “иллаллоҳ” деганда туширади. Ташаҳҳуд дуосини аввалидан қўлни қимирлатиб туриш дуруст эмас. Шуни такидлаш лозимки, «ишораи саббоба» ривоятларидан бехабар бўлиб, бу амални қилмаган намозхонни асло маломат қилинмайди.
Наманган шаҳар "Мулла Бозор Охунд" жоме масжиди
имом ноиби Анвархон Акрамов
Манба: @Softalimotlar