#xabar #ramazo #vatandoshlar #iftorlik
Муборак Рамазон ойи муносабати билан дунёнинг турли давлатларида яшаб меҳнат қилаётган ватандошлар иштирокида юртимиздан борган уламолар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар, ифторлик дастурхонлари ҳамда таровеҳ намозлари давом этмоқда.
Россиянинг Москва шаҳрида “Ўзбекистон куни” доирасида ифторлик дастурхони ёзилиб, унга 500 нафарга яқин ватандошлар таклиф этилди. Тадбирда Рамазон ойининг фазилатлари, биродарлик, меҳр-мурувват ва ўзаро ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятлар ҳақида маъруза қилинди.
АҚШнинг Орландо шаҳридаги Имом Бухорий марказида ҳам навбатдаги суҳбат ўтказилиб, таровеҳ намози адо этилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Инсон қадри” номли китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда 250 нафарга яқин иштирокчи қатнашди. Маърифий суҳбат давомида тарбиянинг аҳамияти ва бошқа мавзуларда савол-жавоблар бўлиб ўтди.
Финландиянинг Ҳелсинки шаҳридаги Ўзбек маданияти марказида ҳам ватандошлар учун ана шундай тадбирлар ташкил этилди. Унда ватандошларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилиб, “Аёллар – Аллоҳнинг омонати”, “Ватан саждагоҳ каби улуғдир” каби мавзуларда маърузалар қилинди. Тадбирда 160 нафарга яқин ватандошимиз қатнашди.
Шунингдек, Жанубий Кореянинг Геонгсан шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжидида ватандошлар иштирокида таровеҳ намози адо этилди. Унда асосан талабалардан иборат 150 нафарга яқин намозхон иштирок этди. Намоздан сўнг “Рамазон – саховат ойи” мавзусида суҳбат ташкил этилди.
Бундай хайрли тадбирлар хориждаги юртдошларда она Ватанга муҳаббатни янада ошириш, улар ўртасида бирдамликни мустаҳкамлаш, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тадбирни Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов очиб бериб, мазкур беллашув диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, улар ўртасидаги жамоавий ҳамжиҳатликни оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан жамланган жамоалар қизғин ва муросасиз баҳслар олиб борди. Иштирокчилар Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, ислом тарихи, шунингдек, мамлакатимиз қонунчилиги ва миллий қадриятларга оид саволлар орқали ўзларининг интеллектуал салоҳияти ҳамда тезкор фикрлаш қобилиятларини намоён этдилар.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, энг билимдон жамоалар ғолибликни қўлга киритди:
1-ўрин — Жалақудуқ тумани;
2-ўрин — Қўрғонтепа тумани;
3-ўрин — Хўжаобод тумани.
Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакиллигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Илм-маърифат йўлида беллашган барча иштирокчиларни муборакбод этиб, уларнинг келгуси хайрли фаолиятларида Аллоҳ таолодан барака ва зафарлар тилаймиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Андижон вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати