#xabar #muftiy
Жорий йилнинг 24 март куни Швеция парламентида Ўзбекистоннинг диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлари, бағрикенглик муҳити ва миллатлараро ҳамжиҳатлик борасида амалга ошираётган ишларига бағишланган семинар-тақдимот ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, тарих фанлари доктори, профессор Давронбек Махсудов, шунингдек, юртимиздаги диний конфессия етакчилари, элчихона ва соҳа вакиллари иштирок этишди.
Швеция томонидан эса, парламент аъзолари, элчилар, маданият маркази вакиллари, илмий-тадқиқот институтлари мутахассислари, экспертлар, ватандошлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари – жами 120 нафар иштирокчи қатнашди.
Тақдимотда давлатимиз томонидан диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш, турли миллат ва элатлар ўртасида дўстликни янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар, диний конфессия вакиллари ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар ҳамда илгари сурилган эзгу ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганига урғу қаратилди.
Семинарда Ўзбекистонда сўнгги йилларда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу йўлда аҳолининг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, ёш авлодни турли бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб қолишдан сақлаш бўйича мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилаётгани баён этилди.
Семинар асносида хорижлик мутахассислар ва иштирокчилар билан қизғин савол-жавоблар бўлиб ўтди. Халқаро ҳамжамият вакилларини қизиқтирган саволларга соҳа масъуллари томонидан асосли жавоблар берилди.
Халқаро семинар иштирокчилари Ўзбекистондаги динлараро мулоқот, бағрикенглик муҳити ва тинчликсеварлик сиёсати нафақат минтақа, балки бутун дунё учун намуна эканини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Бухоро вилоятида жамиятда миллий-диний қадриятларни мустаҳкамлаш, эл-юрт маънавияти ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган диний-маърифий соҳа ходимларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига мувофиқ, диний соҳада самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ айём билан самимий қутлади ва давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Шунингдек, байрам муносабати билан вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида соҳа фидойиларига махсус ваучерлар тақдим этилди. Тадбирда сўз олганлар давлатимиз томонидан маънавий-маърифий соҳа ходимларига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов томонидан вилоят вакиллиги тасарруфида самарали хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ диний соҳа ходимларига ташаккурномалар топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтган маросимларда бундай юксак эътибор ва эҳтиром соҳа фидойиларини эл-юрт фаровонлиги ва динимиз софлигини тарғиб этиш йўлидаги хайрли фаолиятга янада куч-ғайрат билан киришишга руҳлантириши таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати