Мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Бухородаги тарихий обидаларни зиёрат қилмоқда.
Қадимий Бухоро азалдан ўзининг беназир тарихий, меъморий ва маданий бойликлари билан машҳур бўлиб, асрлар давомида фан, ислом илми ва маънавият марказларидан бири сифатида танилган. Ёши 2,5 минг йилдан ошган шаҳарнинг тарихий марказига 1993 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объекти мақоми берилган.
Олий мартабали меҳмон дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди.
Мажмуа ислом оламининг улуғ қадамжоларидан бири ҳисобланади. Мазкур зиёратгоҳ Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган жойда барпо этилган бўлиб, бугунги кунда мақбара, хонақоҳ, масжидлар, дахма ва сўфийлик тарихи музейини ўз ичига олади. Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг эзгу тамойили – “Дил ба ёру, даст ба кор” шиори инсонни меҳнатсеварлик ва руҳий покликка даъват этиши алоҳида таъкидланди.
Сўнг Сомонийлар мақбарасига ташриф буюрилди. Ушбу меъморий ёдгорлик Марказий Осиёда пишиқ ғиштдан бунёд этилган энг қадимий иншоотлардан бири ҳисобланади. У IX аср охири – X аср бошларида Сомонийлар давлати асосчиси ва биринчи ҳукмдори Исмоил Сомоний томонидан сулолавий мақбара сифатида қурилган.
Унинг меъморий қиёфасида нафақат ислом, балки исломдан аввалги давр анъаналари, жумладан, суғд маданиятига хос нақшлар ҳам ўз аксини топган. Таъкидланганидек, қуёш нурларининг тушишига қараб, мақбара нақшлари турлича жилоланади, бинонинг куб ва гумбаз шаклидаги композицияси эса Ер ва Осмон уйғунлигини рамзий ифода этади.
Қалинлиги қарийб икки метрга етадиган деворлар ҳамда юқори сифатли ғишт терими туфайли ушбу ноёб ёдгорлик бугунги кунгача яхши сақланиб қолган.
Мақбараларга зиёрат чоғида Қуръон тиловат қилиниб, ўтганларга раҳмат, юртимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб, дуо қилинди.
President.uz
Маросим Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта конференц-залида ўтказилди. Тадбир иштирокчиларига «Жаҳон жамоатчилигининг Ислом цивилизацияси марказига нигоҳи» махсус фильми намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Президенти матбуот котиби, Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари Шерзод Асадов табрик сўзи билан иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси маслаҳатчиси Музаффар Комиловнинг форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими Раҳматулла Арзиев ўқиб эшиттирди.
Форум иштирокчиларига йўлланган қутлов сўзларида хорижий меҳмонлар ва медиа ҳамжамияти вакилларига миннатдорлик билдирилди. Форумнинг профессионал мулоқот, халқаро ҳамкорлик ва Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини илгари суриш майдони сифатидаги аҳамияти таъкидланди.
Маросимнинг асосий воқеаларидан бири Euronews бош директори ва бош муҳаррири Клаус Штрунцнинг «Янги яқинлик: маданият, медиа ва ғоялар орқали Европа ва Марказий Осиёни бирлаштириш — Ислом цивилизацияси маркази глобал ахборот маконида» мавзусидаги махсус маърузаси бўлди.
Штрунц ислом цивилизациясининг тарихий, илмий, маънавий ва маданий меросини замонавий медиа форматлар орқали жаҳон аудиториясига етказиш, шунингдек, Европа ва Марказий Осиё ўртасида ахборот алмашинувини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, медиа воситалари турли мамлакатлар ва жамиятлар ўртасида нафақат ахборот алмашинувини таъминлаши, балки мулоқот учун кўприклар ҳам қуриши керак.
«Медиа воситалари фикрлар ва янгиликлар алмашинуви учун кўприклар қуриши мумкин ва қуриши шарт. Ахир медиа коммуникациясининг моҳияти ҳам айнан шунда — кўприклар қуришда. Бугун бу ерда, қадимий Ипак йўлида, келажагимиз учун айнан шу жараён содир бўлмоқда», — деди Клаус Штрунц.
Euronews раҳбари Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги ахборот маконини янада яқинлаштиришни тарихий Ипак йўли анъаналари билан қиёслади. Унинг таъкидлашича, минтақалар ўртасидаги замонавий медиа алоқалар иқтисодий, маданий ва ижтимоий ҳамкорликнинг янги имкониятларини ҳам очиши мумкин.
«Ипак йўлида ахборот оқими қандай кечган бўлса, бир-биримиз билан мулоқот қилиш, бир-биримизнинг тилимизни тушуниш ҳам шундай бўлсин. Бу оддий техник жараёндан кўра кенгроқ тушунча. Бу ҳақиқий ҳамкорликнинг янги кўриниши, келажакдаги бутун иқтисодий тараққиёт учун ҳаракатлантирувчи куч бўладиган янги ахборот маконидир», — деди у.
Клаус Штрунц, шунингдек, Ўзбекистонда ёш авлоднинг катта улушга эга эканини алоҳида қайд этиб, бу мамлакатнинг келажаги учун улкан имконият эканини таъкидлади. У турли мамлакатлар ёшларини бирлаштирувчи медиа ва маданий лойиҳаларни амалга ошириш таклифини илгари сурди.
Унинг фикрича, турли соҳалар — спорт, илм-фан, таълим ва маданият вакилларидан иборат ёшларни бир жойга тўплаб, уларнинг тажриба алмашинуви, ҳужжатли фильмлар суратга олиши ва қўшма лойиҳаларда иштирок этиши учун имконият яратиш мумкин. Бундай ташаббуслар орқали мамлакатлар ва минтақалар ёшлари ўртасида янги алоқаларни шакллантириш мумкин.
«Бу фақат чиройли нутқларда эмас, балки аниқ ва амалий лойиҳаларда ўз ифодасини топиши керак», — деди Euronews бош директори.
Штрунц медиа соҳасидаги инновациялар ҳам айнан шу мақсад — ўтмиш меросини асраб, келажакни биргаликда яратишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.
«Энг муҳими, медиа доимо инновацияларни ҳаракатга келтирувчи куч бўлиши керак. Аммо бу инновациялар бугун мен эшитган ажойиб мақсадга хизмат қилиши лозим: медиа соҳасида инновацияларни илгари суриш, қалбимизда ўтмишни асраб, келажакни яратиш», — деди у.
Euronews раҳбари форумда иштирок этишни медиа соҳасининг жамият олдидаги масъулияти билан боғлади. Унинг таъкидлашича, журналистика ва медиа фаолияти фақат бизнес ёки касб эмас, балки турли жамиятларни яқинлаштиришга хизмат қиладиган муҳим вазифадир.
«Ушбу ноодатий тадбирда медиа ҳамкор сифатида иштирок этаётганимиздан фахрланамиз. Биз учун бу шунчаки бизнес эмас, оддий касб ҳам эмас. Бу — ўз бурчимиз ва даъватимиздир», — деди Клаус Штрунц.
Шу тариқа, форумнинг очилиш маросимида медиа соҳасининг замонавий вазифалари, халқаро ахборот ҳамкорлигини ривожлантириш, маданий меросни янги форматларда жаҳон аудиториясига тақдим этиш ва турли минтақалар ўртасида янги ахборот кўприкларини барпо этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, WOSCU Бошқарув раиси Фирдавс Абдухалиқов «Ислом цивилизацияси маркази — янги турдаги маданий-маърифий медиа платформа» мавзусида махсус маъруза қилди.
Абдухолиқов Марказ концепциясини тарихий мерос, илм-фан, музей иши ва янги медиаларни бирлаштирувчи замонавий халқаро майдон сифатида тақдим этди. У ислом цивилизацияси мероси ҳужжатли фильмлар, телевизион лойиҳалар, рақамли реконструкциялар, мультимедиа ва иммерсив экспозициялар, шунингдек, нашриёт ташаббусларида қандай янги талқин касб этаётгани ҳақида маълумот берди. Марказнинг халқаро медиа лойиҳалари, дунёдаги етакчи оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги, шунингдек, тарихий меросни ўрганиш ва оммалаштиришда сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маросим иштирокчиларига, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази ҳақида презентацион ролик намойиш этилди.
Халқаро медиафорумда 50 та давлатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафарга яқин вакили иштирок этмоқда. Улар орасида халқаро телеканаллар ва ахборот агентликлари раҳбарлари ҳамда вакиллари, журналистлар, ноширлар, кинематографистлар, олимлар, тадқиқотчилар ва рақамли технологиялар соҳаси мутахассислари бор.
iccu.uz