Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани "Тўғоной ота" жоме масжиди имом-хатиби Оғабек домла Шомуродовнинг падари бузрукворлари Илҳомбой отанинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, барча саҳву хатоларини кечириб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!
Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Зиннийра розияллоҳу анҳо Абу Жаҳлнинг қули эди. У зот иймон келтирганида, Абу Жаҳл бундан хабар топиб, уни жуда қаттиқ азоблайди. Зиннийра катта ёшда бўлишларига қарамасдан, аянчли азобларга бардош берадилар. Чунки у зот иймон келтирсалар қандай машаққатлар бўлишини яхши билганлар. Абу Жаҳл у зотнинг тилидан куфр калимаси чиқмаётганини кўриб дарғазаб бўлади ва бошларига қаттиқ нарса билан уради. Бунинг натижасида Зиннийра розияллоҳу анҳунинг кўзлари кўр бўлиб қолади. Шунда кофирлар “сен бизнинг бутларимизга сиғинишни тарк этганинг учун уларнинг ғазабига дучор бўлдинг”, деб мазах қилишади. У зот шунча қийинчиликларга чидайдилар, машаққатларга бардош берадилар лекин Аллоҳнинг шаънига бўлган бу сўзларига чидаб туролмайдилар.
Дарҳол саждага йиқиладилар ва ҳақиқий маъбудга ўз ҳолларини шикоят қиладилар: “Ё Аллоҳим! Улар мени жуда кўп қийноқларга солишди, таъна-маломатлар қилишди, уларнинг барчасига чидадим. Менинг суякларимни синдиришди, жисмимни илма-тешик қилишди барчасига бардош бердим. Лекин, Сенинг шаънингга нолойиқ сўзларни сўзлашганига чидай олмадим. Уларнинг айтишича, тошдан ясалган бутлари мени кўр қилиб қўйган эмиш. Аллоҳим! Менинг кўз нуримни қайтаргин, токи уларга сенинг улуғлигинг намоён бўлсин”.
Зиннийра розияллоҳу анҳо дуога кўтарган қўлларини юзларига тортмасдан туриб, Аллоҳ таоло у зотга кўз нурларини қайтариб берди. Субҳаналлоҳ! У даврдаги эркаклар қанчалик мард бўлсалар, аёлларининг ҳам қалбида илоҳий ишқ жазбалари лиммо-лим эди.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Илоҳий ишқ" китобидан Нодир Одинаев таржимаси