Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсинким, юртимизда кейинги йилларда маънавий ҳаётимиз юксак поғоналарга кўтарилиб, муқаддас динимиз қадриятларига эътибор тобора ортиб бормоқда. Ана шундай улуғ ва тарихий воқеалардан бири – Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилиб, фойдаланишга топширилиши халқимиз учун чинакам улкан маънавий байрам, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бу муҳташам маскан юртимизнинг бой тарихи, бебаҳо маънавий мероси, асрлар давомида шаклланган илм-маърифат анъаналарининг ёрқин тимсоли сифатида барпо этилди. Зеро, муқаддас динимиз инсонни доимо илмга, маърифатга, эзгулик ва комилликка чорлаб келади. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган оятидаёқ “Иқро!”, яъни “Ўқи!” деб амр қилингани ҳам бу йўлнинг нақадар улуғ ва шарафли эканини кўрсатади. Марказнинг Улуғбек дарвозаси пештоқига ушбу муборак оят муҳрлаб қўйилгани замирида ҳам мана шундай чуқур маъно-мазмун мужассам.
Президентимиз таъкидлаганидек, биз юртимизда ривожланган давлат, эркин жамият пойдеворини бунёд этиш учун, энг аввало, илм ва илм, таълим ва яна бир бор таълим деган олий мақсадни ҳаётимизга жорий этмоқдамиз. Шу маънода, Ислом цивилизацияси маркази нафақат аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни ўрганиш ва тарғиб этишга хизмат қиладиган илмий-маърифий даргоҳ, айни вақтда ўтмиш ва бугунни, анъана ва тараққиётни, маънавият ва замонавийликни ўзаро уйғунлаштирган нодир маскан бўлишига иймонимиз комил.
Юртимиз замини азал-азалдан илм-маърифат, заковат ва юксак маданият бешиги ўлароқ дунё тамаддунида алоҳида ўрин тутади. Мовароуннаҳр диёрида етишиб чиққан буюк алломалар, муҳаддислар, муфассир ва мутафаккирлар инсоният тамаддунига беқиёс ҳисса қўшганлар. Уларнинг илмий мероси асрлар давомида нафақат ислом олами, балки жаҳон илм-фани тараққиётига улкан таъсир кўрсатган. Айниқса, ҳадис илмининг султони бўлган Имом Бухорий, буюк муҳаддис Имом Термизий, ақида илмининг забардаст намояндаси Имом Мотуридий, шунингдек, астрономия, тиббиёт, математика ва бошқа фан соҳаларида юксак натижаларга эришган Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби улуғ зотларимиз номи жаҳон илм осмонида ёрқин юлдузлар каби порлаб турибди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Илм излаш ҳар бир мусулмон учун фарздир”, деган муборак ҳадислари ҳам бу йўлнинг нақадар муҳим эканини яна бир бор тасдиқлайди. Шу боис, юртимизда илмга ҳурмат, улуғ зотларга эҳтиром ва улар қолдирган улкан меросни асраб-авайлаш азалий қадриятларимиздан. Ислом цивилизацияси маркази барпо этилгани эса аждодларимиз қолдирган ана шу бебаҳо илмий ва маънавий дурдоналарни янада чуқур ўрганиш, кенг тарғиб этиш, жамоатчиликка ва келажак авлодларга безавол етказиш йўлида муҳим қадам бўлди.
Муҳташам масканга қадам қўйган ҳар бир инсон, аввало, аждодларимиз қолдирган бебаҳо мерос, уларнинг беқиёс илмий ва маърифий фаолияти, бу ерда жамланган манбалар, қўлёзмалар ва илмий экспозициялар билан танишар экан, қалбида ўзига хос ифтихор ва масъулият туйғуси уйғониши табиий. Президентимизнинг “Ушбу марказ маънавий-маърифий йўналишдаги фаолиятимиз учун фундаментал база бўлади. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси талабалари юқори курсларни шу ерда ўқийди, ўқитувчи-домлалар эса ўз билим ва малакасини оширади. Марказ ёшларимиз орасидан янги хоразмийлар, беруний ва улуғбеклар, фарғоний ва ибн синолар, бухорий ва термизийлар етишиб чиқиши учун мустаҳкам маънавий майдон бўлиши керак”, дея ишонч билдириши бежиз эмас, албатта. Демак, марказ ўз моҳияти ва мазмуни билан ўтмиш ва бугунни ўзаро боғлаб турган маънавий кўприк вазифасини бажармоғига шубҳа йўқ. Айниқса, марказда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига оид бой тарихий ва илмий манбалар жамлангани юртимиз заминида кечган буюк Уйғониш даврларининг мазмун-моҳиятини чуқур англаш имконини беради. Бу, ўз навбатида, бугунги кунда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси нақадар мустаҳкам илдизларга эга эканининг яққол намоёнидир.
Муқаддас Қуръон зали эса ушбу муҳташам масканнинг ҳақиқий қалби сифатида алоҳида маънавий-руҳий аҳамият касб этади. Чунки бу ерга бутун инсоният учун ҳидоят манбаи бўлган илоҳий калом — Қуръони каримнинг энг қадимий ва нодир нусхаларидан бири бўлган мўътабар Усмон Мусҳафи жойлаштирилган. Ушбу муқаддас китоб асрлар давомида турли замон ва маконлар оша неча-неча тарихий синовларга гувоҳ бўлган бебаҳо меросдир. Айрим манбаларда қайд этилишича, XIV аср охирларида Амир Темур томонидан Самарқандга олиб келинган ушбу Мусҳаф бир неча аср давомида асраб-авайланган.
Кейинги йилларда Усмон Мусҳафи Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Мўйи муборак мадрасасида сақланиб келди. Аллоҳнинг инояти ва юртимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2025 йил 13 ноябрь куни бу ноёб ва муқаддас китоб Ислом цивилизацияси марказининг муқаддас Қуръон залига олиб келиниб, ўзининг юксак мақомига муносиб шарофатли ўринга қўйилди. Бу эса, шубҳасиз, юртимизда муқаддас динимизга, унинг илоҳий манбасига бўлган юксак эҳтиром ва садоқатнинг ёрқин ифодасидир.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур Мусҳаф марказда Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан бир маконда жойлаштирилди. Бу қарорда ҳам чуқур маъно мужассам: илоҳий калом билан диний идора фаолиятининг бир-бирига уйғун ҳолда бўлиши ислом анъаналарига тўла мутаносибдир.
Шунингдек, Президентимиз топшириғига биноан, ушбу зал деворларида Қуръони карим оятлари туширилган саккизта ипак гиламнинг тўрт равоқда жойлаштирилгани ҳам залнинг маънавий муҳитини янада бойитган. Бу гиламлар гўёки илоҳий каломнинг гўзал ифодаси сифатида қалбларга нур улашади, инсонни тафаккурга, ибрат олишга чорлайди. Зеро, Қуръони каримда: “Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур”, деб марҳамат қилинган. Дарҳақиқат, бу муқаддас китоб инсоният учун ҳидоят, қалблар учун шифо, ҳаёт учун дастурдир. Бундай муқаддас масканда бўлиш инсонни ўз-ўзидан тафаккурга чорлайди, қалбида шукр, ихлос ва эзгуликка интилиш туйғуларини уйғотади.
Яна бир масала хусусида ҳам тўхталиб ўтишимиз жоиз. Юртимизда амалга оширилаётган ана шундай улуғ ишлар, барпо этилаётган маънавият масканлари, қайта тикланаётган муқаддас қадамжолар ва бунёдкорлик ишларининг барчаси халқимизнинг қалбида шукр, ифтихор ва умид туйғуларини янада мустаҳкамлаётганининг шоҳиди бўлиб турибмиз. Яратган Роббимизга ҳамдлар бўлсинким, ана шундай хайрли ишлар юртимизда кенг қулоч ёймоқда. Минглаб, миллионлаб юртдошларимиз бугун қўл очиб, Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, эзгу ишлар бардавом бўлиши учун дуо қилмоқдалар. Бу дуолар, иншааллоҳ, ижобат бўлиб, диёримизда янада кўпроқ барака ва файз-зарафшонлик қарор топади.
Шу ўринда барча уламо ва мўмин-мусулмонлар номидан юртимизда маънавий-маърифий соҳадаги улкан ислоҳотлар, муқаддас қадамжоларни обод этиш, ислом қадриятларини асраб-авайлаш йўлида кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик изҳор этамиз. Бу каби эзгу ишлар, шубҳасиз, халқимиз қалбида чуқур эҳтиром ва розилик туйғуларини уйғотмоқда.
Аллоҳ таолодан мана шундай муборак Ҳайит айёмларида дуо қилиб сўраймиз, юртимиз тинч ва осойишта бўлсин, халқимиз фаровон ва бахтли яшасин, амалга оширилаётган барча хайрли ишларга Ўзи барака ато этсин. Юртимизга кўз тегмасин, эл-юртимиз осмони мусаффо, барчамизнинг эзгу ниятларимиз ижобат бўлсин. Аллоҳ таоло доимо диёримизни тинчлик ва хотиржамлик неъмати ила сийласин.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Шунча мўжизаларни кўриб ҳам баъзи одамлар иймон келтирмайдилар. Айримларга динга бўйин эгиш ёқмайди. Ҳамма нарса ўзининг хоҳишича бўлишини истайди. Аллоҳ таоло ўрнатган адолат ҳаммага ҳам ёқавермайди.
Иймон келтирмайдиганлар бошқаларнинг ҳаққини тортиб олиш эвазига бўлса-да, ҳузур қилиб қолишни маъқул кўрадилар. Бунинг учун эса ўзларига мос қонун-қоидалар ўйлаб топадилар. Ўзларига барча имтиёзларни бериб, қолганлардан тортиб олишга ҳаракат қиладилар. Бунинг учун эса аввало Аллоҳнинг борлигини инкор этишлари керак бўлади.
Айримлар неъматларга кўмилиб яшасалар ҳам неъмат берган Зотни унутадилар. Мол-дунёлари қаердан, қандай келди, бу ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Нафс балоси кўзларини кўр қилиб қўйган бўлади. Улар ўзларига ато қилинган неъматларнинг шукрини адо қилмайдилар, буни инкор этадилар.
Ҳамма нарсага ўз кучлари билан эришганларини, шунинг учун ҳам хоҳлаганча сарф қилишларини айтиб, аслида ҳақиқий инъом қилувчи бўлган Аллоҳни инкор этадилар. Улар моддиятчи бўлсалар ҳам уларга айтадиган гапимиз бор: сизлар ҳеч бир нарса ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди дейсизлар. Қўлларингиздаги мол-дунёни ўзингиз қўлга киритганингизни айтасизлар. Ўз-ўзидан мол-дунё пайдо бўлмайди дейсизлар. Лекин нега шу эътиқодингиз бутун борлиққа келганда оқсайди? Нега бутун борлиқ ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлиши мумкин эмаслигини англамайсизлар? Аксинча борлиқни шунчаки тасодифан пайдо бўлиб қолган дейсизлар.
Бундай кимсалар бошланғич моддадан бутун олам яралган ва ривожланган дейдилар. Бироқ ўша моддани ким яратганини, қайси куч уни ҳаракатга келтирганини ўйлаб ҳам кўрмайдилар.
Ундайлар кўз ўнгида илоҳий мўъжиза содир бўлса ҳам иймон келтирмайдилар. Ҳатто ғарб мамлакатларида бугунги кунда илм-фан билан динни ажратиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунинг сабаби узоқ давом этган насронийлик динининг илм-фан билан чиқиша олмагани бўлиши ҳам мумкин.
Черковлар яқин-яқингача одамларни илм-фандан тўсиб келган. Ҳатто яҳудийларнинг муқаддас китобида келишича Одам алайҳиссалом еб қўйган мева маърифат дарахтининг меваси бўлиб, ундан ейиш жиноят саналган. Яъни илм-фан билан шуғулланиш уларда гуноҳ саналган. Бирор илмий кашфиёт қилганга Аллоҳнинг қаҳри келади деб билишган.
Мана шундай қарашлар сабаб черков ва олимлар ўртасида узоқ давом этган ва ҳозиргача таъсири билиниб турадиган урушлар юзага келган. Европада ўн бешинчи асрларда ернинг шарсимон эканлигини айтган одамларни тириклайин ёқишга ҳукм қилинган.
Аммо, Ислом динида бундай эмас. Одам алайҳиссалом жаннатда шайтоннинг васвасаси билан тақиқланган мевани еб қўйганлар. Натижада у ердан қувилганлар. Шайтон ҳозир ҳам дунё матоҳларини инсонларга зийнатлаб кўрсатади.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан