Югурдим хоҳишларим ортидан, улар этдилар мени қул,
Гар қилсам эди қаноат мен бўлардим ҳур, бўлмасдим бир пул.
Эътибор қилинг, қанчадан-қанча авлодлар алмашди, уларнинг бирортаси йиққан мол-дунёси, қурган қасрлари, эгаллаган мансабларини ўзи билан олиб кетди-ми? Йиққан олтин-у кумушлари билан дафн этилди-ми ёки охират диёрига ўзларининг машиналари-ю самолётлари билан кўчиб ўтишди-ми? Йўқ, албатта! Ҳатто кийимларидан ҳам маҳрум қилинишди ва қабрга фақатгина кафанлари билан киритилишди. Сўнгра улардан сўров бошланди: Роббинг ким? Пайғамбаринг ким? Дининг нима?
Шундай экан сиз ана шу кун учун тайёргарлик кўринг. Дунё матоҳларини деб маҳзун бўлманг, афсус чекманг. Чунки улар ўткинчи, сизнинг фақатгина солиҳ амалларингизгина қолади. Аллоҳ таоло айтади:
﴿مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ﴾
“Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз” (Наҳл сураси, 97-оят).
Шуъла: Касаллик – унда хушхабари бўлган мактуб, саломатлик эса бадали тўланиши керак бўлган безакдир.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ