Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуси билан юртимизда миллий спорт турларини кенг тарғиб қилиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳамда жисмоний фаолликни оширишга қаратилган муҳим тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Айниқса, миллий қадриятларимиздан бири бўлган кураш спортини оммалаштириш мақсадида диний соҳа вакиллари ўртасида мусобақалар ташкил этилаётгани аҳамиятлидир.
Жумладан, Фарғона вилоятида диний соҳа ходимлари иштирокида кураш бўйича мусобақанинг вилоят босқичи юқори савияда ўтказилди. Унда турли ёш ва вазн тоифаларидаги иштирокчилар беллашиб, ўз маҳорат ва жисмоний тайёргарликларини намоён этдилар. Мусобақалар қизғин ва муросасиз тарзда кечиб, иштирокчиларнинг ғалабага бўлган интилиши, матонати ва спортга бўлган муҳаббати яққол намоён бўлди.
Якуний натижаларга кўра, ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, уларга дипломлар ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Фурсатдан фойдаланиб, мусобақанинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритган барча ғолибларни самимий муборакбод этамиз. Уларнинг кейинги босқичларда ҳам юқори натижаларга эришиб, вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишларини тилаб қоламиз.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати