#xabar #hamkorlik
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаментининг бошлиғи, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, профессор Даврон Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, шунингдек, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси масъул ходимларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Миср Араб Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Дастлаб Музаффар Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари ўринбосари, бош имом ўринбосари ва Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби Доктор Муҳаммад Абдурраҳмон ад-Дувайний билан учрашув ўтказди. Унда “Ал-Азҳар” мажмуаси раиси ва “Ал-Азҳар” битирувчилари бутунжаҳон ташкилоти кенгаши раиси ўринбосари доктор Салама Довуд, Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби Доктор Муҳаммад ал-Жундий ва бир қатор давлат арбоблари ҳамда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси вакиллари иштирок этди.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги илмий тадқиқот соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Музаффар Камилов ад-Дувайний билан ўзбекистонлик талабаларни Ал-Азҳарга қабул қилишни осонлаштириш мақсадида таълим, тарғибот ва ўқитиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма илмий дастурларни ташкил этиш ва Ўзбекистондаги таълим сертификатига тенглаштирилиши соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш йўлларини муҳокама қилди.
Шунингдек, Имом Мотуридий илмий меросини биргаликда тадқиқ этиш, экстремизмга қарши курашда ўзаро тажриба алмашиш ва биргаликда илмий анжуманлар ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича махсус ишчи гуруҳнинг хулосалари соҳа мутасаддиларига тақдим этиши белгиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Кулол-Қўрғон" жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Муҳаммадиев халқаро миқёсда ўтказилган "Илм-фан фидойиси" илмий-амалий кўрик-танловида ғолиб деб топилди.
Имом-домламизнинг қаламига мансуб "Ғанимат фурсат" номли илмий-маърифий мақоласи юқори баҳоланиб, жамият тараққиётига қўшган муносиб ҳиссалари учун у киши “Илм-фан фидойиси” эсдалик кўкрак нишони билан тантанали равишда тақдирландилар.
Баҳодир домлани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаймиз!
Аллоҳ таоло домламизнинг илмларини бунданда зиёда қилсин, динимиз ва эл-юртимиз ривожи йўлидаги ижодий ва илмий фаолиятларига барака берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати