Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” ташаббуси доирасида навбатдаги амалий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур мулоқотда асосий урғу жамият барқарорлиги ва ёшлар тарбиясига қаратилди.
Вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов иштирокчилар билан суҳбатда мамлакатимиздаги диний-маърифий ислоҳотлар ва ўзаро ҳамжиҳатликнинг аҳамиятига тўхталди.
Тадбир фақат маърузалар билан чекланиб қолмай, юксак инсоний фазилат — саховат тадбирига уланиб кетди. Жумладан, ҳудуддаги эҳтиёжманд ва бемор оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ҳамда маънавий ёрдам кўрсатилди.
Бу каби хайрли ишлар аҳоли орасида меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати