Бухоро туманида “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” ташаббуси доирасида кенг қамровли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. “Имом Бухорий” жоме масжидида бошланган мулоқотларда вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов, диний соҳа ходимлари, отинойилар ва маҳалла фаоллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида тузилган ишчи гуруҳлар ҳудуддаги 6 та масжид ва 20 та маҳаллага бириктирилиб, хайрли амаллар амалга оширилди. Жумладан, нуронийлар ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, беморларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди. Шунингдек, низоли ва муаммоли оилалар билан ўтказилган суҳбатлар натижасида бир нечта хонадонларда ярашувга эришилди.
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида масжид ҳовлисига манзарали ва мевали кўчатлар экилган бўлса, “Ғунча” болалар боғчасига уюштирилган ташриф жажжи болажонларга ҳақиқий байрам қувончини улашди. Бу каби тадбирлар жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Naqshband.uz
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Наманганда эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
“Меҳр-саховат” маърифий тадбири доирасида соҳа ходимлари шаҳардаги 125 та хонадонга ташриф буюриб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатдилар. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида кўрсатилган ушбу кўмак кўнгилларга илиқлик, юзларга табассум улашди.
Дилдан кечган самимий суҳбатлар ва кўтарилган дуолар юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати