Шоҳ Фазлур Раҳмон Ганжмурод Ободий Нақшбандия силсиласининг улуғ шайхларидан эдилар. Кунларнинг бирида у зотнинг ҳузурларига Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ келадилар. Шунда ҳазрат у кишига: “Эй! Ашраф Али қачон сажда қилсам, Аллоҳ мени севишини ҳис қиламан. Агар Қуръон ўқисам, худди Аллоҳ таоло билан суҳбатлашаётгандек бўламан. Мен бундан шундай лаззат топаманки, агар жаннатда ҳурлар менинг олдимга келсалар, уларга: “Хонимлар, менга озгина Қуръон ўқиб беринглар”, дейман.
Субҳаналлоҳ! Қаранг, Аллоҳнинг валий бандалари ибодатдан қанчалик лаззат олишган!
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг "Илоҳий ишқ" китобидан
Нодир Одинаев таржимаси
Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:
«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».
Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати