Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Январ, 2025   |   22 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:43
Пешин
12:40
Аср
15:46
Шом
17:30
Хуфтон
18:47
Bismillah
22 Январ, 2025, 22 Ражаб, 1446

Муфтий ҳазрат: Мазҳабга эргашиш ихтилофлардан сақлайди! (2-қисм)

11.03.2023   924   1 min.

Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ушбу мавзудаги чиқишлари давомида машҳур саҳоба Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳунинг ижтиҳод қилиш (ҳукм чиқариш) бобидаги ҳозиржавобликлари Расул алайҳиссаломни жуда ҳам хурсанд қилгани баён этилади.
Мужтаҳид уламолар Қуръон ва ҳадисга таяниб ижтиҳод қилганлари ҳамда бир вақтда барча зарур илмлар – тафсир, ҳадис, оятлар нозил бўлиш сабаблари, араб тили грамматикаси кабиларни пухта билганлари келтирилади.
Диёримизда асрлар давомида Ҳанафий мазҳабига амал қилингани, шунинг учун ўтмишда бундай ихтилофлар бўлмагани ҳақида сўз юритилади.
Ҳозирги кунда мазҳабни рад этадиган ёки тўртта мазҳабни қориштирадиганлар пайдо бўлаётгани афсус билан қайд этилади.
Ўтган асрнинг 90-йилларида диёримиздаги мазҳабсизлик оқибатида нохушликлар содир бўлгани, бир масжид жамоасида келишмовчиликлар юзага келгани, шу боис ҳам, бир мазҳабга эргашиш шаръий ва ҳаётий зарурат экани жонли мисоллар билан ифода этилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ВИДЕО
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳо

21.01.2025   1972   2 min.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳо

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жуда ҳам оз вақт яшаганлари ва эрта вафот этиб кетганлари туфайли у киши ҳақидаги маълумотлар оз ва бори ҳам ҳар хиллигини барча тарихчиларимиз таъкидлайдилар. Биз ҳам мазкур маълумотлардан хулоса чиқариб олишга ҳаракат қиламиз.

Зайнаб бинти Хузайма онамиз Маккаи Мукаррамада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлишларидан тахминан ўн уч йил аввал таваллуд топганлар.

У кишининг оталари Хузайма ибн Ҳорим ибн Абдуллоҳ ал-Ҳилолий деган одам бўлган, оналари Ҳинд бинти Авф ибн Ҳорис ибн Ҳамота ал-Ҳумайрия бўлган.

Зайнаб бинти Хузайма онамиз вояга етгач, Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳуга турмушга чиққанлар.

Ҳижратга амр бўлганда Зайнаб бинти Хузайма онамиз ҳам ҳижрат этиб келиб, ўз оиласи билан Мадинаи Мунавварада истиқомат қила бошлаганлар.

Бадр урушида Зайнаб бинти Хузайма онамиз ҳам ярадорларга қарашиб, фидокорлик кўрсатганлар.

Ҳижрий учинчи санадаги Уҳуд урушида у кишининг эрлари вафот этди. Шундан кейин Зайнаб бинти Хузайма ёлғиз қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу аёлга раҳмлари келиб, у кишининг иддаси чиққач, ўзларига хотин қилиб олдилар. У зот Зайнаб онамизнинг маҳрларига тўрт юз дирҳам бериб, Оиша онамизнинг ҳужралари ёнига у киши учун ҳужра қурдилар. Шундай қилиб, Зайнаб онамиз мўминларнинг онаси деган шарафга ноил бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб онамизнинг сабрлари, жасоратлари, Аллоҳнинг дини йўлидаги фидокорликларини ана шундай тақдирладилар.

Зайнаб онамизнинг лақаблари Уммул Масокин (Мискинларнинг онаси) эди. У киши мискинларга кўп яхшилик қилганлари сабабли мана шу лақабни олган эдилар.

Зайнаб бинти Хузайма онамиз нубувват хонадонида бир неча ой яшаганларидан кейин дорулбақога риҳлат қилдилар. Бу аламли ҳодиса ҳижрий тўртинчи сананинг охирги чорагида бўлди. Ўшанда у кишининг ёшлари ўттизда эди.

Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳонинг жанозаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўқидилар ва Бақийъ қабристонига дафн қилдилар.

Аллоҳ таоло Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳодан рози бўлсин!

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Мақолалар