Бани Исроилда бир содда одам Аллоҳ таолога бундай муножот қилаётган эди: “Ё Аллоҳим! Сенинг хотининг йўқ деб эшитганман, сенинг фарзандларинг йўқ экан. Сен менинг ҳузуримга келгин, токи мен сенинг хизматингни қилайин. Сенга кўйлаклар тикиб берайин, тотли, мазали овқатлар тайёрлаб берайин”. Мусо алайҳиссалом унинг олдидан ўтиб кетаётган эдилар. У содда одамни дуосини эшитиб дарғазаб бўлиб: “Эй Аллоҳнинг бандаси! Айтаётган сўзларинг Аллоҳ таолонинг шаънига нолойиқ сўзлардир, бундай беодобликни зинҳор қайтармагин!” дедилар. Шунда ҳалиги содда одам даҳшатга тушиб, титроқ босиб, кўзларидан ёшлар оқиб тавба қилди. Шу даражада қўрқиб кетдики, унинг бу қўрқиши Аллоҳ таолога хуш келди ва Мусо алайҳиссаломга ваҳий юборади. Буни шоир қўйидаги мисралар билан ажойиб тарзда ифодалаган.
Ту барои васл кардан омади,
На барои фасл кардан омади.
Таржимаси:
Сен васл учун келдинг,
Фасл учун келмадинг.
Нима учун? Шунинг учунки, унинг сўзлари зоҳирий тарзда хато бўлса ҳам, лекин, ботинда Аллоҳ таолога жуда кучли муҳаббати бор эди.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Илоҳий ишқ" китобидан Нодир Одинаев таржимаси
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати