Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Гоҳида инсонга бало ҳам бир неъмат бўлар,
Ва гоҳо Роббим неъмат билан имтиҳон этар.
Ибодатли, яхши бир ибодатли дўстимнинг аёли саратон касалига чалинди, уларнинг уч фарзанди бор эди. Дўстимга дунё тор келиб, ер зулматга айланиб қолди. Шунда уламоларнинг бири унга саҳарлари туриб ибодат қилиб, аёли учун истиғфор айтиб, замзам сувига қироат қилиб унга ичиришини маслаҳат берди. Аллоҳ таоло унинг йўлини дуо қилишга очиб қўйди. Аёли Қуръон ўқилган замзам суви билан жисмини тозалар, у эса аёли билан тонг саҳардан қуёш чиққунча, шом намозидан кейин хуфтонгача ўтириб биргаликда истиғфор айтиб дуо қилишарди. Шундай қилиб Аллоҳ таоло унинг касалига шифо берди, унга гўзал тери ва чиройли сочлар ато қилди. Улар эса истиғфор ва тунги намозга боғланиб қолишди.
Синглим, агар сиз касал бўлсангиз Аллоҳ томонга юринг, истиғфор, тавба ва дуони кўпайтиринг. Шунда тез орада сизни хурсанд қиладиган хушхабар келади. Чунки дуони фақатгина Аллоҳ таоло ижобат қилади, қийинчилик ва ёмонликларни У Зотгина аритади.
Шуъла: Ўтган ва бугунги кунларингизни ҳисоб-китоб қилинг. Чунки ҳаёт кетма-кет синовлардан иборат, инсон бу синовлардан ғолиб бўлиб чиқиши лозим.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Инсон танасидаги энг ҳайратли аломатлардан бири – унинг бармоқ изларидир.
Агар икки эгизак бир тухумдан яралган бўлса – зеро баъзи эгизаклар икки тухумдан, баъзилари эса бир тухумдан яралади – ҳатто шундай ҳолатда ҳам уларнинг бармоқ излари бир-биридан мутлақо фарқ қилади.
Бу ҳақиқатга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг азиз Китобида ишора қилиб шундай марҳамат қилади:
“Инсон Бизни, унинг суякларини жамлай олмас, деб ўйларми? Ҳа, Биз унинг бармоқ учларини ҳам асл ҳолига келтиришга қодирмиз” (Қиёмат сураси, 3–4-оятлар).
Замонавий илм-фан бармоқ изларида юзга яқин ўзига хос аломат борлигини аниқлади. Агар икки бармоқ изида ана шу юз аломатдан ўн иккитаси ўзаро мос келса, у ҳолда бу икки из бир инсонга тегишли деб қабул қилинади.
Тасодифан икки бармоқ изининг бир хил чиқиш эҳтимоли эса олтмиш тўрт миллиарддан биттадир. Яъни ер юзида олтмиш тўрт миллиард инсон яшаган тақдирда ҳам, шундагина бир жуфт бармоқ изининг ўхшаб қолиш эҳтимоли пайдо бўлади. Ҳолбуки, дунё аҳолиси 8 миллиардни ташкил этади, холос.
Бармоқ изларининг шакли ҳам фавқулодда мураккабдир. Унда ёйлар, эгри чизиқлар, бурилишлар, бурчаклар, тарқалишлар, майда чизиқлар, чуқурчалар ва тармоқланишлардан иборат ноёб тузилиш мавжуд.
Айрим тиббиёт муассасаларида бир бармоқ изи намойиш қилиниб, унинг остига ўн беш мингта бошқа бармоқ изи қўйилганида ҳам, улардан иккитаси ҳатто етти нуқтада ҳам мутлақ ўхшаш чиқмаган.
Бармоқ изи инсон она қорнида бўлганидаёқ, ҳомиланинг олтинчи ойида шакллана бошлайди ва инсон ўлгунига қадар ўзгармасдан сақланади.
Яна ҳам ҳайратлиси шуки, агар бармоқ учидаги тери бутунлай олиб ташланса, унинг ўрнида қайта ўсиб чиққан янги терида аввалги бармоқ изининг ўзи яна пайдо бўлади.
Айрим жиноятчилар бармоқ изларини йўқотиш учун жарроҳлик амалиётларини ўтказганлар. Улар бармоқ терисини кесиб ташлаб, бошқа жойдан олинган терини кўчириб ўтказганлар. Аммо орадан бир неча ой ўтгач, аввалги бармоқ излари яна қайта намоён бўлган.
Чунки бу – Аллоҳ таоло инсонга берган илоҳий муҳрдир. Уни башар қуввати йўқ қилиб ташлай олмайди.
Қиёмат куни Аллоҳ таоло инсонларни қайта тирилтирганида ҳам ана шу чизиқлар, чуқурчалар, тармоқлар ва майда белгилар яна аввалги ҳолига қайтарилади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ҳа, Биз унинг бармоқ учларини ҳам асл ҳолига келтиришга қодирмиз” (Қиёмат сураси, 4-оят).
Бу – Аллоҳ таолонинг буюк оятларидан биридир. Инсон ҳали она қорнида экан, бу нақшлар қандай яратилади? Кейин инсон ўлганидан сўнг Аллоҳ таоло уларни қандай қилиб яна аввалги ҳолига қайтаради?
Бу саволларнинг ўзи инсон қалбини тафаккурга, ақлни эса Яратувчининг қудрати ҳақида мулоҳаза қилишга чорлайди.
Замонавий илм-фан яна бир ҳайратли ҳақиқатни кашф этди: инсоннинг кўз гавҳари – яъни кўзнинг рангли қисми ҳам ҳар бир инсонда ўзига хос бўлиб, у ҳам шахсни аниқлашда бармоқ изи каби ноёб белги вазифасини бажаради.
Демак, инсон танасидаги ҳар бир аъзо, ҳар бир чизиқ, ҳар бир ҳужайра ва ҳар бир биологик белги – Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи тирик оятдир.
Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг
Қуръон ва суннатдаги
илмий мўъжизалар
энциклопедиясидан
Мир Араб олий мадрасаси
ўқитувчиси
Абдураҳмонов
Абдулҳодий
таржима қилди