Бугун, 30 апрель куни Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказида Диний идора раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов Татаристон мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари, академик Рафиқ Мухаметшович бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Самимий руҳда ўтган мулоқотда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, янги очилган олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда Қуръон курслари фаолияти алоҳида эътироф этилди.
Ўз навбатида, академик Рафиқ Мухаметшович Қозон ислом университети диний таълим йўналишида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш, хусусан, ўқув дастурлари ва адабиётларини алмашиш юзасидан муҳим таклифларини илгари сурди.
Учрашув давомида томонлар ўзаро алоқаларни тизимли ва босқичма-босқич ривожлантиришга келишиб олдилар.
Дўстона учрашув якунида ўзаро ҳадялар алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Наманган вилояти бош имом-хатиби, Уламолар кенгаши аъзоси Абдуллоҳ домла Саматов Поп туманидаги «Якка тут» ҳамда Мингбулоқ туманидаги «Гулбоғ» жоме масжидларида бўлди.
Ташриф давомида бош имом-хатиб мазкур масжидларда намозхонлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида қайта қурилаётган таҳоратхоналар ҳолати билан яқиндан танишди.
Қурилиш жараёнлари кўздан кечирилиб, барпо этилаётган замонавий таҳоратхоналарнинг сифатли, миллий меъморчилик анъаналари ва барча санитария-гигиена талабларига тўлиқ жавоб берадиган тарзда амалга оширилиши бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Шунингдек, ушбу хайрли ишларда фидойилик кўрсатаётган қурувчилар ва ҳисса қўшаётган юртдошларимиз ҳаққига дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати