Кеча, 6 май куни юртимизда узоқ йиллар хизмат қилиб, динимиз ривожи, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига беқиёс ҳисса қўшган меҳнат фахрийларини йўқлаш ва эъзозлаш тадбирлари бўлиб ўтди.
Ушбу хайрли тадбир доирасида тизимда кўп йиллар фаолият юритган фахрий уламолар ва хизматчи ходимлар ҳолидан хабар олиниб, уларга Диний идоранинг махсус миннатдорлик табрикномалари ва эсдалик ҳадялари топширилди.
Мазкур эътибор ва эҳтиромдан беҳад шод бўлган кексалар ўзлари меҳнат қилган пайтдаги хотиралар ҳамда бугунги имкониятлар даври ҳақида тўлқинланиб сўзлаш баробарида юртимиз тинчлиги ва халқимиз омонлигини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Таъкидлаш жоизки, Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан 2022 йили Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Фахрийлар кенгаши ташкил этилган эди. Мазкур хайрли ишдан кўзланган асосий мақсад фахрийларимизнинг бой тажрибасидан кенг фойдаланиш билан бир қаторда уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, сиҳатгоҳлар ҳамда муборак умра сафарига имтиёзли юбориш каби ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш саналади. Бугунги эзгу тадбир ҳам ана шу тизимли ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Дарҳақиқат, динимизда Ислом йўлида соч-соқоли оқарган кишиларнинг кўплаб фазилатлари баён этилган. Жумладан, буюк ватандошимиз Имом Термизий ривоят қилган муборак ҳадиси шарифда: “Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Инсонларнинг қайсиси афзал” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умри узоқ бўлиб, амали чиройли бўлгани”, дея марҳамат қилганлар. Шу маънода, диний соҳада фидокорона хизмат қилган фахрийларни эъзозлаш, уларнинг маслаҳат ва дуоларини олиш ҳам инсонийлик, ҳам диний қадриятларимизнинг гўзал намунаси ва савоби улуғ амаллардандир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ҳалол саноати йўналишидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат вакиллари Тошкент шаҳрида «Malaysia–Uzbekistan International Halal Fest 2027» халқаро форуми ва кўргазмасини ўтказиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Малайзиянинг «TWOJ CREATIVE SDN BHD» компанияси делегацияси томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳалол саноати экотизимини ривожлантириш, халқаро бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Режалаштирилаётган фестиваль доирасида:
Халқаро кўргазма, бизнес-форум ва B2B учрашувлари;
Ҳалол озиқ-овқат, туризм, молия ҳамда ишлаб чиқариш йўналишларига бағишланган махсус экспозициялар;
Инвестиция сессиялари, маданий дастурлар ва маҳсулотлар тақдимотларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг ҳалол маҳсулотлар бозоридаги салоҳиятини намойиш этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги экспорт имкониятларини яратишга хизмат қилади.
Музокаралар давомида Малайзиянинг JAKIM стандартлари асосида ҳалол сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, фермер ва тадбиркорлар учун ўқув-семинарлар ҳамда малака ошириш дастурларини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Томонлар фестивални юқори савияда ташкил этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, бизнес ҳамжамияти ҳамда тармоқ уюшмаларини жалб этган ҳолда қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу форум савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш, ҳалол саноати инфратузилмасини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим халқаро майдонга айланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати