Кеча, 6 май куни юртимизда узоқ йиллар хизмат қилиб, динимиз ривожи, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига беқиёс ҳисса қўшган меҳнат фахрийларини йўқлаш ва эъзозлаш тадбирлари бўлиб ўтди.
Ушбу хайрли тадбир доирасида тизимда кўп йиллар фаолият юритган фахрий уламолар ва хизматчи ходимлар ҳолидан хабар олиниб, уларга Диний идоранинг махсус миннатдорлик табрикномалари ва эсдалик ҳадялари топширилди.
Мазкур эътибор ва эҳтиромдан беҳад шод бўлган кексалар ўзлари меҳнат қилган пайтдаги хотиралар ҳамда бугунги имкониятлар даври ҳақида тўлқинланиб сўзлаш баробарида юртимиз тинчлиги ва халқимиз омонлигини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Таъкидлаш жоизки, Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан 2022 йили Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Фахрийлар кенгаши ташкил этилган эди. Мазкур хайрли ишдан кўзланган асосий мақсад фахрийларимизнинг бой тажрибасидан кенг фойдаланиш билан бир қаторда уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, сиҳатгоҳлар ҳамда муборак умра сафарига имтиёзли юбориш каби ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш саналади. Бугунги эзгу тадбир ҳам ана шу тизимли ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Дарҳақиқат, динимизда Ислом йўлида соч-соқоли оқарган кишиларнинг кўплаб фазилатлари баён этилган. Жумладан, буюк ватандошимиз Имом Термизий ривоят қилган муборак ҳадиси шарифда: “Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Инсонларнинг қайсиси афзал” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умри узоқ бўлиб, амали чиройли бўлгани”, дея марҳамат қилганлар. Шу маънода, диний соҳада фидокорона хизмат қилган фахрийларни эъзозлаш, уларнинг маслаҳат ва дуоларини олиш ҳам инсонийлик, ҳам диний қадриятларимизнинг гўзал намунаси ва савоби улуғ амаллардандир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон ва ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котибияти вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимизнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган мулоқотда маҳалла билан боғлиқ маданий анъана ва урф-одатлар, уларни халқаро даражада тарғиб қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котиби Фумико Охината ва Осиё-Тинч океани минтақаси учун масъул дастур мутахассиси Николас Тан мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси вакиллари маҳалланинг кўп асрлик тарихи, унинг жамият ҳаётидаги алоҳида ўрни ва миллий анъаналарни сақлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Учрашувда маҳалла Ўзбекистон халқи турмуш тарзининг ажралмас қисми экани таъкидланди. У инсонларни яхши қўшничилик, ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик ва катта авлод вакилларига ҳурмат тамойиллари асосида бирлаштиради.
ЮНЕСКО Котибияти вакиллари тақдим этилган материалларга катта қизиқиш билдирди. Улар Ўзбекистонда маҳалла билан боғлиқ шаклланган жамоат ҳаёти тартибининг ўзига хос хусусиятларини эътироф этди.
Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг номоддий маданий меросни тарғиб қилишдаги роли алоҳида қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, ўзбек маҳалла тизими тажрибаси ЮНЕСКО Котибияти мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати