frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Сабрнинг фазилати ва савоби

07.05.2026   11529   2 min.
Сабрнинг фазилати ва савоби

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ собир (сабрли)ларни Ўз лутфи карами билан мукофотлаб, хос бандаларидан айлади. Яратган марҳамат қилди:

“Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур” (Зумар сураси, 10-оят).

Аллоҳ Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга амр этди:

“Бас, гўзал сабр айла!” (Маориж сураси, 5-оят).

Бошига бало, мусибат тушган одам одамлар орасида ички изтиробини билдирмай, ўзини одатий тарзда тутса, у гўзал сабр этувчилардандир.

Аллоҳ мўминларга ўз нафслари билан курашишда, шунингдек, одамлар билан ўзаро муносабатда сабр кўрсатишларини буюрди:

“Эй мўминлар, сабр қилингиз ва сабр-тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлингиз ҳамда доимо (кураш – жиҳод учун белингиз боғлиқ ҳолда) ҳозир турингиз! Ва Аллоҳдан қўрқингизким (шунда) шояд нажот топгайсизлар!” (Оли Имрон сураси, 200-оят).

Аллоҳ қўллаб-қувватламаса банда сабр этолмаслигини ҳам Аллоҳнинг Ўзи уқтиради:

“Сабр кўрсат, бу эса фақат Аллоҳнинг ёрдами билангина мумкин бўлур!” (Наҳл сураси, 127-оят).

Сабр фазилатини ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тушунтирганлар:

“Сабр – диннинг ярми, ҳақиқий илм ва комил ишонч эса диннинг ҳаммасидир (тўлиқ диндир)” (Алқамадан ривоят қилинган, Баззор ривояти).

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам, шунингдек, яна айтганларки: “Мусибатда сабр этиб, Аллоҳ лутфидан умид қилиб ризолик кўрсатиш, қуллар озод этишдан ҳам афзалроқдир” (Имом Суютий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Мусулмоннинг сабри ва дуоси нақадар гўзал қуролидир!” (Ибн Аббос ривоят қилган).

Аллоҳнинг Элчиси соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ибодатларнинг қадрлиси – қийинчиликдан сўнг мўллик, енгиллик келишига умид қилиш ва ишонишдир” (Табароний).

Саҳобий ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу марҳамат этадилар: “Иймон учун сабр тан учун бош кабидир”.
 

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум бўлиб ўтади

17.08.2026   51934   1 min.
24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум бўлиб ўтади

24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.

Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.

27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.

Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари