frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Ҳаракат қилиш ва интилиш - бандадан

07.05.2026   19697   1 min.
Ҳаракат қилиш ва интилиш - бандадан

Бизга ризқ берувчи Зот Аллоҳдир, лекин У ризқни тўғридан-тўғри оғзимизга ёки қучоғимизга ташлаб қўймайди. Бизнинг вазифамиз — ҳаракат қилиш, Аллоҳнинг иши эса — муваффақ қилиш (тавфиқ бериш)дир.

«Унинг (ернинг) турли жойларида юринглар ва Унинг ризқидан енглар» (Мулк сураси, 15-оят).

Ҳатто сурункали ва оғир дардга чалинган Айюб алайҳиссаломга ҳам Роббиси бундай деган эди:

«Оёғинг билан (ерни) теп! Мана бу чўмиладиган муздек сув ва ичимликдир» (Сод сураси, 42-оят).

Ҳатто тўлғоқ азобида турган Биби Марямга ҳам Аллоҳ таоло:

«Хурмо шохини ўзингга қараб силкит, у сенга янги пишган хурмоларни тўкади», — деди (Марям сураси, 25-оят).

Пок ва Муқаддас Зот хурмони унинг қучоғига шунчаки ташлаб қўймади. Балки энг қийин лаҳзада — тўлғоқ азобида бўлишига қарамай, унга:

«Хурмо шохини ўзингга қараб силкит», — деб буюрди.

Демак, ҳаракат қилиш ва интилиш — матлубдир.

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Масъулият ва натижадорлик — диний соҳада асосий мезон!

03.08.2026   9158   2 min.
Масъулият ва натижадорлик — диний соҳада асосий мезон!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Фарғона вилояти туман-шаҳар бош имом-хатиблари ва отинойилари иштирокида таҳлилий йиғилиш ўтказдилар.

Йиғилишда вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, вилоят ҳокими ўринбосари Бурҳонжон Қўлдошев, соҳа масъуллари ва бош имом-хатиблар иштирок этиб, ҳудудда амалга оширилган хайрли ишлар ва олдинда турган долзарб вазифаларни муҳокама қилдилар.

Мажлисда Муфтий ҳазратлари сўнгги йилларда  Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан диний-маърифий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, янги масжидлар, Қуръон курслари ва мажмуалар барпо этилаётгани, хусусан, жорий йилда Қўқон шаҳрида “Масжидул Латиф”, Қўштепа туманида “Умар ибн Хаттоб” ҳамда Ёзёвон туманида “Ал Фарғоний” жоме масжидлари фойдаланишга топширилгани, Қўқонда янги тажвид курси иш бошлаганини алоҳида эътироф этдилар.

Йиғилишда ўтган давр мобайнида имом-хатиблар ва отинойилар томонидан 42 мингта маърифий тадбир ўтказилгани, 6 500 нафар фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилгани, 6 000 нафар мигрант оилалари ҳолидан хабар олингани ҳамда 400 та ажрим ёқасидаги оила яраштирилгани ижобий баҳоланди.

Шунингдек, ҳомийлар ва имомлар ташаббуси билан эҳтиёжмандларга 3 млрд сўмлик ва мадрасаларга 136 млн сўмлик хайрия ёрдамлари кўрсатилиб, 3 та оилага янги уй қуриб берилгани мамнуният билан қайд этилди.

Шу билан бирга, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан келгусидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Имом-хатибларга аҳоли орасида тарғибот-ташвиқотни кучайтириш, Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ва «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида масжидларни обод қилиш топширилди.

Оилавий ажримларнинг олдини олиш ва ижтимоий тармоқларда нотиқ имом-хатиблар томонидан тайёрланган видеомаърузаларни кенг тарқатиб, ахборот маконида соғлом эътиқод муҳитини мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида Муфтий ҳазратлари ҳар бир ходим ўзини шариат ходими сифатида англаб, тақво, ҳалоллик ва юксак масъулият билан халқимизга хизмат қилиши лозимлигини уқтирдилар.

Фарғона вилояти вакиллиги мутахассислари учун яратилган шароитлар ҳам кўздан кечирилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари