Бугун, 7 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков тизимда фаолият юритаётган ёш мутахассислар билан дилдан суҳбат қурди.
Мулоқот аввалида Ҳомиджон домла юртимизда ёшларнинг билим олиши ва касбий юксалиши учун яратилган имкониятларга тўхталиб, Диний идорада ҳам ёш мутахассисларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча шароитлар муҳайё эканини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, Идоранинг шонли тарихига назар ташлаб, 1943 йилда "Бароқхон" мадрасасида бошланган фаолият 2007 йилда "Ҳазрати Имом" мажмуасига, 2026 йилга келиб эса муҳташам Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг янги биносига кўчганини сўзлаб берди.
Суҳбат давомида бугунги тинчлик ва тараққиёт аждодларимизнинг дуолари ва меҳнатлари самараси экани таъкидланди. Шунингдек, Диний идора нафақат юртимизда, балки қўшни давлатларда ҳам юксак эҳтиром билан тилга олинадиган даргоҳ бўлиб, бу ерда фаолият юритган улуғ уламоларнинг хизмати беқиёс экани эътироф қилинди.
Ҳомиджон домла ёшларни уларга насиб этган мана шундай беқиёс имкониятлардан оқилона фойдаланишга, ўз билим ва малакаларини тинимсиз ошириб, дин ва миллат ривожи учун бор куч-ғайратини сарфлашга чақирди.
Учрашув якунида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда маърифат зиёси янада кенг ёйилишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўсимликлар бир жойдан, бир хил озуқадан озиқланса ҳам мевалари турлича бўлади. Яъни, ҳар бир ўсимлик ўғитлардан ўзига мос озуқаларни ажратиб олади. Шунинг учун бир жойда ўсган ўсимликларни кўрсангиз бирининг меваси ширин бўлса, бошқасиники нордон бўлади, бириники катта бўлса, бошқасининг меваси кичкина бўлади. Ҳатто рангларида ҳам турли-туманликни кўришимиз мумкин. Бунақа мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Бироқ шу ўринда Аллоҳ таолонинг Қуръони каримдаги қуйидаги ояти каримасини келтириш айни муддао бўлса керак:
﴿وَفِي الْأَرْضِ قِطَعٌ مُتَجَاوِرَاتٌ وَجَنَّاتٌ مِنْ أَعْنَابٍ وَزَرْعٌ وَنَخِيلٌ صِنْوَانٌ وَغَيْرُ صِنْوَانٍ يُسْقَى بِمَاءٍ وَاحِدٍ وَنُفَضِّلُ بَعْضَهَا عَلَى بَعْضٍ فِي الْأُكُلِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَعْقِلُونَ﴾
“Ва ер юзида қўшни бўлаклар бор. Шунингдек, узумлар, боғлар, экинзорлар, шохлаган ва шохламаган хурмозорлар бўлиб, бир хил сув ила суғориладилар ва уларнинг баъзиларининг мевасини бошқасидан афзал қилурмиз. Бунда албатта ақл ишлатувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир” (Раъд сураси, 4-оят).
Биз ер юзида юриб ана шунча мўжизаларни кўрамиз-у, шунда ҳам Аллоҳнинг борлигига қани далил деб сўрайверамиз. Ана шундай кимсалар ҳақида Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси бор: “Уларга Роббиларининг оятларидан бири келса юз ўгирурлар” (Анъом сураси, 4-оят).
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан