Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги хайрли ислоҳотлар ва юртимиздаги ободонлаштириш ишларининг узвий давоми ўлароқ, Бухоро вилояти Пешку туманидаги «Бобо Араб» жоме масжидининг янги биносига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Замонавий лойиҳа асосида қайта қурилаётган ушбу муаззам маскан бир вақтнинг ўзида 2200 нафар намозхонни ўз бағрига сиғдиришга мўлжалланган бўлиб, ҳудуд аҳолисига чексиз қувонч бағишлади.
Тантанали тадбирда Пешку тумани ҳокими Ҳаёт Давлатов, Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир Элов ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ва ҳомийлар иштирок этиб, эзгу ниятлар билан пойдеворга илк ғиштларни қўйишди.
Муқаддас қадамжонинг янги қиёфаси миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий қулайликларни ўзида мужассам этган бўлиб, ҳозирда моҳир усталар ва саховатпеша инсонлар ушбу хайрли қурилишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Зеро, масжидларни обод этиш — келажак авлод учун қолдирилган энг гўзал маънавий меросдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати