“Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида солиҳ амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз” (Наҳл сураси, 97-оят).
Қуръони каримнинг 70 дан ортиқ оятида “солиҳ амал” ибораси зикр этилган.
Солиҳ амал фақатгина намоз, рўза, ҳаж ёки умра эмас. Инсонларни яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш, йўлдан зарар бериши мумкин бўлган нарсани четга олиб ташлаш, ҳатто табассум қилиш ҳам яхши – солиҳ амалдир. Аммо афсуски, бундай амалларга бепарво қараймиз.
Шундай экан, амал дафтарингизни савобга тўлдирадиган солиҳ амаллар катта ёки кичик бўлсин, уларни ҳар куни, ҳар ерда қилишга интилинг.
Даврон НУРМУҲАММАД
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги «Зомин» жоме масжидида диний соҳа ходимлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман ва шаҳар бош имом-хатиблари, ҳудуд масжидлари имомлари, отинойилар, «Ҳаж» зиёратчилари ҳамда МФЙ раислари қатнашди.
Учрашувда юрт тинчлигини асраш, ёш авлодни миллий ва диний қадриятлар руҳида тарбиялаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда нохуш ҳолатларнинг олдини олиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир доирасида амалий саъй-ҳаракатлар ҳам олиб борилди:
Имом-хатиблар ва отинойилар маҳаллалардаги эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар хонадонларига ташриф буюрдилар.
Жараёнда жами 112 та хонадон (имом-хатиблар томонидан 83 та, отинойилар томонидан 29 та оила) ҳолидан хабар олиниб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди.
Фуқароларга маънавий-маърифий далда берилиб, зарур амалий ёрдамлар кўрсатилди.
ЎМИ Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати