Мазҳабсизлик тарафдорлари ўзларини бир қанча турли номлар билан атайдилар:
Таъкидлаш жоизки, Набий алайҳиссалом ҳаётлик даврларида саҳобалар муайян шаръий масала чиқиб қолса, у зотнинг ўзларига мурожаат қилиб, ечимини топганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг саҳобалар шаръий саволлар бўйича мужтаҳид даражасида бўлган саҳобалардан фатво сўраганлар. Тобеинлар саҳобалар тутган йўлни тутиб, мужтаҳидларга эргашганлар.
Машҳур аллома Ибн Ражаб “Кўплаб мазҳаблар орасида фақат тўрттасининг сақланиб қолгани, асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”, деб ёзган.
Уламолар мазҳабларга эргашиш – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисига амал қилишдир, деб таъкидлайдилар: “Агар ихтилоф ни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Можа, риояти).
Ислом уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид) мужтаҳид олимга тақлид қилиши лозимлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш мумкин: “…Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят). Уламолар оят Китоб ва суннатга қайтиш шаклида эмас, балки аҳли зикрларга эргашишликка буюриш кўринишида нозил бўлганига эътибор қаратадилар.
Мазҳабларда Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдан далил сифатида фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, усул ва тамойилларига асосланган муайян тизим мавжуд. Масалалар тизимли равишда ҳал бўлган. Мазҳабсизларда эса ҳеч қандай ижтиҳод усул ва қоидалари йўқ бўлиб, “Қуръон ва суннатга мурожаат қиламиз” қабилидаги далилсиз даъво билан ҳукмлар берилмоқда. Мақсадига, раъйига ва нафсига тўғри келган далилларни олиб, қолганларини ташлаш эса ёмон оқибатларни келтириб чиқармоқда.
Бемазҳаблар омма, мусулмонлар орсида кўплаб нотўғри талқин қилинган ақидавий ва фиқҳий масалаларни тарқатмоқдалар. Ваҳоланки, бу масалалар аҳли сунна вал жамоа олимлари томонидан аллақачон ҳал қилинган.
Шундай экан, барчамиз бир мазҳабни маҳкам ушлаб, унга амал килайлик.
Косонсой тумани "Қўқумбой" жоме масжиди имом-хатиби Хайруллоҳ Абдуллаев
Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.
“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.
Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.
Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати