18 май — Халқаро музейлар куни муносабати билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ислом цивилизацияси тарихи ва муқаддас масканлар билан боғлиқ ноёб артефактларнинг махсус кўргазма-тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Марказнинг жаҳон ислом меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва уни кенг жамоатчиликка замонавий форматларда намойиш etish борасида амалга оширилаётган ишларининг амалий ифодаси бўлди.
Кўргазманинг энг муҳим жиҳаатларидан бири — Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи асосида ЕХҲТ ва Лондон полицияси ҳамкорлигида ўтказилган махсус тадбирлар давомида аниқланиб, Ўзбекистонга олиб келинган ноёб маданий бойликларнинг журналистлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали равишда очилганидир.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши натижасида бугунги кунгача қарийб 2 мингга яқин маданий бойликлар юртимизга қайтарилган бўлиб, Қурбон ҳайити арафасида халқимизга тақдим этилаётган бу бебаҳо туҳфалар катта маънавий аҳамият касб этмоқда.
Кўргазмада ислом оламининг энг муқаддас масканлари билан боғлиқ, юксак қадриятга эга бўлган нодир ёдгорликлар намойиш этилмоқда. Уларнинг марказий экспонатларидан бири — 1880 йилга мансуб, муқаддас Каъба эшигининг металл иплар билан тикилган тарихий пардаси бўлмиш “Бурқа”дир.
Шунингдек, жамоатчилик эътиборига Каъба кисвасининг бир қисми — “Хизом” ҳамда 1900 йилга оид Мадинаи Мунавварадаги Равза мақбараси ёпинчиғи тақдим этилди. Экспозициядан Каъбанинг шимолий қисми томига ўрнатилган зарҳал сув оқизгич — “Мизоб ар-Раҳмон”, “Муҳаммад” ва “Аллоҳ” ёзувлари туширилган бадиий паннолар ҳамда 1793–1795 йилларда кўчирилган, ислом хаттотлик санъатининг нодир намунаси ҳисобланган “Далоил ал-хайрот” ва “Ал-ҳизб ал-аъзам” асарларидан иборат ноёб дуо китоби ҳам ўрин олди.
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан маданий меросни излаш ва Ватанга қайтариш бўйича қўйилган вазифалар амалда ўз ифодасини топмоқда. Ислом цивилизацияси маркази бу борада муҳим илмий-маърифий маскан сифатида жаҳоннинг турли давлатларидаги аукцион уйлари ва шахсий коллекцияларда сақланаётган юртимизга оид осори-атиқаларни аниқлаш ва сотиб олиш ишларини изчил давом эттирмоқда.
Халқаро музейлар куни муносабати билан ташкил этилган мазкур тақдимот нафақат марказ экспозициясини бойитади, балки халқимизнинг бой тарихи, маънавий мероси ва бағрикенглик анъаналарини кенг тарғиб қилишга, маданий меросни асраб-авайлаб, келажак авлодга етказиш ҳамда ёшларда тарихга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
ЮНЕСКОнинг Париждаги Бош қароргоҳида «Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман Марказий Осиё олимларининг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, шунингдек, илм-фан, маданият ва таълим соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланди, хабар бермоқда iccu.uz.
Халқаро конференция Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКОдаги Доимий ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги Элчихонаси, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (ACDF), Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан ташкил этилди.
Конференцияда ЮНЕСКО раҳбарияти, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, етакчи университетлар, илмий институтлар, музей ва кутубхоналар вакилларидан иборат 300 нафардан зиёд иштирокчи қатнашди. Халқаро аудитория учун рус, инглиз ва француз тилларида синхрон таржима таъминланди.
«Мазкур тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида илгари сурган ташаббусининг амалий ифодаси бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш зарурлигини таъкидлаб, ушбу бебаҳо меросни жаҳон ҳамжамиятига етакчи халқаро майдонларда — Париждаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ҳамда БМТнинг Женева ва Нью-Йоркдаги майдонларида тақдим этиш ташаббусини илгари сурган эди. Бугун Парижда ўтказилаётган конференция ушбу кенг кўламли ташаббусни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадамдир», — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори доктор Фирдавс Абдухолиқов.
Конференция иштирокчиларига ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси Президенти Ҳонгкер М. Талха жаноблари ҳамда ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси доктор Носир бин Ҳамад ал-Ҳинзоб табрик сўзлари билан мурожаат қилди.
«Бугун бизни асрлар давомида халқлар ўртасидаги мулоқотга асос бўлиб хизмат қилган умумий маънавий ва маданий мерос бирлаштириб турибди. Айнан ўзаро англашув ва ҳамкорлик руҳи ЮНЕСКО фаолиятининг асосини ташкил этади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган халқаро ташаббуснинг давоми бўлган бундай муҳим тадбирни ташкил этгани учун Ўзбекистон Ҳукумати ва ЮНЕСКОга самимий миннатдорлик билдираман», — таъкидлади Ҳонгкер М. Талха.
Шунингдек, конференция иштирокчиларига Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий вакили, Фавқулодда ва Мухтор Элчи Камол Мухторов ҳамда ЮНЕСКО Бош директорининг табиий фанлар бўйича ўринбосари, профессор Дениз Пирес де Карвалью мурожаат қилди.
Конференциянинг марказий воқеаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти бўлди. Унда халқаро ҳамжамиятга Марказнинг ўзига хос концепцияси, кенг кўламли илмий ва музей ишлари натижалари, шунингдек, фаолиятининг асосий йўналишлари тақдим этилди.
Марказ экспозицияси бугунги Ўзбекистон ҳудудидаги цивилизациялар тарихининг уч минг йилдан зиёд даврини — қадимги маданиятлардан тортиб, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари орқали Янги Ўзбекистонгача бўлган тарихий жараёнларни қамраб олади. Ноёб қўлёзмаларни асраш, тарихий артефактларни ўрганиш, замонавий рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланишга қаратилган лойиҳалар иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Конференцияга Парижга махсус ташриф буюриб, тадбирда иштирок этган ва маърузалар қилган нуфузли халқаро илмий ҳамда маданий ташкилотлар раҳбарларининг иштироки алоҳида аҳамият бағишлади. Улар орасида Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори доктор Фарҳан Низомий, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) Бош директори профессор Махмуд Эрол Қилич, «Ал-Фурқон» Ислом мероси жамғармаси ижрочи директори Сали Шаҳсивари, Милан университети дизайни профессори Марио Таддеи, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ЮНЕСКОдаги вакили доктор Салима Далибей, Женева Дипломатик доираси президенти Роберт Блум, шунингдек, Францияда Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредерик Брессан бор.
Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фарҳан Низомий Марказий Осиёнинг маданий бойлигини алоҳида таъкидлади:
«Ўзбекистоннинг тарихий кўчалари бўйлаб юрар эканмиз, биз шунчаки гўзал бинолар ва қадимий ёдгорликларни эмас, балки юксак ва жўшқин маданият, ижод, яқин алоқалар ҳамда маданий алмашинувнинг гувоҳларини ҳам кўрамиз».
ISESCO бош директори доктор Салим Ал-Малик махсус маъруза билан иштирок этди:
Ислом цивилизацияси марказининг халқаро майдонда, хусусан ЮНЕСКОда тақдим этилиши жуда муҳим. Ўзбекистонга бориб, марказни кўриш имконига эга бўлмаган инсонлар, ҳеч бўлмаганда уни ЮНЕСКОда кўришлари мумкин. Бу орқали Ислом цивилизациясининг тинчлик, илм-фан ва маданият тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси намоён этилмоқда. Шунингдек, Ислом цивилизациясини доимий қўллаб-қувватлаб келаётган Ўзбекистон Президенти, жаноб олийлари Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.
Францияда Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредерик Брессан Ислом цивилизацияси марказининг халқаро аҳамиятини юқори баҳолади:
«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази бугун Марказий Осиёдаги, эҳтимол, бутун дунёдаги энг йирик маданий ва музей мажмуаларидан бири ҳисобланади. У узоқ вақт давомида етарлича маълум бўлмаган исломий илмий ва маданий мероснинг беқиёс бойлигини очиб бериш, уни кенг тарғиб этишга хизмат қилиши кўзда тутилган».
Конференциянинг илмий дастури Марказий Осиёнинг маънавий ва интеллектуал мероси, Ислом цивилизацияси марказининг илм-фан ва маданият соҳасидаги халқаро платформа сифатидаги ўрни, шунингдек, Мовароуннаҳр буюк алломаларининг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасига бағишланган учта тематик сессияни қамраб олди.
Илмий дастурда Ўзбекистоннинг етакчи илмий ва давлат муассасалари вакилларининг чиқишлари алоҳида ўрин эгаллади. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳамедов, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси биринчи ўринбосари, профессор Давронбек Маҳсудов, Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими, профессор Зоҳидулло Мунавваров, Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вакили Нодира Мустафаева маърузалар билан иштирок этдилар.
Маърузалар Марказий Осиёнинг тарихий-маданий меросини ўрганиш ва асраш, қўшма илмий тадқиқотларни ривожлантириш, академик алмашинувларни йўлга қўйиш, тарихий манбаларни рақамлаштириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланди. Иштирокчилар етакчи хорижий илмий ва маданий муассасалар билан янги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Халқаро конференциянинг ёрқин якуни ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ўтказилган тантанали қабул бўлди. Унда юқори мартабали меҳмонлар, дипломатлар, олимлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари жам бўлди. Кечага ЮНЕСКО Бош директори Холид ал-Ананийнинг иштироки алоҳида аҳамият бағишлади. У меҳмонларни шахсан қутлаб, ўтказилган тадбирнинг юксак халқаро мақомига урғу берди.
Кечки дастур доирасида Ислом цивилизацияси марказининг илмий, маданий ва маърифий лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди. Тантанали қабул иштирокчиларга касбий мулоқотни давом эттириш, фикр ва ғоялар алмашиш, шунингдек, қўшма ташаббусларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш имконини берди.
Париж конференцияси ғояси илк бор Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган Ислом цивилизацияси марказининг халқаро фаолиятида янги босқични бошлаб берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати