frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

20.05.2026   27967   2 min.
Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Бугунги кунда жамиятимиз ҳаётида “Инсон қадри учун, инсон бахти учун”, деган эзгу ғояни чуқур қарор топтиришда барча миллий ва диний қадриятларимиз қатори инсонпарварлик, саховат, шукроналик ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатларни ўзида мужассам этган муборак Қурбон ҳайити ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Айниқса, мамлакатимизда ижтимоий давлат барпо этиш, юртдошларимиз ўртасида меҳр-оқибатни кучайтириш, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик борасида бу байрамнинг безавол анъаналари биз учун куч-ғайрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Қурбон ҳайитини ана шу жараёнларга мос ҳолда муносиб нишонлаш, юртимизда тинчлик-осойишталик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида қарор қиламан:

1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2026 йилда муборак Қурбон ҳайитининг биринчи куни 27 май – чоршанба кунига тўғри келиши ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, мамлакатимизда 27 май Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.

2. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

(а) Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ, Қурбон ҳайитнинг биринчи куни ишланмайдиган байрам куни сифатида белгилангани;

(б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 декабрдаги “2026 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ–257-сон Фармони билан қуйидагилар қўшимча дам олиш куни сифатида белгилангани:

(i) иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун 2026 йилнинг 28 май – пайшанба, 29 май – жума кунлари;

(ii) олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун 30 май – шанба куни.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда Қурбон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда, кўтаринки кайфиятда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.

4. Туризм қўмитаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун Қурбон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратсин.

5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкент ислом институти ва Ҳадис илми мактабида ижодий имтиҳонлар ўтказилади

10.08.2026   9886   1 min.
Тошкент ислом институти ва Ҳадис илми мактабида ижодий имтиҳонлар ўтказилади

Тошкент ислом институти магистратура босқичи ҳамда Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган талабгорлар учун жорий йилнинг 11 август куни ижодий имтиҳонлар ўтказилади.
 

Талабгорлар танлаган йўналишлари бўйича қуйидаги фанлардан имтиҳон топширадилар:

  • Теология (Тафсир ва Қуръон илмлари): Қуръони карим ва тажвид, Тафсир;

  • Теология (Ҳанафийлик ва фиқҳ илмлари): Фиқҳ, Усулул-фиқҳ;

  • Ҳадис илми мактаби: Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис.


Имтиҳонлар 11 август куни соат 8:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида бошланади. Талабгорларни рўйхатга олиш жараёни соат 7:30 дан старт олади.


Муҳим эслатма: Абитуриентлар имтиҳонга паспорт (ёки ID-карта) асли ҳамда «Имтиҳон рухсатномаси» билан келишлари шарт. Ушбу ҳужжатлардан бири бўлмаган талабгорлар имтиҳонга киритилмайди.

Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари