Ҳаммамизга маълумки, XXI аср ахборот асридир. Бу асрда ахборот технологиялари шу даражада ривожландики, дунёнинг бир чеккасидаги воқеа шу заҳотиёқ кенг жамоатчиликка етиб боради. Ахборотнинг бундай тезликда тарқалишига интернет глобал тармоғининг кашф қилиниши сабаб бўлди. Ҳозирги даврда ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиш қийин. Албатта, ахборот етказишда, инсон билим доирасини кенгайтиришда, бизнес оламида ва бошқа соҳаларда унинг ўрни беқиёс. Лекин интернет омма мафкурасини бузишда, бузғунчи ғоя ва ақидаларни тарқатишда, инсон онгини заҳарлашда ҳам қора кучларни асосий тарғибот манбаси бўлиб қолмоқда. Глобал тармоқнинг салбий характерга эга бўлган бир неча омиллари борки, бу омиллар ҳар бир инсон учун асосий хатар ҳисобланади. Биз қуйида ана шу омилларнинг баъзиларини санаб ўтамиз.
1. Соғлом эътиқодга таҳдид.
Интернет айниқса, ёшларни соғлом эътиқодига тажовуз қилувчи манбалар маконидир. У ерда ўзларини “дўст сановчи” ёки “ҳидоятга бошловчи” қилиб кўрсатувчилар кўп. Аслида
уларнинг дин илмидан хабарлари йўқ. Ўз раҳнамоларидан эшитганларини такрорлашдан нарига ўтмайдилар. Улар ўз жоҳилликлари билан бошқаларни ҳам жарга етаклайдилар.
Бундай ақидапараст оқимлар тарғиботини олиб бораётган сайтлар сони маълумотларга кўра 7000 дан ошган. “Ал-Қоида”, ИШИД каби террористик ташкилотларнинг тарғибот манбаларининг асосий қисми интернетга тўғри келади. Афсуски бутун дунё бўйлаб илмсиз, эътиқодсиз ёшлар уларнинг ўлжаларига айланмоқда.
2. Турли фитналар макони.
Интернет халқлар, миллатлар орасида низо келтириб чиқарувчи манбалар маконидир. Улар айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали кенг фаолиятни йўлга қўйишган. У ерда ёлғон-яшиқ, ирқий камситилишга сабаб бўлувчи хабарлар тарқатилади ва кишиларни оммавий норозилик уюштиришга чақириб фитна қўзғашга ҳаракат қилинади. Фитна ҳар бир ривожланишга интилаётган давлат учун катта ҳалокатдир. Шунинг учун Аллоҳ ўз каломида: “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”, деб марҳамат қилади.
Шунингдек, диний тушунчалар ҳам бузиб кўрсатилади. Улар “шаҳид”, “жиҳод”, “Ҳижрат” каби тушунчаларни баъзи саводсиз “олим” ларнинг фатволарига таяниб бузиб талқин қилишади. Шу йўл билан омма орасида диний асосда низо чиқаришга уринишади. Бу ишлар эса динимизда қатъиян ман қилинган ишлардир.
3. Бекорчилик ва бузуқлик ўчоғи.
Ёшларнинг кўп ҳолларда интернетдан фақат кўнгилочар манба сифатида фойдаланиши
ачинарлидир. Бу инсон учун жуда қадрли бўлган вақтнинг беҳуда ўтишига сабаб бўлади.
Айниқса, ижтимоий тармоқларда беҳуда вақт ўтказиш, кераксиз нарсаларни томоша қилиш ёшларнинг зеҳнини ўлдиради, фикрлашини сусайтиради. Аслида, кераксиз нарсаларга вақт сарфлаш гуноҳдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида: “Беҳуда ишларни тарк этиш киши Исломининг гўзаллигидандир”, деганлар.
Оммавий маданиятни, айниқса, бузуқчиликни тарғиб қилувчи сайтлар маънавият учун ҳалокатлидир. Бундай сайтлар кишиларни ҳиссиз, атрофидагиларни қадрламайдиган манқуртларга айлантириб қўяди. Бундай бузуқчиликни доимий кўриш қалбни ўлдиради.
Ҳикматларда шундай дейилади: “Кўз билан қилинган гуноҳнинг қалбга таъсири катта.Чунки кўз қалб билан боғлиқдир”.
Ҳулоса шуки: Юқорида санаб ўтилганлар глобал тармоқдаги хатарларнинг баъзилари холос. Лекин ана шу “баъзилари”нинг таъсирига берилиб вайронкорлик билан шуғулланаётганларни,
бу вайронкорлик бутун давлатларни ўз домига тортаётганлигини гувоҳи бўлиб турибмиз.
Бундай иллатлардан сақланиш, ёшларимизни сақлаш ўзимизнинг қўлимизда. Шу йўл билан юртимиз келажагини, тинч ҳаётимизни асраш учун курашишимиз лозим.
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме масжиди имом хатиби
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ҳалол саноати йўналишидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат вакиллари Тошкент шаҳрида «Malaysia–Uzbekistan International Halal Fest 2027» халқаро форуми ва кўргазмасини ўтказиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Малайзиянинг «TWOJ CREATIVE SDN BHD» компанияси делегацияси томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳалол саноати экотизимини ривожлантириш, халқаро бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Режалаштирилаётган фестиваль доирасида:
Халқаро кўргазма, бизнес-форум ва B2B учрашувлари;
Ҳалол озиқ-овқат, туризм, молия ҳамда ишлаб чиқариш йўналишларига бағишланган махсус экспозициялар;
Инвестиция сессиялари, маданий дастурлар ва маҳсулотлар тақдимотларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг ҳалол маҳсулотлар бозоридаги салоҳиятини намойиш этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги экспорт имкониятларини яратишга хизмат қилади.
Музокаралар давомида Малайзиянинг JAKIM стандартлари асосида ҳалол сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, фермер ва тадбиркорлар учун ўқув-семинарлар ҳамда малака ошириш дастурларини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Томонлар фестивални юқори савияда ташкил этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, бизнес ҳамжамияти ҳамда тармоқ уюшмаларини жалб этган ҳолда қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу форум савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш, ҳалол саноати инфратузилмасини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим халқаро майдонга айланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати