Зулҳижжа ойининг 8 куни “Тарвия куни” дейилади.
“Тарвия” дейилишига сабаб ўша куни ҳожилар зам-зам сувидан қониб-қониб ичадилар.
“Тарвия” – “тафаккур” маъносида ҳам қўлланилади. Чунки зулҳижжанинг саккизинчи кечасида Иброҳим алайҳиссалом тушларида ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилаётганларини кўрадилар ва бу туш шайтонийми ёки раҳмоний дея ўша кунни тафаккур билан ўтказадилар. Шунга кўра, бу кун “Тарвия – тафаккур куни” дейилади.
Мино луғатда – “орзу, истак” деган маъноларни билдиради. Макка ва Муздалифа оралиғидаги қишлоқнинг номи. Араблар одамлар тўпланган жойни “мино” деб аташади. Мино Масжидул-ҳаром шимолидан 7 км. узоқликда жойлашган.
Бу ерда Иброҳим алайҳиссалом шайтонга тош отганлар, қурбонлик қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам айнан шу жойда тош отиб, қурбонликларини адо этганлар. Бу муқаддас маконда Наср ва Мурсалот суралари нозил бўлган.
Ҳожилар зулҳижжанинг саккизинчи куни бомдод намозидан сўнг Минога қараб йўл олишади. Минода тарвия кунининг пешин, аср, шом, хуфтон ҳамда арафа кунининг бомдод намозлари ўқилади. Кейин арафотга жўнаб, ўнинчи куни яна Минога қайтишади ва икки кун шайтонга тош отишни давом эттиришади.
Минода бажарилиши зарур бўлган амаллар ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам едиринглар. Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва “Қадимги уй”ни тавоф қилсинлар”, деганимизни эсла» (Ҳаж сураси, 28-29-оятлар).
Ушбу оятда Мино кунлари жамаротда тош отиш, қурбонлик қилиш ва соч олдириб эҳромдан чиқиш каби амалларни адо этиш таъкидланмоқда. Мино кунлари ушбу учта амални мукаммал тарзда бажариш вожибдир.
Аллоҳ таоло қилаётган ва қиладиган барча солиҳ амалларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин. Ўзи куч-қувват берсин..
Даврон НУРМУҲАММАД
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ