Муборак Қурбон ҳайити арафасида юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган эзгу ишлар кенг кўламда амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг аҳоли саломатлигини таъминлашга қаратилган ташаббуслари доирасида “Вақф” хайрия жамоат фонди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида бемор болаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ана шундай хайрли тадбирлардан бири Фарғона вилоятида ҳам ташкил этилди. Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари Фарғона туманида бўлиб, икки босқичли мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилиши лозим бўлган болажонлар ҳолидан хабар олдилар.
Самимий мулоқот давомида бемор болалар ва уларнинг ота-оналарига маънавий далда берилиб, шифо тиланди. Шунингдек, даволаниш жараёнларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилган хайрия маблағлари ўз эгаларига топширилди.
Бу каби тадбирлар жамиятимизда меҳр-шафқат ва инсонпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга, бемор фарзанд тарбиялаётган оилаларга халқимизга хос ғамхўрлик кўрсатишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бугун, зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни юртимиз зиёратчилари ҳажнинг энг муҳим фарзини адо этиш мақсадида Арафот майдонига бориб жойлашди.
Ҳадисларда келтирилишича, Арафот улуғ манзиллардан бири бўлиб, бу ерда қилинган дуолар шак-шубҳасиз қабул бўлади. Буни яхши англаган ҳожилар ҳар дамни ғанимат билиб, бундан унумли фойдаланмоқда.
Ишчи гуруҳи томонидан зиёратчиларимиз хотиржам ибодат қилишлари учун кенг ва шинам чодирлар тайёрланган, совуткич ва музлаткичлар узлуксиз ишламоқда, уч маҳал иссиқ овқат, ширинлик ва салқин ичимликлар мунтазам тақдим этилмоқда.
Ҳожиларимиз Арафотда дуои хайрлар, ибодатлар билан бўлиб, пешин ва аср намозларини жам қилиб ўқийдилар. Дуо ва тазарруларда бардавом бўладилар. Аллоҳ таолодан юртимиз тинч, халқимиз ҳаёти янада фаровон бўлишини, фарзанду аржумандларимиз бахту саодатини сўраб илтижолар қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати