Савол: Маййитни қабрга қўяётганда “Ала миллати Расулиллаҳ” дейилади. Шуни “Ала уммати Расулиллаҳ”, дейиш керак эмасми? Чунки Қуръони каримда “Миллати Иброҳим” деб, яъни “миллат” сўзи Иброҳим алайҳиссаломга нисбатланиб келади.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Маййитни қабрга қўйишда “Бисмиллаҳ ва ала миллати Расулиллаҳ” дейилади. “Ала уммати” дейилмайди.
Бу ибора ҳадиси шарифларда шу лафзлар билан келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар розияллоҳу анҳум маййитни қабрга шундай деб қўйганлар.
Бу ердаги “миллат” сўзидан этник келиб чиқиши бир бўлган инсонлар гуруҳи тушунилмайди. Балки дин, шариат, йўл деган маънолар назарда тутилади.
Бу ҳақида Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳ “Бисмиллаҳ ва ала миллати Расулиллаҳ” ибораси “Биз бу маййитни Аллоҳ таолонинг номи билан ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатига кўра дафн қилдик”, деган маънони англатади, деганлар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати