frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Сиз танлангансиз

03.06.2026   15833   4 min.
Сиз танлангансиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳозиргина масжидда ҳожиларимиз учун Ватанга қайтиш олдидан навбатдаги маърузамни қилиб, хонамга қайтиб келдим.

Шу дамда ҳамхонам, физика-математика фанлари номзоди (PhD), устоз Хайрулла Раҳматуллаевич ШАМАТОВ шундай бир мулоҳазани айтиб қолдиларки, уни эшитиб ўрнимдан туриб кетдим.

Дарҳақиқат, баъзан бир рақам минглаб сўзлар ёритиб бера олмайдиган ҳақиқатларни очиб беради.

Бу йил муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан Ўзбекистондан ҳаж сафарига келиш бахти 15 минг нафардан ортиқ ватандошларимиз учун  насиб этди.

Энди бир лаҳза тасаввур қилинг, бугун юртимиз аҳолиси қарийб 40 миллион нафар. Агар фаразан ҳар йил улардан 15 миллион нафари ҳаж қилиш имкониятига эга, деб ҳисобласак ва ҳар йили 15 минг нафар зиёратчи ҳаж ибодатини адо этиш учун келиб турса, мазкур 15 миллион инсонларнинг барчасига ҳаж сафари насиб этиши учун тахминан бир минг йил вақт керак бўлар экан.

Ўн аср... Бир минг йил...

Бугундан орқага назар ташласангиз, бу муддат бизни Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳи яшаган даврларга олиб боради.

Демак, айнан Сизга шу йил, шу фасл, шу кунларда Аллоҳ таолонинг меҳмони бўлиш насиб этгани оддий воқеа эмас!
Бу миллионлар ичидан қилинган танловдир!
Бу қайсидир маънода — мўъжиза!

Бугун Сиз ҳаж ибодатини адо этдингиз!
Бугун Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраи саодатлари олдида туриб, салом ва саловатлар айтдингиз!
Бугун Сиз Каъбани кўриб турибсиз!
Бугун Сиз Масжиди Ҳаромда намоз ўқияпсиз!
Бугун Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юрган, Қуръон оятлари нозил бўлган икки муборак замин узра қадам босиб турибсиз!
Бугун Сиз икки Ҳарами шариф азонларини ўз қулоғингиз билан эшитмоқдасиз!

Ҳолбуки, шу орзу билан яшаб, унга ета олмай дунёдан ўтган қанчадан-қанча инсонлар бор...

Шу боис ҳам ҳаж сафари инсон ҳаётидаги оддий сафар эмас.
У — умр сафаридир!
У — қалбни ўзгартириш учун берилган имкониятдир!
У — тавба учун очилган улкан эшикдир!
У — қордек оппоқ ва покиза саҳифалар сари етакловчи илоҳий чақириққа жавобан айтилган лаббайкалардир!

Шу боис ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мабрур ҳажнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмаслигини башорат қилганлар!

Инсон мукофоти жаннат бўлган амални адо эта туриб ҳам номақбул хулқини тарк этмаса, тилини ёмон сўзлардан сақламаса, одамларни ранжитишдан қайтмаса, вақтларини беҳудага бозор кезиш ва фойдасиз машғулотларга сарфлаб юраверса, у бу улуғ неъматнинг қадрини қай даражада англаган бўлиши мумкин?!

Ҳаж — Маккага келиш эмас, Аллоҳга қайтишдир!
Ҳаж — Каъбани кўриш эмас, қалбни уйғотишдир!
Ҳаж — сафарнинг тугаши эмас, янги ҳаётнинг бошланишидир!
Ҳаж — тугалланган ибодат эмас, бошланган масъулиятдир!
Ҳаж — гуноҳлардан покланиб, янги инсон бўлиб яшаш аҳдидир!

Шундай экан, бу муборак кунларнинг ҳар бир нафасини ғанимат билиб, Аллоҳ таоло миллионлаб инсонлар орасидан бизга насиб этган бу беқиёс имкониятнинг қадрига етайлик!

Зеро, баъзи инсонлар бу муборак заминга келиб, ҳаж амалини адо этиш учун ЙИЛЛАР эмас, балки АСРЛАР НАВБАТИДА ТУРИБДИ...

Аллоҳ таоло ҳажимизни мабрур, саъй-ҳаракатларимизни машкур, гуноҳларимизни мағфур, дуоларимизни мақбул айласин. Амин.

Нурали домла МАВЛАНОВ,
“Ҳаж-2026” мавсуми Тошкент вилояти 12-гуруҳ зиёратчилари раҳбари, Тошкент тумани “Кўк Терак” жоме масжиди имом-хатиби,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси таянч докторанти.

2 июнь, 2026 йил.
16 зул-ҳижжа, 1447 йил.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкент ислом институтида “Хатоба” фанидан янги ўқув машғулотлари бошланди

17.09.2026   15198   1 min.
Тошкент ислом институтида “Хатоба” фанидан янги ўқув машғулотлари бошланди

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг Модуль таълим тизимида янги ўқув машғулотлари бошланди.


12 сентябрь куни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов талабалар учун «Хатоба» (нотиқлик санъати) фанидан илк дарсни ўтиб берди.


Машғулот давомида устоз ваъз-насиҳат қилиш санъати, минбар одоблари, тингловчи билан жонли мулоқот ўрнатиш сирлари ҳамда бугунги кун имом-хатиби зиммасидаги масъулиятли вазифаларга алоҳида тўхталди. Нотиқлик маҳоратига оид нозик жиҳатлар ҳаётий ва амалий мисоллар орқали очиб берилди.


Қизғин ва самимий руҳда ўтган дарс сўнггида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Тошкент ислом институтида “Хатоба” фанидан янги ўқув машғулотлари бошланди Тошкент ислом институтида “Хатоба” фанидан янги ўқув машғулотлари бошланди Тошкент ислом институтида “Хатоба” фанидан янги ўқув машғулотлари бошланди
Ўзбекистон янгиликлари