“Зуҳо” сўзи – “чошгоҳ вақти” деган маънони англатади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан” (Зуҳо сураси, 1-оят).
Қуёш чиққандан тахминан йигирма дақиқа ўтгач ушбу намозни ўқиш мумкин. Унинг энг афзал вақти бомдод намозини адо этгандан сўнг, ўша жойда қуёш чиққунча зикр билан машғул бўлиб, қуёш чиққандан кейин ўқишдир.
Зуҳо намози икки ракатдан ўн икки ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар. У зот алайҳиссалом “Шамс” ва “Зуҳо” сураларини тиловат қилардилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тўрт ракат зуҳо намозини мунтазам ўқиса, гуноҳи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).
Абу Саъид Ҳудрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозини баъзан узлуксиз ўқир эдилар. Биз энди бу намозни ҳаргиз тарк қилмайдилар, дердик. Гоҳида эса ўқимас эдилар, энди бу намозни ҳаргиз ўқимасалар керак, деб ўйлардик” (ИмомТермизий, Имом Аҳмад ривояти).
Батафсил: http://old.muslim.uz/index.php/rus/maqolalar/item/4039
“Суннатга мувофиқ намоз ўқинг” китобидан олинди.
Гуноҳга сабаб бўлмаса, отаонанинг буюрганларини албатта бажариш; ота-онага мулойим сўзлаш; уйга кирганларида, ҳурматлари учун ўрнидан туриш; ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш; мол-мулкларини сақлаш; сўраган нарсаларини бериш; улардан маслаҳат сўраш; ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш; улар меҳмон кутишса, ёнларида мунтазир бўлиб туриш; уларнинг айтишларини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш; уларнинг ҳузурларида овозни баланд кўтармаслик; гапларини бўлмаслик; изн беришмаган жойга бормаслик; ухлаётганларида безовта қилмаслик; аҳли аёли, фарзандларини улардан устун қўймаслик; ота-она хатога йўл қўйсалар, билмасликка олиш, дарҳол кечириб, унутиш; кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурларида ўзини тутиш; улар яхши кўрадиган таомни илиниш; улардан олдин таомга қўл чўзмаслик; уларнинг олдиларида чўзилиб ётмаслик, оёқ узатмаслик; уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик; чақирганларида тезлик билан жавоб бериш; уларнинг ҳаётликларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш; ота-онасининг ҳурматини қилмайдиганлар билан дўстлашмаслик; уларнинг ҳақларига дуо қилиш; вафотларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш: «Эй, Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро сураси, 24-оят).
Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws