Бир гуруҳ наманганлик фаол нуронийлар қўшни Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрига зиёрат ва саёҳат сафарини уюштирди. Эзгу мақсадда йўлга чиққан отахонлар сафар давомида ҳудуддаги тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар ва замонавий бунёдкорлик намуналари билан яқиндан танишди.
Зиёрат дастури Туркистон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган муҳташам масжид мажмуасидан бошланди. Ўзининг бетакрор меъморий ечими, нафис безаклари ҳамда миллий ва исломий қадриятларни ўзида мужассам этган кўриниши билан ажралиб турувчи ушбу зиёратгоҳ нуронийларда катта таассурот қолдирди. Зиёратчилар мажмуада яратилган шароитларни алоҳида эътироф этиб, қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ришталари янада мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Сафарнинг кейинги манзили бутун ислом оламида юксак эҳтиромга сазовор бўлган буюк мутафаккир Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси бўлди. Нуронийлар ушбу табаррук қадамжода Қуръон тиловат қилиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва юрт осойишталигини сўраб хайрли дуолар қилдилар. Зиёрат доирасида нуронийлар томонидан жонлиқ сўйилиб, эҳсон дастурхони ҳам ёзилди.
Қардош ўлкага уюштирилган ушбу маънавий сафар тарих, маданият ва диний қадриятлар муштараклигини яна бир бор ҳис эттирган ҳолда, зиёратчиларда унутилмас хотиралар қолдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Термиз давлат университети талабалари иштирокида марказ фаолияти ва сўнгги йилларда чоп этилган нашрларга бағишланган маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Тадбирда университетнинг Хорижий филология факультети профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этди. Учрашув давомида Термиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг бой илмий мероси, марказ томонидан амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари ва янги нашр этилган китобларнинг ёшлар маънавиятини юксалтиришдаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, қатнашчилар марказ кутубхонасида сақланаётган ноёб манбалар, қўлёзмалар, илмий адабиётлар ҳамда сўнгги йилларда чоп этилган янги асарлар билан яқиндан танишдилар.
Тадбир якунида талаба-ёшларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати