Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Кулол-Қўрғон" жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Муҳаммадиев халқаро миқёсда ўтказилган "Илм-фан фидойиси" илмий-амалий кўрик-танловида ғолиб деб топилди.
Имом-домламизнинг қаламига мансуб "Ғанимат фурсат" номли илмий-маърифий мақоласи юқори баҳоланиб, жамият тараққиётига қўшган муносиб ҳиссалари учун у киши “Илм-фан фидойиси” эсдалик кўкрак нишони билан тантанали равишда тақдирландилар.
Баҳодир домлани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаймиз!
Аллоҳ таоло домламизнинг илмларини бунданда зиёда қилсин, динимиз ва эл-юртимиз ривожи йўлидаги ижодий ва илмий фаолиятларига барака берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 29 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ажиб бир самимий ва илиқ муҳит ҳукм сурди. Диний идорада Муфтий ҳазратларининг қабулига кириш учун юртимизнинг турли гўшаларидан 100 га яқин ҳамюртимиз жам бўлди. Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳар бир фуқарони шахсан қабул қилиб, уларнинг дарду ташвишларини тингладилар.
Қабул давомида масжид ва мадрасалар ҳолати, имомлар фаолияти, диний таълим, ҳаж зиёрати, оилавий тотувлик ва моддий кўмак каби кўплаб масалаларга шаръий ва ҳаётий амалий ечимлар тақдим этилди.
Жумладан, оилавий муносабатлар юзасидан келганларга муаммолар ечими бўйича фойдали маслаҳатлар, шаръий масалалар бўйича манзилли тавсиялар берилди ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак кўрсатилди.
Халқнинг дардини енгиллатиш ва кўнгилларга сурур бағишлаш – икки дунё саодатига элтувчи амалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу муборак ҳадиси шарифлари ҳам бунга ёрқин далилдир:
«...Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади» (Имом Бухорий ривояти).
Ана шу набавий таълимотга амал қилган ҳолда, бугун Муфтий ҳазратлари мутасаддилар билан биргаликда турли масалалар бўйича мурожаат қилган фуқароларнинг ташвишлари бартараф этилишига амалий ёрдам бердилар.
Эслатиб ўтамиз, аҳоли билан манзилли ишлаш, элнинг оғирини енгил қилиш мақсадида мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳар чоршанба куни имом-хатиблар томонидан фуқаролар қабули мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати