Аллоҳ таоло инсонга ақл, илм ва технология неъматларини ато этди. Бу неъматлардан яхшилик йўлида фойдаланиш банданинг вазифасидир. Аммо бугунги кунда интернет тармоқларида фирибгарлик, алдов, шахсий маълумотларни ўғирлаш ва бошқаларнинг молини ноҳақ йўл билан қўлга киритиш каби жиноятлар кенгайиб бормоқда.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Бир-бирларингизнинг молларингизни ноҳақ йўл билан еманглар" (Бақара сураси, 188-оят).
Интернет орқали банк карталарини бузиш, сохта ҳаволалар юбориш, одамларнинг пулларини фириб билан тортиб олиш ушбу оятда қайтарилган ноҳақ ишлар жумласидандир.
Яна Аллоҳ таоло дейди: "Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз эгаларига топширишингизни буюради" (Нисо сураси, 58-оят).
Инсоннинг шахсий маълумотлари, пароллари ва электрон ҳисоблари ҳам омонат ҳисобланади.
Уларни ҳимоя қилиш ва бошқаларнинг маълумотларига тажовуз қилмаслик мусулмоннинг бурчидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ким бизларни алдаса, биздан эмас" (Имом Муслим ривояти).
Интернетда ёлғон реклама бериш, сохта савдо қилиш, одамларнинг ишончини суйистеъмол қилиш ушбу ҳадис таҳдидига киради.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мусулмон — бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Бугунги кунда инсон фақат қўли билан эмас, балки телефони, компьютери ва интернет орқали ҳам зарар етказиши мумкин. Шунинг учун ҳақиқий мусулмон бошқаларнинг мол-мулки ва маълумотларига зиён етказмайди.
Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу давлат молидан фойдаланишда шунчалик эҳтиёткор эдиларки, шахсий ишлари учун давлат чироғини ўчириб қўяр эдилар. Бу воқеа мусулмон киши ўз ҳаққи бўлмаган нарсага ҳатто арзимас даражада ҳам кўз олмаслиги лозимлигини ўргатади.
Азиз ёшлар! Интернетда номаълум ҳаволаларга кирманг, паролларингизни бошқаларга берманг, сохта совринлар ва тез бойиш ваъдаларидан эҳтиёт бўлинг. Технологиядан илм, маърифат ва ҳалол ризқ учун фойдаланинг.
Аллоҳ таоло барчамизни интернет фитналари, фирибгарлик ва жиноятлардан асрасин. Технологияларни инсонларга манфаат етказиш йўлида ишлатувчилардан қилсин.
Абдуллоҳ Муҳиддинов,
Наманган шаҳар “Ёқуббой ҳожи” жоме масжиди имом ноиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ