#maqola #futbol
Қадрли томошабин дўстлар! Бир-бирингизга мулойим бўлинг. Бу копток деган нарса ўтади кетади. Уни деб ўзимизни пасткаш қилишимизга арзимайди. Уни деб атрофдагиларнинг дилини оғритиш керак эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ўзаро ҳасад қилманг, ўзаро адоват қилманг, бир-бирингиздан юз ўгириб кетманг. Аллоҳнинг ака-ука бандалари бўлинг”.
Балиқ дарёдан чиқиши билан ўлганидек, футбол ҳам майдондан чиқиши билан тугаши керак. Футболдаги рақобат ўша ерда қолсин. Мусобақа бўлсин, лекин ёмон кўриш бўлмасин. Жўшиб кетинг, аммо адоват қилманг. Футболчиларни руҳлантириб туринг, бироқ ҳақорат қилманг. Кузатинг, лекин таассуб қилманг. Тадбирларга қатнашинг, аммо қўпол бўлманг. Таҳлил қилинг, лекин сўкманг. Мағлубият бўлса азобланманг.
Томошабин жаноблари! Умрингизни кўр мухлислик, ўйинчиларнинг ҳаётий маълумотлари, чемпионатларни қайта-қайта кўриш, хавфли вазиятларни таҳлил қилавериш билан ўтказиб юборманг.
У бугун ва келажагингиздир. Умрингиз охиратингизни ҳал қиладиган сармоянгиздир.
Жамоангиз биринчиликдан голсиз чиқса ичингизни еб битирасизу, аммо бутун бошли ҳаётингиз мақсадсиз, голсиз ўтаётганини эслаб ҳам қўймайсиз.
Муҳим нарсаларни тартиблаб олинг. Ишқибозлик асосий ғамингиз бўлмасин. Бу кетишда севимли гуруҳингиз сизни муваффақиятдан тўсиб қўйиши муқаррар. Жамоангиз сизни чўкишдан қутқариб қола олмайди. Уйғонинг.
Намозларни ҳам тарк этиб, майдонга (экранга) эртачи келиб олманг. Футбол кўраман деб намозларни қазо қилманг. Зиммангиздаги мажбуриятларингизга ўйин деб лоқайд қараманг. Ҳакамлар чиқарган қарорларга аралашерманг. Бировнинг шарафи, шаънини ерга урманг. Футболни деб савобларингизни кулга айлантирманг.
Футбол ортидан алоқаларни узиб, биров билан адоватга борманг. Оилангиз олдидаги вазифаларни ташлаб қўйманг. Футболни деб болаларингизга зарда қилманг, уларга бақирманг. Аввало, ўзингизни ислоҳ қилинг.
Ëсир ибн Бадрнинг “Сиз излаган ечим” китобидан
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси
Абдулбосит Абдулвоҳид ўғли таржимаси
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллигида шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Тадбирни вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Учрашувда давлатимиз Раҳбарининг тегишли Фармони билан бир гуруҳ диний соҳа ходимлари «Имом Бухорий» ордени билан тақдирлангани юртимизда маънавий-маърифий соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор ва тарихий воқеа экани алоҳида эътироф этилди.
Йиғилишда «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» эзгу шиори остида воҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар, ёшларни Ватанга садоқат ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолият сарҳисоб қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида имом-хатибларга қуйидаги устувор вазифалар юклатилди:
Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз кексалар ҳолидан мунтазам хабар олиш;
Оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш;
Масжидлар, қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда тозалик тадбирларида фаоллик кўрсатиш.
Йиғилиш якунида диний соҳа ходимларининг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати