Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бану Динор қабиласидан бир аёлнинг эри, акаси ва отаси Уҳудда шаҳид бўлди. Унга яқинлари ҳалок бўлгани ҳақида айтишган эди, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима бўлди?» деб сўради. «Эй Умму Фалон, у зот яхшилар», дейишди. Лекин: «У зот алайҳиссаломни менга кўрсатинглар, кўзим билан кўрайин», деб илтимос қилди. Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрсатишди. Аёл севикли Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўргач, «Сизни кўрганимдан кейин бошқа барча мусибатлар арзимасдир», деди.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Ишқи Расул" китобидан Нодиржон Одинаев таржимаси
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати