Зинҳор кўнглингизни чўктирманг..
Биламан, ҳозир елкангизга осмон қулаб тушгандек.
Биламан, кечалари ухлай олмаяпсиз – фикрлар бошингиздан кетмайди. Бир тарафда бетоб тан, бир тарафда қарз қоғозлари, яна бир тарафда одамларнинг совуқ нигоҳи… Лекин шуни билинг! Сиз ёлғиз эмассиз. Аллоҳ ҳеч қачон бандасини ташлаб қўймаган. Фақат баъзан имтиҳонни дуога айлантириб юборади.
Бошига ташвиш тушган бандага Аллоҳ яқин бўлади. Ташвиш келган уйга – Аллоҳнинг назари тушади. Чунки қувончда одам кўпинча Роббини унутади, аммо дардда – қалб уйғонади. Кимдир касал бўлди – танаси синди, лекин қалби тозаланди. Кимдир қарзга ботди – ғурури синди, лекин тавозеси ўсди. Кимдир одамлар томонидан ташлаб кетилди – лекин Аллоҳ уни ўзига яқин қилди. Аллоҳ баъзи бандаларини синдириб тарбиялайди сўнг юксалтиради, бошқаларини эса эркалаб қаттиқ синайди.
Бетоблик – жазо эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мусулмонга етадиган кулфат, машаққат, ташвиш, маҳзунлик, азият, ғам ҳатто унга кирадиган тикан сабабли Аллоҳ унинг хатоларини кечиради” (Имом Муслим ривояти).
Қанчадан-қанча солиҳ зотлар бор – йиллар касал бўлиб яшаган, лекин биргина нолиш оғзидан чиқмаган. Улар билишарди: оғриқ танада бўлса ҳам, савоб дафтарига ёзилади. Бир киши Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ҳузурига келиб деди:
– Эй имом, бошимдан кетма-кет мусибатлар тушяпти. Касаллик, қарз, одамларнинг совуқлиги… Нега Аллоҳ мени бунчалик синаяпти? Ҳасан Басрий йиғлаб бундай деди:
– “Эй биродар! Агар подшоҳ сени тез-тез ҳузурига чақирса, бу сени ёмон кўрганиданми ёки яхши кўрганидан?”.
У киши: – Албатта, яхши кўрганидан, деди.
Ҳасан Басрий айтди: “Аллоҳ ҳам бандани синаб, ҳузурига чақиради. Чунки мусибат – бандани Аллоҳ эшигига олиб келадиган энг тез йўлдир”.
Қарз – хорлик эмас, сабр мактаби қарзга ботган одамни одамлар ерга уради. Лекин осмон – унга раҳм билан қарайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарздор киши учун кўп дуо қилганлар. Чунки қарз – нафсни синдиради, инсонни ёлғиз Аллоҳга суянишга ўргатади.
Бугун қўлингиз қисқа бўлса ҳам, қўлингиз дуода бўлсин. Зеро, дуо – қарздан тезроқ етиб боради.
Кўнгилни чўктирманг… айнан ҳозир умид керак. Энг хавфли нарса – касаллик эмас, қарз эмас. Энг хавфли нарса – умидсизлик. Шайтон сизни шунга ундайди: “Энди бўлди, чиқиш йўқ…”. Қуръон каримда эса бундай дейилади: “Маҳзун бўлма, албатта Аллоҳ биз билан биргадир” (Тавба сураси, 40-оят).
Эҳтимол, бугун йиғлайсиз. Аммо эртага: “Яхшики сабр қилган эканман”, дейдиган кун ҳам келади. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Аллоҳ бандани яхши кўрса, уни дард билан банд қилади. Чунки дард бандани Роббига яқинлаштиради. Агар бандага дунёни кенг қилиб берса, у бандани унуттириб қўйиши мумкин”.
Кейин йиғлаб қўшганлар: “Баъзи бандалар бор, агар соғлом ва бой бўлса, ҳалок бўларди. Аллоҳ эса уларни касаллик ва муҳтожлик билан жаннатга судрайди”.
Охирида биргина илтижо… Зинҳор кўнглингизни чўктирман… Чунки чўккан кўнгил – дуодан узилади. Дуодан узилган қалб эса, энг катта йўқотишдир. Агар ҳозир фақат шуни айта олсангиз ҳам етарли: “Ё Аллоҳим, кўтара олмайдиган юкни бермагин”. Мана шу сўзнинг ўзи – нажотнинг боши. Сира махзун бўлманг… Аллоҳ синаётган бандани йўқотмайди, балки юксалтиради буни унутманг!
Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой тумани “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қолдирган бой илмий мероси нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг турли нуқталарида, хусусан, Ислом оламининг табаррук маскани бўлмиш Масжиди Набавий кутубхонасида ҳам сақланиб келяпти.
2017 йилда шайх ҳазратларининг бир қатор китоблари илк бор Масжиди Набавий кутубхонасига тақдим этилган эди. Шундан буён зиёратга борган ҳамюртларимиз ушбу кутубхонадан ҳазратнинг асарларини ўз она тилимизда мутолаа қилиш имкониятига эга бўлиб келишяпти.
Масжиди Набавий кутубхонаси масжиднинг 10-эшиги ёнида жойлашган. Кутубхонада 170 000 дан ортиқ китоб сақланади. Асосий адабиётлар араб тилида бўлсада, 20 дан ортиқ хорижий тиллардаги диний манбалар ҳам жамланган. Кутубхонадан бир вақтнинг ўзида 300 дан ортиқ китобхон фойдаланиши мумкин.
Кутубхонада хорижий тиллардаги адабиётлар учун алоҳида хона ажратилган. У ерда инглиз, рус, француз каби жаҳон тиллари қаторида ўзбек тили бўлими ҳам бор. Ушбу бўлимда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб 50 дан ортиқ асар бор. Жумладан:
– «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласи;
– «Тафсири Ҳилол»;
– «Кифоя»;
– «Руҳий тарбия»;
– «Зикр аҳлидан сўранг»;
– «Одоблар хазинаси»;
– «Хислатли ҳикматлар шарҳи»;
– «Бахтиёр оила» ва бошқалар.
@islomuz