27 июнь – «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни» муносабати билан диний соҳада меҳнат қилаётган матбуот ходимларини касб байрами билан табриклаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳраматдин домла Разов диний соҳадаги ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар ҳамда амалга оширилаётган эзгу ташаббусларни кенг жамоатчиликка оператив, холис ва профессионал тарзда етказишда меҳнат қилаётган соҳа ходимларини касб байрами билан табриклади.
Уларга Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти томонидан ташаккур билдириб, байрам муносабати билан эсдалик совғалари топширилди ва келгуси ишларида муваффақиятлар тилади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Малайзиянинг Universiti Teknologi MARA университети санъат, дизайн ва медиа факультети талаба ҳамда ўқитувчиларидан иборат гуруҳ Ўзбекистон бўйлаб ижодий сафарини якунлаб, ўз юртига қайтди. Малакали сураткаш ва дизайнерлардан иборат 18 кишилик гуруҳ 17–31 август кунлари мамлакатнинг бой тарихий мероси ва замонавий қиёфасини акс эттирувчи “storytelling” услубидаги профессионал фото ва видео контент тайёрлади.
Сафарнинг якуний ва энг кенг кўламли қисми Тошкентда ўтди. Гуруҳ фаолиятининг марказида Ислом цивилизацияси маркази турди: меҳмонлар бу ерда махсус таълим дастури, медиа-фестиваль, "Музейдаги тун" экскурсияси ва мультимедиали маппинг-шоу дастурларида иштирок этиб, бой фото ва видео материал тайёрлади.
Пойтахтда талабалар Ҳазрати Имом мажмуаси — Бароқхон мадрасаси ва Қаффол Шоший мақбарасида ҳамда Зарқайнар ҳунармандчилик кўчасида бўлиб, миллий ҳунармандчилик ва анъаналарни ўз контентларида акс эттирди.
Гуруҳ, шунингдек, Амалий санъат музейи, Амир Темур музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ва Замонавий санъат музейига ташриф буюрди; Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри, "Наврўз" этнографик боғи ҳамда "Magic City" ва "Tashkent City" каби замонавий мажмуаларни суратга олиб, Тошкентнинг тарихий ва замонавий қиёфасини яхлит тарзда тақдим этди.
Маълумот ўрнида, меҳмонлар сафарини Хивадан бошлаб, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ҳам бўлди. Улар “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонаси, Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси, Пойи Калон, Регистон майдони, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси ҳамда “Конигил” сайёҳлик қишлоғи каби масканларни суратга олди.
Сафар доирасида тайёрланган материаллар “Instagram”, “Facebook”, “TikTok” ва “YouTube” ижтимоий тармоқларига жойлаштирилиб, Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси ва туристик салоҳиятини хорижий аудиторияга замонавий медиа форматларда таништиришга хизмат қилади.
Лойиҳа, айни вақтда, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати