Ҳаммод ибн Ақтаъ раҳимаҳуллоҳ: “Қалблар — идишлардир. Иймонга тўла қалбнинг аломати барча мусулмонларга нисбатан шафқатли бўлиш, уларнинг қайғу-ташвишлари билан яшаш ҳамда уларга манфаат ва яхшилик олиб келадиган ишларда кўмакдош бўлишдир. Нифоққа тўла қалбнинг аломати эса адоват, нафрат, алдов ва ҳасаддир", деди.
Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳнинг "Тарихи Димашқ" асаридан
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орденлар ва медаллар билан мукофотландилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Камилов Музаффар Муратович "Дўстлик" ордени билан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Абдухаликов Фирдавс Фридунович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, мазкур академиянинг "Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар" кафедраси профессори Исломов Зоҳиджон Маҳмудович «Имом Бухорий» ордени билан ва академия ҳузуридаги "Зиё" медиа маркази директори Мухтаров Абдухамид Абдуахатович "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси доимий ҳамкор ташкилотларимиз раҳбарлари ва устозларни мазкур юксак мукофотлар билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва муборак динимиз ривожи йўлидаги фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати