Баъзан айб ўзимиздан ўтса-да, кечирим сўрашга шошилмаймиз. Хўш, бизни боримизча суйган, ардоқлаган инсонлар билан арзимас майда-чуйдалар, жиловланмаган ҳиссиётлар ва сохта ғурур туфайли деворлар қураётганимизда, аслида ким ғолиб бўлади?..
Ҳаёт бизга узоқ бир сафардек туюлади, аммо у аслида жуда қисқа. Бугун кимгадир заҳрингизни сочаётган, жаҳл отига минаётган бўлсангиз, бир лаҳза тўхтанг... Эртага ўша инсонни бағрингизга босиш, овозини эшитиш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлиб қолишингиз мумкинлигини ўйлаб кўринг.
Вақт — шафқатсиз ҳакам. Йиллар биз ўйлагандан ҳам шиддат билан учиб ўтади. Кўзни очиб юмгунча болаларимиз улғайганини, сочларига оқ оралаган ота-онамизнинг янада чўкиб, кексайиб қолганларини сезмай қоламиз. Ва бир куни... атрофимизни фақат совуқ ва сукунат қоплагандагина кеч англаймиз.
Гоҳида телефонингизга келган ўша оддий хабар ҳақиқатан ҳам энг охиргиси бўлади. Гоҳида «кейин гаплашамиз» дея айтилган сўздан сўнг, ўша «кейин» ҳеч қачон келмайди.
Ёнингиздаги инсонларнинг тириклигида, нафас олиб турганида қадрига етинг. Кўксингизни тўлдириб турган сохта ғурурни енгиб, биринчи бўлиб қадам ташланг: «Кел, урушмайлик, сен мен учун азизсан», дейишга куч топинг. Чунки бу дунёда ҳақ бўлиб чиқишдан кўра армонларсиз, бахтли яшаш муҳимроқдир.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Жорий йил 6 сентябрь куни пойтахтимизда Тошкент замонавий санъат маркази — CCA Tashkent ўз эшикларини очади. Бу шунчаки янги музей ёки кўргазма зали эмас, балки бир асрдан зиёд тарихга эга иншоотга янги ҳаёт бағишланган йирик маданий лойиҳадир.
Маълумот ўрнида: 1912 йилда меъмор Вилгелм Гейнзелман лойиҳаси асосида барпо этилган бино дастлаб трамвай депоси, кейинчалик дизель электр станцияси сифатида фойдаланилган. Бугун эса унинг тарихий қиёфаси ва индустриал руҳини сақлаган ҳолда, замонавий санъат, таълим, тадқиқот ва маданий мулоқот марказига айлантирилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа тарихий меросни асраб-авайлаш ва унга замонавий мазмун беришнинг ёрқин намунасидир.
Франциянинг машҳур Studio KO бюроси томонидан ишлаб чиқилган архитектура концепцияси тарихий мерос ва замонавий инфратузилмани уйғунлаштирган. Марказда кўргазма заллари, таълим ва жамоат майдонлари, кутубхона ҳамда тадқиқот инфратузилмаси фаолият юритади.
Энг муҳими — бу ерда нафақат тарих сақлаб қолинди, балки унга янги мазмун берилди. Илгари энергия ишлаб чиқарилган маконда бугун ижод, янги ғоялар, санъат ва инсонлар мулоқотининг янги энергияси юзага келади.
CCA Tashkent нафақат Тошкентнинг, балки Марказий Осиёнинг янги маданий жозиба нуқталаридан бирига айланиши кутилмоқда.
Бу ерда замонавий санъат билан бир қаторда маърузалар, кинонамойишлар, тадқиқотлар, мунозаралар, концертлар, перформанслар ва турли маданий-таълим тадбирлари ўтказилади.