frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null
Янгиликлар

Марҳум уламо устоз Хайруллоҳ домла Турматов хотирланди

06.07.2026   27811   4 min.
Марҳум уламо устоз Хайруллоҳ домла Турматов хотирланди

Шу йил 4 июль куни Тошкент шаҳридаги “Ҳилол-нашр” нашриётида диний соҳада кўп йиллар самарали хизмат қилган, жонкуяр уламо, фидоий инсон, Тошкент вилояти вакиллигида бош имом-хатиб вазифасида хизмат қилган, динимизнинг ривожига, Ватанимизнинг равнақига, масжидларимизнинг обод бўлишига катта ҳисса қўшган етук дин пешвоси Хайруллоҳ домла Абдумалик ўғли (Турматов)нинг хотирасига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди
 

Тадбир Қуръони карим тиловати ва ўтганлар ҳаққига хайрли дуолар билан бошланди. 


Хотира тадбирини Исмоил домла Муҳаммад Содиқ очиб бериб, забардаст олим Хайруллоҳ домла Абдумалик ўғлининг қилиб ўтган хизматларини ёш авлодга намуна ўлароқ танитиш, ўтганларини хотирлаш эзгу амаллардан эканини айтиб ўтди. Сўнгра устоз Хайруллоҳ домла роҳимаҳуллоҳнинг ҳаётига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.


Раҳматли Хайруллоҳ домла Абдумалик ўғли Турматов 1976 йили Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида таваллуд топган. 2001 йилда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом олий маъҳадини, 2003 йилда эса Тошкент давлат педагогика институтини битирган.


Хайруллоҳ домла меҳнат фаолиятини 1994 йилда Оҳангарон туманидаги “Чет Сув” жоме масжидида имом-хатибликдан бошлаб, ушбу масжидда 2003 йилга қадар хизмат қилган. Бир вақтнинг ўзида Оҳангарон туманидаги 20 мактабда ўқитувчилик ҳам қилган.


2003 йилдан 2014 йилгача Ангрен шаҳридаги “Қорабоғ” жоме масжиди имом-хатиби ва Ангрен шаҳри бош имоми бўлиб ишлаган.


2014 йилдан то вафотларига қадар Тошкент вилояти бош имоми ҳамда “Зангиота” жоме масжиди имом-хатиби лавозимида баракали фаолият кўрсатган.


Хайруллоҳ домла Турматов раҳимаҳуллоҳ 2020 йил COVID-19 вабосидан оғир хасталаниб, 16 сентябрда вафот этди.


Устоз Хайруллоҳ домла миллат ва маърифат фидоийси эди. У киши қисқа умрлари давомида барчамизга ибрат бўладиган амалларни қилиб, ўзларидан хайрли ишлар ва солиҳ фарзандлар қолдириб кетдилар.


Файзли тадбирга юртимизнинг пешқадам уламолари, аҳли илмлар, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг шогирдлари, устоз Хайруллоҳ домланинг сафдошлари, жумладан, устоз Абдулҳаким қори Матқулов, Абдулмалик домла Маликов, Муҳаммад Шокир домла Турдибеков, Қудратуллоҳ домла Сидиқметов, Нурали домла Мавланов, Яҳёхон домла Бобохонов ва бошқа нотиқлар Хайруллоҳ домланинг ибратли ҳаёт йўллари ва юртимизда ислом маърифатини ёйиш йўлидаги улкан хизматларини алоҳида эътироф қилиб, хотирладилар.


Хусусан, у зотнинг илмга, зикрга бўлган муҳаббатлари, азимат ва олий ҳимматликлари, шогирдлар тарбиясидаги заҳматлари, фидокорликлари, инсоний фазилатлари ва одоблари ёдга олинди.


Тадбир жараёнида устоз Хайруллоҳ домланинг “Ҳазратни хотирлаб кўрсатуви учун берган суҳбатларидан парча, домланинг масжидларда қилган панд-насиҳатлари ҳамда “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжидида қилган суҳбатларидан видеолавҳа тақдим этилди.


Шунингдек, тадбир давомида устознинг фарзандлари, жумладан, Ангрен шаҳрининг бош имом-хатиби Низомиддин қори Хайруллоҳ ўғли, “Қорабоғ” жомеъ масжиди имом-хатиби, домланинг тоғалари Фахриддин домла Умиров ва бошқа қавм-қариндошлари, аҳллари домла ҳақларида ҳар бир шахс учун татигулик бўлган муҳим тавсияларни хотирладилар.


Дарҳақиқат, Хайруллоҳ домла Тошкент вилоятининг имом-хатиблари, имом ноиблари, жомеъ масжидлардаги ҳар бир масъул ходимларга ҳамда қалблари Аллоҳнинг байтига боғланган қадрли қавмларига эҳтироми баланд ва юксаклигини кўришимиз мумкин.  У киши бутун фаолияти давомида юртимиздаги кўплаб жоме масжидларини обод ва кўркам қилиш, намозхонлар учун замонавий, қулай ибодат шароитларини яратиш йўлида тиним билмай меҳнат қилган эди.


Тадбир сўнггида Қуръони карим тиловат қилиниб, Хайруллоҳ домла роҳимаҳуллоҳнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинди.


Тиловатни Низомиддин қори Хайруллоҳ ўғли ўқиди, дуони устоз Абдулҳаким қори Матқулов ҳазратлари қилиб берди.


Тадбирни Қамариддин Бекмуҳаммад олиб борди ҳамда барча иштирокчиларга эҳсон дастурхони ёзилди.


Аллоҳ таоло устоз Хайруллоҳ домла Абдумалик ўғлини Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини гуноҳларига каффорат айласин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

Марҳум уламо устоз Хайруллоҳ домла Турматов хотирланди Марҳум уламо устоз Хайруллоҳ домла Турматов хотирланди Марҳум уламо устоз Хайруллоҳ домла Турматов хотирланди Марҳум уламо устоз Хайруллоҳ домла Турматов хотирланди Марҳум уламо устоз Хайруллоҳ домла Турматов хотирланди Марҳум уламо устоз Хайруллоҳ домла Турматов хотирланди
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

"Имом Бухорий" ордени — юксак эҳтиром рамзи!

28.08.2026   54   2 min.

Куни кеча мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан муҳтарам Президентимиз томонидан юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ ватандошларимиз тақдирланди.

Энг қувончлиси шуки, тадбирда диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг заҳматли меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!

Хусусан, Диний идора тизимида узоқ йиллардан бери самарали хизмат қилиб келаётган устозлардан  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев, Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" жоме масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов "Имом Бухорий" орденини Давлатимиз Раҳбаридан қабул қилиб олишди.

Устозларнинг илмий-маърифий фаолияти, халқ ичида маърифат улашишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак қадрлангани бутун диний-маърифий соҳада меҳнат қилаётганлар учун катта фахр ва шарафдир.

Ушбу воқеа Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага, миллий қадриятларимизни авайлаб-асраш ҳамда ривожлантиришга қаратилаётган изчил ва хайрли сиёсатнинг амалий ифодасидир.

Халқимизда қадимдан маърифат аҳлини улуғлаш, уларнинг заҳматли меҳнатини қадрлаш эзгу анъана саналади. Ислом таълимотида ҳам илм эгаларига алоҳида мақом ва ҳурмат билан қаралади. Зеро, Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», дейилган.

Уламоларга кўрсатилаётган бундай эътиборнинг нечоғли хайрли экани қуйидаги ҳикматда ҳам ўз ифодасини топган. Улуғ зотлардан бири Товус раҳматуллоҳи алайҳ отасидан қуйидагича ривоят қилган: «Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдир: олим, ёши улуғ инсон, подшоҳ ва ота» (Имом Абдураззоқ ривояти).

Мазкур юксак мукофот миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, Ислом маърифатини кенг тарғиб этиш, жамиятда бағрикенглик ва тинчлик-омонликни бардавом сақлаш йўлидаги кўп йиллик хайрли хизматларнинг муносиб эътирофидир.

Давлатимизнинг бундай эътибори диний соҳа ходимларига янада улкан масъулият юклайди, маънавий юксалиш йўлидаги хайрли хизматлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади, инша Аллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари