Кувайтнинг “Q8 Press” нашрида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми якунларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, форум ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқадиган муҳим тадбирга айланган. Унинг асосий натижаси сифатида мазкур йўналишдаги глобал ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган, ўнта халқаро ташаббусни қамраб олган Тошкент декларациясининг қабул қилингани бўлди.
Ушбу декларация доирасида халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар, музейлар, кутубхоналар ва тадқиқот марказларини бирлаштирувчи Жаҳон ислом цивилизацияси альянсини ташкил этиш назарда тутилган.
Шунингдек, ислом цивилизацияси меросининг жаҳон рақамли реестри ва кутубхонасини яратиш, халқаро мукофот, жамғарма, энциклопедия ҳамда музейлар уюшмасини таъсис этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, 2030 йилгача мўлжалланган қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳам декларациянинг муҳим ташаббусларидан бири сифатида белгиланган.
“Q8 Press” нашрининг ёзишича, анжуманда илгари сурилган ташаббуслар шерикликни ривожлантириш, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш, тинчлик, ўзаро ҳурмат ва маданиятлараро мулоқот қадриятларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати