Шу муносабат билан Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва вилоят вакиллиги ҳамкорлигида Қўшработ туманида кенг қамровли меҳр-саховат тадбири ташкил этилди. Унда вилоят ва туман ҳокимлиги мутасаддилари, бош имом-хатиб ўринбосарлари ҳамда жорий йилда муқаддас Ҳаж ибодатини адо этиб қайтган ҳожи оталар иштирок этдилар.
Тадбир доирасида тумандаги 16 та маҳаллада истиқомат қилувчи 250 дан ортиқ эҳтиёжманд хонадонга ташаббускор ҳожилар ҳомийлигида мактаб формалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Муборак сафардан қайтган ҳожиларимизнинг бу каби эзгу ишларга бош-қош бўлаётгани халқимиз орасида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати