Жорий йилнинг 7–11 июль кунлари ISESCO билан ҳамкорликда “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусида бўлиб ўтган I Халқаро Ислом цивилизацияси форуми иштирокчиси, Ўмон Султонлиги Давлат кенгаши аъзоси, сенатор доктор Муҳаммад Саид Амур ал-Ҳажарий ўзининг “Х” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида анжуман ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Сенаторнинг таъкидлашича, дунёнинг 80 мамлакатидан дин арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, мутафаккирлар ва экспертлар қатнашган ушбу нуфузли анжуман цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда бағрикенглик ва маърифат ғояларини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этди.
Ўмонлик мартабали меҳмон форум давомида Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси меросини замонавий ёндашув асосида намоён этиш тажрибаси билан яқиндан танишганини билдирди. Унинг фикрича, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Самарқанд ва Термиздаги илмий-маърифий масканлар буюк аждодлар меросини янги авлодга етказиш ҳамда тарихни замонавий технологиялар ёрдамида жозибадор шаклда тақдим этишнинг ёрқин намунасидир.
Шунингдек, доктор Муҳаммад ал-Ҳажарий форум доирасида “Ислом цивилизациясида интеллектуал салоҳият: тарихий тажриба ва унинг намуналари” мавзусидаги маърузасида Ўзбекистоннинг Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврлари тажрибасига тўхталганини маълум қилди. У Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказини миллий тараққиёт ва умуммиллий бирликни мустаҳкамлашга қаратилган оқилона ёндашувнинг амалий ифодаси сифатида эътироф этди.
“Мени алоҳида қувонтирган жиҳатлардан бири — Ўмон Султонлигига, унинг тарихи, маданияти ва бағрикенгликка асосланган сиёсатига билдирилган юксак ҳурмат бўлди. Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги маданий ҳамкорлик халқларимизнинг умумий маънавий қадриятларига таянади”, — деб ёзди сенатор.
Самарқанд ва Термиз шаҳарларидаги учрашувлар давомида ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва бағрикенглигини яна бир бор ҳис этганини билдириб, бой тарихга эга Ўзбекистон бундан буён ҳам Ислом олами ва бутун инсоният тараққиётига муносиб ҳисса қўшишда давом этишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Малайзиянинг “Berita RTM” телеканалида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган махсус дастур намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида эфирга узатилган ушбу кўрсатувда малайзиялик профессорлар – Бадрул Иса ва Норфадилаҳ Камаруддин томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон–Малайзия: креатив туризм” номли лойиҳа тақдим этилди.
Олимлар ташаббуси билан яратилган мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси, Туризм қўмитаси ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида амалга оширилди.
Ташаббус Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақида “Visual storytelling” форматида профессионал рақамли контент яратишни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, 17–31 август кунлари Малайзия UiTM технология университетининг профессионал фотографлари ва дизайнерларидан иборат ижодий жамоа Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда суратга олиш ишларини олиб боради.
Малайзиялик ижодкорлар юртимиз ҳақида тайёрлаган фото ва видеоматериаллар “Instagram”, “Facebook”, “TikTok”, “YouTube” каби интернет платформаларда жойлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳада юртимиз олий ўқув юртларининг дизайн, санъат, туризм ва меҳмонхона бизнеси йўналишидаги талабалари ҳам иштирок этади. Бу академик, туризм ва ижодий соҳаларда тажриба алмашишни ташкил этиш имконини беради.
Дастурда фикр билдирган Бадрул Иса лойиҳа АСЕАН мамлакатлари ва мусулмон оламида Ўзбекистонни янада кенгроқ танитишга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, рақамли платформалар орқали мамлакатимиз тарихий мероси, зиёрат туризми ва амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлари кенг ёритилади.
“Биз бой тарихий мерос, юксак маданият ва меҳмондўст халққа эга бўлган Ўзбекистонни АСЕАН минтақаси аҳолиси томонидан қайта кашф этилишини истаймиз”, – деди профессор.
Шунингдек, у Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, лойиҳа натижалари ушбу санага муносиб совға бўлишини қайд этди.
Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини оммалаштириш ва АСЕАН мамлакатларидан кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати