Тадбирда диний-маърифий соҳа олимлари ва уламолар, устозлар, битирувчилар, уларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Камилов, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори, таниқли олим Уйғун домла Ғафуров ҳамда бошқалар янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли маънавий-маърифий ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланаётганини таъкидлади.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда диний таълим тизими янги босқичга кўтарилгани, кейинги йилларда мазкур соҳада мисли кўрилмаган натижаларга эришилгани алоҳида эътироф этилди.
Хусусан, сўнгги йилларда учта олий ва битта ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилди. 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди. Самарқанд шаҳрида Ҳадис илми мактаби, Сурхондарё вилоятида Имом Термизий номидаги ислом институти ҳамда шу номдаги ўрта махсус таълим муассасаси ўз фаолиятини бошлади. Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги тўртта халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.

Таъкидланганидек, Тошкент ислом институтининг 55 йиллик тарихида илк бор 2024 йилдан магистратура босқичи йўлга қўйилди. Айни пайтда институтда «Теология (Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва мотуридийлик таълимоти)» ҳамда «Теология (Ҳадис илмлари)» мутахассисликлари бўйича магистрантлар таҳсил олмоқда. Келгусида эса докторантура босқичини ҳам ташкил этиш режалаштирилган.
Институтнинг илк 10 нафар магистранти ўқиш давомида илмий фаолиятда фаол қатнашиб, диссертация мавзулари доирасида жами 52 та илмий мақола ва тезис нашр эттирди. Улар ақида, тафсир, фиқҳ ва ҳадис илмларига оид нуфузли манбалардан 53 та ижозага сазовор бўлишди.

Шунингдек, магистрантлар маҳаллий ва халқаро илмий анжуманларда фаол иштирок этиб, мамлакатимизда диний таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишди.
Улар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида илмий амалиёт ўтаб, тадқиқот методологияси, манбашунослик ва ноёб қўлёзмалар билан ишлаш бўйича амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлади.

Маросимда битирувчиларнинг замонавий фанлар соҳасида ҳам салмоқли ютуқларга эришгани қайд этилди. Жумладан, бир нафар магистр Баҳрайндаги Ислом молия муассасалари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилотининг (AAOIFI) халқаро малака сертификати (CPSS) соҳиби бўлган бўлса, яна бир битирувчи 3D моделлаштириш ва анимация соҳасида малакали мутахассис сифатида эътироф этилди.
Шунингдек, битирувчи магистрларнинг турли маърифий муассасалар, таълим даргоҳлари ва илмий-тадқиқот марказларига ишга қабул қилингани ҳам маълум қилинди.

Қайд этилганидек, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида илк магистрларнинг етишиб чиқиши мамлакатимиз диний таълим тизими тараққиётидаги муҳим тарихий воқеа бўлиб, келгусида соҳа учун юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга илмий-педагог кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Тадбир давомида институт тарихида илк магистр сифатида ном қолдирган битирувчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Битирувчилар мамлакат раҳбарияти томонидан билдирилган юксак ишонч ва ғамхўрликка муносиб жавоб қайтаришга, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишга ҳамда ислом маърифатини кенг тарғиб этишга бор куч-ғайратларини сафарбар этишларини таъкидладилар.
— Мамлакатимизда диний-маърифий таълим тобора такомиллашиб бормоқда, — деди Тошкент ислом институти магистранти Гулчеҳра Сиддиқова. — Магистратурада олган билимларимиз ва илмий изланишларимиз самарасини Ватанимиз, халқимиз ва жамиятимиз равнақи йўлида сафарбар этишга астойдил ҳаракат қиламиз.

Диний таълим тизимида магистратура очилиши ва илк магистрларнинг битириши мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш, соҳада замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган салоҳиятли илмий-педагог кадрлар сафини кенгайтиришга хизмат қилади.
Соҳа мутахассисларининг фикрига кўра, мазкур тарихий воқелик юртимизда маърифий Ислом ғояларини кенг тарғиб этиш ва бой илмий меросимизни жаҳон миқёсида ўрганиш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.
Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.
Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.
Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:
«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».
Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.
Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати