Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Январ, 2025   |   22 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:43
Пешин
12:40
Аср
15:46
Шом
17:30
Хуфтон
18:47
Bismillah
22 Январ, 2025, 22 Ражаб, 1446

Исломда тинчлик деганда нима тушунилади?

2.03.2023   976   9 min.
Исломда тинчлик деганда нима тушунилади?

Инсоният яратилганидан буён икки ғоя орасида яшаб келмоқда. Бир-бирига зид бу ғояларнинг бири бунёдкор, иккинчиси вайронкор. Бунёдкор ғоя билан инсонлар катта ютуқларга эришган. У барқарор бўлган жамиятда дунё халқлари бир-бирига билан бағрикенглик муносабатида бўлганлар, ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирганлар. Ҳатто қариндошлик ришталарини боғлаганлар.

Бунинг акси бўлган вайронкор ғоя ҳамма вақт жамиятдаги тинчлик тамойилларини бузиб, миллат ва элатлар орасига адоват ва гина уруғларини сочиб, уруш алангасини ёққан.

Вайронкор ғоя улғайиб келаётган ёшлар учун хавфлидир. Нафақат ёшлар, балки жамиятнинг ҳар бир аъзоси тинчликдан оғишса, беқарорлик юзага келади.

Ҳозирги кунда бир-бирига зид бўлган бу икки тушунчани тўғри талқин қилиш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Вазият бу ғояларнинг ижобий ва салбий томонларини инсонларга Қуръон ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида тушунтиришни тақозо этмоқда.

Қуръони каримда мусулмонларни бунёдкор ғояларга тарғиб қилувчи бир қанча оятлар келган. Биз السِلْمُ [ас-силм] – “тинчлик” лафзининг турли маъноларда келгани ва Аллоҳ таоло бу лафз билан мусулмонларни жамиятда тинчлик ўрнатишга тарғиб қилганига тўхталамиз.

﴿يَأَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُوا ادْخُلُوا في السِلْم ِكافةً

“Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг!”[1].

﴿وَإِن جَنحُوا لِلسَّلْمِ فاجنح لها﴾

(Эй Муҳаммад) агар улар сулҳга мойил бўлсалар, сиз ҳам унга мойил бўлинг”[2].

“السِلْمُ” лафзининг ўзаги бўлган “السلام” [ас-салом] лафзи Қуръонда олти ўринда, баъзида охиратда мўминлар кирадиган жаннат, бошқасида салом бериш маъносида келган.

﴿لهم دارُ السَلامِ عِندَ رَبِّهِمْ﴾

“Улар учун Парвардигор ҳузурида тинчлик диёри (жаннат) бордир”[3].

﴿وَلَقَدْ جَاءَتْ رُسُلُنَا إِبْرَاهِيمَ بِالْبُشْرَىٰ قَالُوا سَلَامًا ۖ قَالَ سَلَامٌ﴾

“Элчиларимиз Иброҳимга хушхабар келтириб, унга салом берди, Иброҳим ҳам салом берди”[4].

Демак, Аллоҳ таоло мўминларга:

﴿يَأَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُوا ادْخُلُوا في السلم كافة﴾

“Эй иймон келтирганлар, исломга тўлиғича киринг!” деб, диннинг барча аҳкомларини қабул қилган ҳолда Ислом динига киришни амр қилмоқда.

Бу тинчлик-омонлик дини экани бошқа оятларда ҳам билдирилган. Аллоҳ таоло Қурайш аҳлига тинчлик неъматини миннат қилиб:

 ﴿الَّذِي أَطْعَمَهُم من جُوعِ وَءَامَنْهُم مِّنْ خوف﴾

“У Зот уларни очлик ва хавфу хатардан холи қилди”[5] деди. Ундан олдин:

﴿فَلْيَعْبُدُوا رَبَّ هَذَا الْبَيْتِ﴾

“Улар мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар”, деб айтди ва уларга ибодат қилишни буюрди. Бунда икки неъматни – тўкин-сочинлик ва тинчликни сабаб қилиб келтирди. Чунки ибодат неъмат берувчига шукр ҳисобланади.

Яна Аллоҳ таоло:

﴿مقَامُ إِبْرَاهِيمَ وَمَن دَخَلَهُ، كَانَ آمِنًا﴾

“Унда мақоми Иброҳим – очиқ оят-аломатлар бор. Унга кирган одам (ҳар қандай хавф-хатардан) омон бўлур”[6], деган сўзи билан мусулмонлардан ким Байтул ҳаромга кирса, хавфу хатардан холи бўлишининг хабарини беряпти. Бу жумла хабарий бўлса-да, баъзилар унга иншоий (талабни англатиш), яъни “Ким Байтул ҳаромга кирса, Аллоҳга иймон келтирсин”, деб маъно берган. Аммо буни хабарий жумла деб тушуниш фойдалидир. Чунки оятда аввалги оятлардаги каби ижтимоий тинчлик назарда тутилаяпти. Буни “السلم” маъносидан ажратиб бўлмайди.

Бу ўринда бизга аҳамиятли бўлгани “السلم” лафзи бўлиб, у ҳақда муфассирлар қуйидаги фикрларни билдирган.

Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳ айтади: “Аллоҳ таолонинг

﴿ يَأَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُوا ادْخُلُوا في السلم كافة ﴾

оятидаги “السِلم” касра ўқилса ислом дини назарда тутилади, агар “السَلم” деб фатҳалик ўқилса, “сулҳ” маъносини беради”[7].

Али ибн Муҳаммад Мовардий бундай фикр билдирган: “Оятдаги “السلم”га салаф уламолари икки хил маъно берган. Биринчиси: “Исломга киринглар” маъносида. Бу Ибн Аббос, Мужоҳид ва Заҳҳокнинг фикри. Иккинчиси: “Тоатга киринглар”, маъносида бўлиб, у Робиа ва Қатоданинг сўзи”[8].

Имом Замахшарий “Кашшоф” тафсирида “السَلم”ни иккинчи маъно – “итоат қилиш” маъноси билан тафсир қилган. Биринчи маънони қабул қилмаган[9].

Ибн Атийя Андалусий ўз тафсирида икки маънони ҳам қабул қилган. Биринчиси, ислом дини бўлса, иккинчиси, итоат маъносида[10].

Имом Табарий айтади: “Оятдаги “السَلم”ни фатҳа билан ўқиганлар бу лафзни келишув маъносига бурган. Шунда маъно: “Урушни тарк қилиб, сулҳ ва келишувга ҳамда жизя олишга киришинглар” бўлади”[11].

Юқоридаги фикрлардан бу муфассирларнинг барчаси битта маънода иттифоқ бўлгани аён бўлади. У ҳам бўлса, ислом динига кириш бўлиб, бунинг негизида бўйсуниш, сулҳ тузиш ва келишиш маънолари ётади. Бу маънолар билан биринчи маъно орасида ҳеч ҳам қарама-қаршилик йўқ. Чунки ислом дини бу маъноларнинг барчасини ўз ичига қамраб олади. Зеро, сулҳ, итоат ва келишиш السلم – “тинчлик” учун хизмат қиладиган тамойиллардир.

Имом Розий оятдаги السلمни юқоридаги оятларга боғлаб, мана бундай фикр билдирган: “Аллоҳ таоло бу суранинг аввалида ер юзида бузғунчилик, гина, адоват уруғини сочадиган ва келажак авлодни пароканда қилиш учун югуриб-елиб юрадиган мунофиқлар ҳақида ҳикоя қилган. Кейин мусулмонларни бу салбий ишлардан қайтиб, ислом таълимотига мувофиқ келадиган ижобий ишларга буюриб: “Эй иймон келтирганлар, исломга тўлиғича киринг!” деган[12].

Демак, бу оятда мўминлар ер юзида бузғунчилик қиладиган мунофиқлар феълининг аксини қилишга буюрилган. Бунинг натижаси ўлароқ, мусулмон киши ўзи яшаб турган жамиятни ислоҳ қилишга, одамларга яхшилик ва хурсандлик келтирадиган хайрли ишларга интилади. Вайронкор ғоялардан йироқ бўлади.

Жумҳур муфассирлар “السلم” сўзига ўч олишни тарк қилиш маъносини ҳам берган. Бунга:

﴿وَخُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَهِلِينَ﴾

(Эй Муҳаммад) афвли – марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг”[13] оятини далил қилган.

Демак, муфассирлар “السلم” лафзи борасида иккита аниқ фикрдан, яъни ислом ва келишув маъноларидан четга чиқмаган. “السلم”ни сулҳ деб тафсир қилган уламолар келишувдан кейинги сулҳни назарда тутган. Эслатиб ўтиш керакки, келишув, сулҳ ва урушни тўхтатиш ислом таълимотидир. Бунга Аллоҳ таолонинг Пайғамбар алайҳиссаломдан ҳимоя сўраган кишига омонлик беришни таълим берган ояти далил бўлади. Аллоҳ таоло айтади:

﴿وَإِنْ أَحَدٌ مِنَ الْمُشْرِكِينَ اسْتَجَارَكَ فَأَجِرْهُ حَتَّى يَسْمَعَ كَلمَ اللَّهِ ثُمَّ أَبْلِغْهُ مَأْمَنَم﴾

(Эй Муҳаммад) агар мушриклардан биронтаси сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ўз ҳимоянгизга олинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнг уни ўзи учун тинч бўлган жойга етказиб қўйинг”[14].

Маълумки, Тавба сураси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузган аҳдларини бузган мушриклардан йироқ бўлиш ҳақида нозил бўлган. Шундай бўлса-да, Аллоҳ таоло Пайғамбарига мушриклардан бири ҳимоя сўраса, Аллоҳнинг каломини эшитиши учун уни ҳимоясига олишни ва тинч жойга етказиб қўйишни буюраяпти. Зеро, Ислом инсонларни бағрикенг бўлишга чорлайди.

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари ҳам бисёрдир. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Қўли ва тили билан мусулмонларга озор бермаган киши ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Аллоҳ йўлида ҳақиқий ҳижрат қилган кишидир”[15].

Демак, ислом инсонларни аҳл, тинч-тотув бўлиб яшашга буюриб, ер юзида бузғунчилик қилишдан қайтармоқда. Тинчлик мусулмон жамиятларининг умумий мақсади бўлиб, шу орқали тараққиётга ва фаровон  ҳаётга эришилади.

[1] Бақара сураси, 208-оят.
[2] Анфол сураси, 61-оят.
[3] Анъом сураси, 127-оят.
[4] Ҳуд сураси, 69-оят.
[5] Қурайш сураси, 4-оят.
[6] Оли-имрон сураси, 97-оят.
[7] Тавилоту аҳли сунна. Босулум таҳқиқи остида. – Байрут: Дар кутубил илмия, 2005. Ж. 2. – Б. 102.
[8] Али ибн Муҳаммад Мовардий. Ан-нукту валъуюн. – Байрут: Дар кутубил илмия, 2005. Ж. 1. – Б. 267.
[9] Маҳмуд Замахшарий. Ал-Кашшоф. – Байрут: Дар кутубил илмия, 2005. Ж. 1. – Б. 252.
[10] Ибн Атиийя Андалусий. Ал-муҳаррирул важизу фи тафсирил китабил азизи. – Байрут: Дар кутубил илмия, 2002. Ж. 1. – Б. 282.
[11] Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Таборий. Жомиъул баён фи таъвилил Қуръан. – Муассасатул рисола, 2000. Ж. 4. – Б. 253.
[12] Бақара сураси, 208-оят.
[13] Аъроф сураси, 199-оят.
[14] Тавба сураси, 6-оят.
[15] Имом Бухорий ривояти.

Отабек БАҲРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Fiqh ilmining paydo bo‘lishi va shakllanish tarixi

20.01.2025   7624   11 min.
Fiqh ilmining paydo bo‘lishi va shakllanish tarixi

Inson yaratilgan vaqtdan buyon jamiyat o‘rtasida uning huquqlari va majburiyatlari birga shakllandi. Huquq va majburiyatlar insonlar o‘rtasida paydo bo‘ladigan nizolarni oldini olish uchun yuzaga kelgan. Asrlar osha inson takomillasha borgan sari uning huquq va majburiyarlari ham shunga monan rivojlanib bordi. Shuning uchun ham Alloh taolo turli zamonlarda va turli millatlarga turli xil shariat mezonlarini nozil qilgan. Boshlang‘ich bosqichda islom davlatida huquqiy institutlar rivojlanmagan shaklda mavjud bo‘lib, islomning axloqiy vazifalari va mazhabiy figurasi bir-biri bilan hamohang va uyg‘unlashgan edi.

Shuni ta’kidlash kerakki, har bir jamiyatda, uning qanday sharoitda yashashidan qat’i nazar, unga tegishli bo‘lgan ishlar, muammolar, shaxsiy va ijtimoiy munosabatlarni tartibga solish, jamiyatda tinchlikni ta’minlab, jinoyatning oldini olish va boshqa ko‘p hayotiy muammolarini yechish uchun bir miqdor qonun-qoidalarga zarurat bo‘lgan. Islom dinini birinchi bo‘lib qabul qilgan arablar jamiyati yetarli darajada rivojlangan bo‘lmasa ham, o‘ziga xos qoidalar va an’analarga ega edi. Ularda salam (pulni oldindan to‘lab, pishib yetmagan mol, masalan, bug‘doyni keyinroq olish bitimi), muzoraba (sheriklik asosida pulni foydaga ishlatish uchun birovga berish), xilma-xil nikoh shakllari, hakamiyat (hakamlik), savdo va muomalotga tegishli bir qator urf-odatlar mavjud bo‘lib, jamiyatda qonun tusini olgan edi. Lekin mazkur udum va qoidalar yetarli darajada o‘sib rivojlanmagani tufayli, butun jamiyat hayoti sohalarini qamrab olib, birlashgan jamiyat va umumiy huquqiy tizim qurish uchun yetarli emasdi. Arablar qabilaviy sharoitda yashaganliklari uchun ularda markazlashgan hokimiyat yo‘q edi, bu esa yagona sud tizimini tashkil etish uchun imkon bermasdi. Makka shahri eng muhim tijorat markazi bo‘lgan. Savdo va tijorat sohasidagi qonunlarni savdogarlar o‘zaro ijro etardilar.

Oilaviy munosabatlar (qarindoshlik va meros)ga oid qonunlar, shuningdek, jazo qonuni,ham ko‘chmanchilar va ham shaharlarda yashovchi aholi orasida eski qabilaviy tuzum ta’siri ostida edi. Unga binoan biron-bir qabilaga mansub bo‘lmagan kishi qabilaviy qonun himoyasidan chetda qolardi[1]. Arablar orasida nizo va kelishmovchiliklar paydo bo‘lganda, tomonlar muzokara yo‘li bilan kelisha olmasalar, hakamlarga murojaat qilinardi. Hakamlar biron-bir xos firqaga mansub bo‘lmay, keng ma’lumotli, zukko va yaxshi nom chiqargan kishilar hamda ilohiy kuchga ega hisoblangan kohinlar ichidan tanlanardi.

Payg‘ambarimiz Muhammad sollallohu alayhi vasallam (payg‘ambarligidan ilgari) Ka’bani ta’mirlash ishlari olib borilganda Qoratosh (Hajarul-asvad)ni o‘rniga qo‘yish bo‘yicha urug‘lar orasida yuzaga kelgan nizoni hakam sifatida hal qilishga muvaffaq bo‘lgan edilar.  Islom dini o‘z huquqiy tizimi va qonunchiligini rivojlantirar ekan, Qur’on va Sunnaga asoslangan holda arablar jamiyatida qonun darajasiga ko‘tarilgan urf-odatlar va an’anaviy udumlardan ham foydalandi. Shu ma’nodaki, ularning ayrimlari Qur’on oyatlari yoki hadislar orqali bekor qilindi, ayrimlariga o‘zgartirishlar kiritib qabul qilindi va ba’zilariga qonuniy tus berildi. Shuningdek, muzoraba va shirkat me’yorlari qabul qilinib, ribo (sudxo‘rlik) butunlay harom deb e’lon qilindi.

Hijriy I asrda islom huquqi shakllana boshlab, hijriy II va III asrlarda taraqqiyot bosqichlariga ko‘tarildi. Hijriy II asr boshlarida ilk huquqiy maktablar (mazhablar) yuzaga kela boshladi va yangi shakllangan islom jamiyati o‘zining boshlang‘ich huquqiy va qonuniy institutlari-muassasalarini qurishga muvaffaq bo‘ldi[2]. Arab xalifaligida ijroiy faoliyatlar va qonun tuzish ishlari bir-biri bilan chambarchas bog‘liq edi va uning maqsadi yangi tasarruf qilingan mamlakatlar idoralarini islom qonunlari asosida tashkil etib, boshqarish edi. Hijriy I asr o‘rtalariga kelib islom siyosiy qarama-qarshiliklarga duch keldi. Xavorij (xorijiylar) va shia firqalari ko‘pchilikni tashkil etgan ahli sunna val-jamoaga qarshi turdilar. Keyinroq shialar sunniylikning buyuk olimlari tomonidan asos solingan va takomillashtirilgan huquqiy tizimlarni iqtibos etib, hijriy II asrning ikkinchi yarmida ularga ayrim o‘zgartirishlar kirgizdilar[3]. Hijriy I asr asosan tasarruf etilgan mamlakatlar huquqiy normalarini ko‘rib chiqib, ularning urf-odatlarini shariat qonunlariga moslashtirish jarayoni bilan o‘tdi. Islom huquqining yaratilib, tartibga solinishi hijriy II asr o‘rtalarida boshlandi va o‘z taraqqiyot yo‘lini bosib o‘tdi. Islom huquqi o‘z rivojlanish bosqichlarini shu yo‘sinda bosib o‘tdi. Asli arab bo‘lmagan ko‘p xalqlar, ayniqsa, Movarounnahr faqihlari va muhaddislari uning rivojiga beqiyos darajada katta hissa qo‘shib keldilar. Islom tarixchilarining fikrlariga ko‘ra, islom huquqi (fiqh) o‘z taraqqiyot jarayonida quyidagi olti davrni bosib o‘tgan:

Birinchi bosqich: Payg‘ambarimiz Muhammad sollallohu alayhi vasallam  davrlari;
Ikkinchi bosqich: Sahobalar davri;
Uchinchi bosqich: Tobeinlar davri;
To‘rtinchi bosqich: Mujtahidlar davri;
Beshinchi bosqich: Muharrijlar davri;
Oltinchi bosqich: Muqallidlar yoki taqlid davri[4].

Abdulhay Laknaviy rahimahulloh hanafiy mazhabi faqihlarini tabaqalashtirishda muharrijlar davridan so‘ng as’hobut-tarjih, ya’ni buyuk faqihlar tomonidan yozib qoldirilgan hukmlardan ayrimlarini zaruratga binoan bir-biridan ustun qo‘yish vakolatiga ega bo‘lgan olimlar davrini ham ko‘rsatib o‘tadi. Lekin bizning fikrimizcha, muharrijlar va as’hobut-tarjih davrini bir bosqich deb hisoblash mumkin, chunki ular ko‘pincha bir davrda yashab, o‘z vazifalarini bajarib kelganlar. Zamon o‘tishi va davr taqozosi bilan islom huquqi, ya’ni fiqh ilmi rivojlanib, asta-sekin tafsir, hadis va boshqa islomiy ilmlardan ajralib bordi. Payg‘ambarimiz hazrat Muhammad sollallohu alayhi vasallam vafotlaridan keyin sahobalar davri va undan keyin tobeinlar davri qaror topdi.

Hijriy II asrning dastlabki o‘n yilliklarida ilk huquqiy maktablar yuzaga kela boshladi. “Islomda huquq” kitobida ular “qadimiy huquqiy maktablar” deb atalgan. Biz ularni “ilk huquqiy maktablar” deb atadik. Mazkur maktablar hech qanday mushaxxas va konkret tashkilotni ko‘rsatmaydi, ularning foydalanadigan usul va qoidalari tizimga solinmagan va hech qanday rasmiy tus olmagan edi[5]. Ushbu maktablar vakillari bo‘lgan faqihlar o‘z sohalari bo‘yicha iqtidorli kishilar bo‘lib, islom ta’limotiga asoslangan barcha ilmlar, masalan, tafsir, hadis va fiqh ilmlariga qiziqardilar va ular bo‘yicha keng ma’lumot va yuksak malakaga ega edilar. Ular o‘z shaxsiy qiziqishlari asosida musulmonlar jamoasi orasida yuksalib, o‘z ilmu fazilatlari bilan barcha xalq tomonidan ishonch va hurmatga sazovor bo‘lgan edilar.

Ahli sunna val-jamoaga tegishli bo‘lgan ilk huquqiy maktablar quyidagilardan iborat edi:

1. Madina huquqiy maktabi;
2. Makka huquqiy maktabi;
3. Basra huquqiy maktabi;
4. Kufa huquqiy maktabi;
5. Shom huquqiy maktabi.

Basra va Kufa huquqiy maktablari Iroq maktabini tashkil etadi.

Misr o‘ziga xos huquqiy maktabga ega bo‘lmay, boshqa huquqiy maktablar, ayniqsa, Madina maktabi ta’siri ostida edi .

Ilk huquqiy maktablarning mashhur vakillari quyidagilardan iborat edi:

1. Madina maktabi namoyandalaridan Umar ibn Xattob, Ali ibn Abu Tolib, Abdulloh ibn Umar, Zayd ibn Sobit, Said ibn Musayyib, Zuhriy, Yahyo ibn Said va boshqalar.

2. Makka maktabidan Abdulloh ibn Abbos, Sufyon ibn Uyayna, Muslim ibn Xolid.

3. Iroq maktabidan Alqama ibn Qays, Qozi Shurayh, Ibrohim Naxaiy, Hammod ibn Sulaymon, Ibn Abi Laylo.

4. Shom maktabining vakili Abdurahmon Avzo’iy edi. 

Fiqh tarixi mutaxassislari ta’kidlashlaricha, Iroq islom huquqining muhim markazlaridan biri edi. Hijriy II asr davomida ham Iroq bu sohada o‘z ustunligini saqlab qoldi[6]. Faqat doktor Muhammad Yusuf Muso turli shaharlarda tashkil topgan huquqiy maktablar qatorida Misrda ham shunday maktab bor ekanligini qayd etib o‘tadi . Ilk huquqiy maktablarning eng muhim jihatlari shundan iborat ediki, birinchidan, ular Qur’onga asoslanar edi va Sunnaga katta e’tibor qaratardi. O‘sha davrlarda qiyos, shariatning asosiy manbai sifatida o‘z rivojlanish bosqichlarini bosib o‘tmagani uchun, ular ushbu metoddan keng ko‘lamda foydalanmasdilar deyish mumkin[7].


Xulosa:

Zamon o‘tishi bilan islom dini keng miqyosda tarqalib, turli dinlarga mansub kishilar unga o‘tgani, ayrim siyosiy, ijtimoiy va aqidaviy sabablarga ko‘ra musulmonlar orasida yuzaga kelgan qarama-qarshiliklar oqibatida Islom muxoliflari tomonidan ko‘p to‘qima hadislar ishlab chiqilib tarqatila boshlandi va bu hodisa ushbu manbadan qat’iy ishonch bilan foydalanishni og‘irlashtirdi. Shu vaqtlarda hadislarni chuqurroq o‘rganib, tahlil qilish, ular orasidan to‘qima hadislarni chiqarib tashlash va faqatgina haqiqiy hadislar, ya’ni Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamdan rivoyat qilingan hadislardan huquqiy manba sifatida foydalanish zarurati yuzaga keldi. Bunday yondashuv bir tomondan hadisshunoslik ilmining rivojlanishiga sabab bo‘lgan bo‘lsa, ikkinchi tomondan, yangi huquqiy maktablarning yuzaga kelishi uchun zamin yaratib berdi. Ilk huquqiy maktablarning ish uslubiga tanqidiy yondashilib, har bir maktab tarkibida yangi uslub tarafdori bo‘lgan olimlar yuzaga keldi. Shunday qilib, ilk huquqiy maktablar negizida to‘rtta asosiy sunniy huquqiy maktab shakllandi va har biri o‘z muhitidagi sharoitga muvofiq rivojlandi. Shu yo‘sinda ahli sunna val-jamoa fiqhi, ya’ni islom huquqi bir mukammal va rivojlangan huquqiy tizim sifatida o‘z taraqqiyot bosqichlarini bosib o‘tdi.

Ro'zimuhammad VAHOBOV,
Surxondaryo viloyati, Sho'rchi tumani
“Abu Bakr Siddiq” jome masjidi imom-xatibi.

 

 


[1]Islomda huquq./ To‘plovchilar: Majid Xadduriy va Herbert J.Libesni. (Mualliflar guruhi: Sharq va G‘arbning 12 ta mashhur huquqshunos, islomshunos va sharqshunos olimlari jumlasidan Muhammad Abu Zahra, Subhiy Muhassamoniy, Shukriy Qardoshiy, Abul’alo Mordin, Jozef Shaxt va boshqalar). Tehron–Nyu-York, 1955 y. ­B.37.
[2]O‘sha asar. B.40.
[3]I.Tabariy. Erondagi dunyoqarashlar va ijtimoiy harakatlar haqida tekshirishlar. Kobul: Davlat chop va nashr qo‘mitasi, 1361 h.y. B.221.
[4]Shayx Muhammad Xuzariybek.Tarixut tashri’il islomiy.­Bayrut: 1988. ­B.14-6.
[5]Vahba Zuhayliy. Islom fiqhi va uning manbalari. J.1. ­Bayrut: Dorul­fikr. 1984. ­30-­b.
[6]Shayx Muhammad Xuzariybek, Tarixut ­tashri’il ­islomiy.­Bayrut: 1988. ­B.149-b.
[7]Vahba Zuhayliy. Islom fiqhi va uning manbalari. J.1. ­Bayrut: Dorul­fikr. 1984. ­29-b.

МАҚОЛА