Инсоният яратилганидан буён икки ғоя орасида яшаб келмоқда. Бир-бирига зид бу ғояларнинг бири бунёдкор, иккинчиси вайронкор. Бунёдкор ғоя билан инсонлар катта ютуқларга эришган. У барқарор бўлган жамиятда дунё халқлари бир-бирига билан бағрикенглик муносабатида бўлганлар, ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирганлар. Ҳатто қариндошлик ришталарини боғлаганлар.
Бунинг акси бўлган вайронкор ғоя ҳамма вақт жамиятдаги тинчлик тамойилларини бузиб, миллат ва элатлар орасига адоват ва гина уруғларини сочиб, уруш алангасини ёққан.
Вайронкор ғоя улғайиб келаётган ёшлар учун хавфлидир. Нафақат ёшлар, балки жамиятнинг ҳар бир аъзоси тинчликдан оғишса, беқарорлик юзага келади.
Ҳозирги кунда бир-бирига зид бўлган бу икки тушунчани тўғри талқин қилиш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Вазият бу ғояларнинг ижобий ва салбий томонларини инсонларга Қуръон ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида тушунтиришни тақозо этмоқда.
Қуръони каримда мусулмонларни бунёдкор ғояларга тарғиб қилувчи бир қанча оятлар келган. Биз “السِلْمُ“ [ас-силм] – “тинчлик” лафзининг турли маъноларда келгани ва Аллоҳ таоло бу лафз билан мусулмонларни жамиятда тинчлик ўрнатишга тарғиб қилганига тўхталамиз.
﴿يَأَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُوا ادْخُلُوا في السِلْم ِكافةً﴾
“Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг!”[1].
﴿وَإِن جَنحُوا لِلسَّلْمِ فاجنح لها﴾
“(Эй Муҳаммад) агар улар сулҳга мойил бўлсалар, сиз ҳам унга мойил бўлинг”[2].
“السِلْمُ” лафзининг ўзаги бўлган “السلام” [ас-салом] лафзи Қуръонда олти ўринда, баъзида охиратда мўминлар кирадиган жаннат, бошқасида салом бериш маъносида келган.
﴿لهم دارُ السَلامِ عِندَ رَبِّهِمْ﴾
“Улар учун Парвардигор ҳузурида тинчлик диёри (жаннат) бордир”[3].
﴿وَلَقَدْ جَاءَتْ رُسُلُنَا إِبْرَاهِيمَ بِالْبُشْرَىٰ قَالُوا سَلَامًا ۖ قَالَ سَلَامٌ﴾
“Элчиларимиз Иброҳимга хушхабар келтириб, унга салом берди, Иброҳим ҳам салом берди”[4].
Демак, Аллоҳ таоло мўминларга:
﴿يَأَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُوا ادْخُلُوا في السلم كافة﴾
“Эй иймон келтирганлар, исломга тўлиғича киринг!” деб, диннинг барча аҳкомларини қабул қилган ҳолда Ислом динига киришни амр қилмоқда.
Бу тинчлик-омонлик дини экани бошқа оятларда ҳам билдирилган. Аллоҳ таоло Қурайш аҳлига тинчлик неъматини миннат қилиб:
﴿الَّذِي أَطْعَمَهُم من جُوعِ وَءَامَنْهُم مِّنْ خوف﴾
“У Зот уларни очлик ва хавфу хатардан холи қилди”[5] деди. Ундан олдин:
﴿فَلْيَعْبُدُوا رَبَّ هَذَا الْبَيْتِ﴾
“Улар мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар”, деб айтди ва уларга ибодат қилишни буюрди. Бунда икки неъматни – тўкин-сочинлик ва тинчликни сабаб қилиб келтирди. Чунки ибодат неъмат берувчига шукр ҳисобланади.
Яна Аллоҳ таоло:
﴿مقَامُ إِبْرَاهِيمَ وَمَن دَخَلَهُ، كَانَ آمِنًا﴾
“Унда мақоми Иброҳим – очиқ оят-аломатлар бор. Унга кирган одам (ҳар қандай хавф-хатардан) омон бўлур”[6], деган сўзи билан мусулмонлардан ким Байтул ҳаромга кирса, хавфу хатардан холи бўлишининг хабарини беряпти. Бу жумла хабарий бўлса-да, баъзилар унга иншоий (талабни англатиш), яъни “Ким Байтул ҳаромга кирса, Аллоҳга иймон келтирсин”, деб маъно берган. Аммо буни хабарий жумла деб тушуниш фойдалидир. Чунки оятда аввалги оятлардаги каби ижтимоий тинчлик назарда тутилаяпти. Буни “السلم” маъносидан ажратиб бўлмайди.
Бу ўринда бизга аҳамиятли бўлгани “السلم” лафзи бўлиб, у ҳақда муфассирлар қуйидаги фикрларни билдирган.
Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳ айтади: “Аллоҳ таолонинг
﴿ يَأَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُوا ادْخُلُوا في السلم كافة ﴾
оятидаги “السِلم” касра ўқилса ислом дини назарда тутилади, агар “السَلم” деб фатҳалик ўқилса, “сулҳ” маъносини беради”[7].
Али ибн Муҳаммад Мовардий бундай фикр билдирган: “Оятдаги “السلم”га салаф уламолари икки хил маъно берган. Биринчиси: “Исломга киринглар” маъносида. Бу Ибн Аббос, Мужоҳид ва Заҳҳокнинг фикри. Иккинчиси: “Тоатга киринглар”, маъносида бўлиб, у Робиа ва Қатоданинг сўзи”[8].
Имом Замахшарий “Кашшоф” тафсирида “السَلم”ни иккинчи маъно – “итоат қилиш” маъноси билан тафсир қилган. Биринчи маънони қабул қилмаган[9].
Ибн Атийя Андалусий ўз тафсирида икки маънони ҳам қабул қилган. Биринчиси, ислом дини бўлса, иккинчиси, итоат маъносида[10].
Имом Табарий айтади: “Оятдаги “السَلم”ни фатҳа билан ўқиганлар бу лафзни келишув маъносига бурган. Шунда маъно: “Урушни тарк қилиб, сулҳ ва келишувга ҳамда жизя олишга киришинглар” бўлади”[11].
Юқоридаги фикрлардан бу муфассирларнинг барчаси битта маънода иттифоқ бўлгани аён бўлади. У ҳам бўлса, ислом динига кириш бўлиб, бунинг негизида бўйсуниш, сулҳ тузиш ва келишиш маънолари ётади. Бу маънолар билан биринчи маъно орасида ҳеч ҳам қарама-қаршилик йўқ. Чунки ислом дини бу маъноларнинг барчасини ўз ичига қамраб олади. Зеро, сулҳ, итоат ва келишиш “السلم“ – “тинчлик” учун хизмат қиладиган тамойиллардир.
Имом Розий оятдаги “السلم“ни юқоридаги оятларга боғлаб, мана бундай фикр билдирган: “Аллоҳ таоло бу суранинг аввалида ер юзида бузғунчилик, гина, адоват уруғини сочадиган ва келажак авлодни пароканда қилиш учун югуриб-елиб юрадиган мунофиқлар ҳақида ҳикоя қилган. Кейин мусулмонларни бу салбий ишлардан қайтиб, ислом таълимотига мувофиқ келадиган ижобий ишларга буюриб: “Эй иймон келтирганлар, исломга тўлиғича киринг!” деган[12].
Демак, бу оятда мўминлар ер юзида бузғунчилик қиладиган мунофиқлар феълининг аксини қилишга буюрилган. Бунинг натижаси ўлароқ, мусулмон киши ўзи яшаб турган жамиятни ислоҳ қилишга, одамларга яхшилик ва хурсандлик келтирадиган хайрли ишларга интилади. Вайронкор ғоялардан йироқ бўлади.
Жумҳур муфассирлар “السلم” сўзига ўч олишни тарк қилиш маъносини ҳам берган. Бунга:
﴿وَخُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَهِلِينَ﴾
“(Эй Муҳаммад) афвли – марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг”[13] оятини далил қилган.
Демак, муфассирлар “السلم” лафзи борасида иккита аниқ фикрдан, яъни ислом ва келишув маъноларидан четга чиқмаган. “السلم”ни сулҳ деб тафсир қилган уламолар келишувдан кейинги сулҳни назарда тутган. Эслатиб ўтиш керакки, келишув, сулҳ ва урушни тўхтатиш ислом таълимотидир. Бунга Аллоҳ таолонинг Пайғамбар алайҳиссаломдан ҳимоя сўраган кишига омонлик беришни таълим берган ояти далил бўлади. Аллоҳ таоло айтади:
﴿وَإِنْ أَحَدٌ مِنَ الْمُشْرِكِينَ اسْتَجَارَكَ فَأَجِرْهُ حَتَّى يَسْمَعَ كَلمَ اللَّهِ ثُمَّ أَبْلِغْهُ مَأْمَنَم﴾
“(Эй Муҳаммад) агар мушриклардан биронтаси сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ўз ҳимоянгизга олинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнг уни ўзи учун тинч бўлган жойга етказиб қўйинг”[14].
Маълумки, Тавба сураси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузган аҳдларини бузган мушриклардан йироқ бўлиш ҳақида нозил бўлган. Шундай бўлса-да, Аллоҳ таоло Пайғамбарига мушриклардан бири ҳимоя сўраса, Аллоҳнинг каломини эшитиши учун уни ҳимоясига олишни ва тинч жойга етказиб қўйишни буюраяпти. Зеро, Ислом инсонларни бағрикенг бўлишга чорлайди.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари ҳам бисёрдир. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қўли ва тили билан мусулмонларга озор бермаган киши ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Аллоҳ йўлида ҳақиқий ҳижрат қилган кишидир”[15].
Демак, ислом инсонларни аҳл, тинч-тотув бўлиб яшашга буюриб, ер юзида бузғунчилик қилишдан қайтармоқда. Тинчлик мусулмон жамиятларининг умумий мақсади бўлиб, шу орқали тараққиётга ва фаровон ҳаётга эришилади.
Отабек БАҲРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Билим ҳар бир инсон учун бирдек зарурдир. Бироқ у тўғри ва тартибли олинмаса, кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Кейинги вақтда ҳар ким ўзига керакли маълумотларни интернет ва ижтимоий тармоқлардан олган ҳолда ўзи билганича илм ўрганиш, тасдиқланмаган хулосаларга риоя қилиш ҳолатлари кўпайиб кетди. Бу иллатлар эса ўз навбатида ҳақиқий билимлар қадр-қийматига путур етказиб қўймоқда. Қуйида илмни устоздан олиш ҳақиқатига оид баъзи далилларни келтириб ўтдик.
Қуръоний далиллар
1. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда билмайдиганларга биладиганлардан сўрашни буюрди: «Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар» (Анбиё сураси, 7-оят).
2. Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан умматнинг ҳидояти ва илми учун нозил қилинган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушунтиришларисиз Қуръон маъноларини тўлиқ ва бехато англаб бўлмас эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай марҳамат қилади: «(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» (Наҳл сураси, 44-оят).
Ҳадисий далиллар
3. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).
«Саҳиҳу Бухорий»га шарҳ ёзган машҳур муҳаддис Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисни бундай изоҳлайди: «Демак, ишончли илм фақат пайғамбарлар (анбиё) ва уларнинг ворисларидан (уламолардан) олинган илмдир». Аллома Айний раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу ҳадисни шундай шарҳлаган.
4. Аллома Шотибий раҳимаҳуллоҳ бу фикрга урғу бериб ёзади: «Бунинг далили яна бир ҳадисдир: «Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, Аллоҳ таоло бандаларидан илмни бирданига суғуриб олмайди. Балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан тортиб олади. Ниҳоят, бирорта олим қолмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўралганларида, жоҳилларга хос равишда фатво беришади. Натижада улар адашадилар ва адаштирадилар», деганларини эшитдим» (Бухорий ривояти).
Яна бундай ёзади: «Шундай экан, илм калити – унинг кўтариб юрувчилари эканига шубҳа йўқ» («Адаб ал-ихтилаф», 174-бет).
5. Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида Имом Аҳмаднинг «Муснади»дан бир парча келтиради, унда бундай дейилади: «Албатта, илм аҳлининг тарк этиши – айнан илмнинг кетишидир» («Фатҳул-борий»).
Пайғамбарлар алайҳимуссаломдан мисолар
6. Айтилишича, Довуд алайҳиссалом пайғамбар бўлгунларига қадар Луқмон Ҳакимдан кўп илмлар ўрганганлар («Тафсир ал-Қуртубий»).
7. Луқмон Ҳаким ўғлига бундай насиҳат берган: «Ўғлим, олимларга яқин ва доимо улар билан бирга бўл. Албатта, Аллоҳ таоло ерни ёмғир билан тирилтирганидек, қалбларни ҳикмат билан тирилтиради» («Жомиъу баёнил илм»; «Маъолим иршодия», 164-бет).
8. Мусо алайҳиссаломнинг Ҳизр алайҳиссаломдан илм олганлари маълум.
9. Юшаъ ибн Нун алайҳиссалом пайғамбарлик келишидан олдин узоқ вақт Мусо алайҳиссаломнинг ёрдамчиси вазифасини бажарганлар, уларнинг хизматида бўлганлар.
Салафи солиҳларнинг сўзлари
10. Шунингдек, тобеинлар даврида ким бирор илми борлигини даъво қилса, ундан бу илмни кимдан олгани сўралган (Муслимнинг «Саҳиҳ» асари кириш қисми).
11. Машҳур муҳаддис Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ «Тақйидул илм» асарида бундай ёзади: «Кўплаб олимлар вафот этишларидан олдин ўзларининг айрим китобларини йўқ қилишди ва бошқаларга ҳам шундай қилишни буюришди. Улар бу китоблар ҳукмларни тушунмайдиган ва китобдан фақат ташқи маъноларни оладиган жоҳиллар қўлига тушиб қолишидан қўрқиб шундай қилдилар».
Кейин бу ишни Имом Обид Салмоний, Имом Шўъба ибн Ҳажжож, Имом Абу Қилоба ва Имом Исо ибн Юнус раҳимаҳуллоҳ кабилар қилганини айтиб ўтди (61–62 бетлар).
12. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга масжидда илм мажлисида ўтириб, фиқҳий масалалар ҳақида баҳслашаётган бир гуруҳ одамлар ҳақида хабар берилганида, у киши: «Уларнинг устози борми?» деган саволларига «йўқ» деган жавоб бўлганда: «Бу одамлар ҳеч қачон фиқҳни эгалламайдилар» деганлар (Шайх Муҳаммад Аввома. «Адаб ал-ихтилаф», 164-бет ва «Маъолим иршодия», 163-бет; «Ал-Фақиҳ вал Мутафаққиҳ», 2-жилд, 83-бет).
13. Бир куни Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан «Киши илм олишда олимлар билан суҳбатлашмасдан, фақат китоб ўқиб қаноатланса илм олади-ми?» деб сўрашди. Имом Молик рад жавоб берди ва бундай деди: «Илм фақат уни ёд олган, олимларга ҳамроҳ бўлган, ўз илмига амал қилган ва тўғрисўз ҳалол кишидангина олинади» («Адаб ал-ихтилаф», 165-бет; «Маъолим Иршодия», 163-бет).
14. Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Қадим замонларда билим одамларнинг қалбида бўлган. Кейин у китобларга ўтказилди, аммо калитлар ҳали ҳамон одамларнинг қалбида қолмоқда. Шу сабабли, талаба, албатта, унга мунозаралар ва тушуниш йўлларини очадиган мураббийга муҳтож» («Адаб ал-ихтилоф», 174-бет; «Маъолим иршодия», 174-бет).
15. Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Ҳар бир талабанинг қийин саволларга жавоб олиш учун мурожаат қилиши мумкин бўлган устози бўлиши керак» («Ал-Фақиҳ вал-мутафаккиҳ», 2-жилд, 83-бет; «Ан-Насиҳа ёки Аҳлил-Ҳадис», 259-бет).
16. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Агар ўқувчига илм сирларини очиб (тушунтириб) берадиган олим бўлмаса, китобларнинг ўзи ҳеч қандай фойда келтирмайди. Бу ҳаммага маълум ҳақиқат» («Адаб ал-ихтилаф», 178-бет).
Салафи солиҳларнинг тутган йўли
17. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Баъзи шогирдлар ўттиз йил давомида ўқитувчиларининг дарсларида қатнашган» («Адаб ал-ихтилаф», 171-бет).
18. Шунчаки бир неча дарсларга қатнашиш (бугунги кунда одатий ҳолга айланган) «мулозама» – қатъиятлилик ҳисобланмайди («Маолим иршодия»даги изоҳлар, 177-бет).
19. Ҳанафий фақиҳи Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ баён қилади: «Илмга мунтазам мурожаат қилмасдан, доимий изланиш ва устозсиз эришиб бўлмайди» («Адаб ал-ихтилаф», 172-бет).
20. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ўз даврида машҳур бўлган ва омма томонидан қабул қилинган ҳар бир таниқли олимнинг ўз даврида мурожаат қиладиган устозлари бўлган» («Адаб ал-ихтилаф», 176-бет).
21. Илм йўлидаги сафарлар.
Бу ерда муҳокама қилинадиган асосий жиҳат, салафларнинг илм йўлида сарсон-саргардонликда ўтказган узоқ муддатларидир:
1). Имом Боқий ибн Маҳлад раҳимаҳуллоҳ илм излаб икки марта сафарга чиқдилар. Уларнинг биринчиси 14 йил, иккинчиси эса 20 йил давом этди («Сафоҳат мин сабрил улама», 60-бет).
2). Имом Ибн Манда раҳимаҳуллоҳ 45 йилни уйларидан узоқда ўтказдилар («Сафоҳат мин сабрил улама», 65-бет).
3). Имом Яъқуб ибн Суфён Фасави раҳимаҳуллоҳ: «Мен 35 йилдан бери сафардаман», деганлар («Сафоҳат», 61-бет).
22. Дунё кезиб илм излаган олимлар
Толиби илмлар сафарлари чоғида бирорта олим бўлган ҳеч бир шаҳар, қишлоқ ёки шаҳарчани эътибордан четда қолдиришмаган.
1). Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ҳақида бундай ёзадилар: «Муснад»ини тузишдан олдин бутун (Ислом) дунёсини уч марта кезган («Саид ал-Касир»; «Сафаҳат мин сабрил улама», 54-бет) .
2). Ибн Муқрий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Шарқдан ғарбга тўрт марта сафар қилдим ва ўн марта Байтул Мақдисни зиёрат қилдим» («Сафоҳат мин сабрил улама», 64-бет).
23. Фақат битта устоз эмас!
Салафлар ҳеч қачон бир-икки устоз билан чекланишмаган. Уларнинг муаллимлари баъзан минглаб ададни ташкил қилган.
1). Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: «Мен 1080 устоздан ҳадис ёздим», деганлар («Ҳадю ас-сарий», 670-бет).
2). Имом Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Тахминан 2 мингдан ортиқ устоздан ҳадис ёзиб олдим» («Тазкиратул-хуффоз», 3-жилд, 921-бет).
3). Ибн Манда раҳимаҳуллоҳнинг 1700 нафар устози бор эди («Тазкиратул-хуффоз», 3-жилд, 1032-бет).
4). Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ 4 минг устоздан илм олган («Тазкиратул-ҳуффоз», 1-жилд, 276-бет).
5). Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг биргина тобеъинлардан 4 минг нафар устози борлиги хабарларда келган (Ибн Ҳажар Ҳайсамий «Ал-Хайратул-ҳисон»; «Асорул-ҳадис», 176-бет).
6). Ҳофиз Ироқий раҳимаҳуллоҳ Имом Қосим ибн Довуд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ҳақида ёзади: «У зот: «6 минг шайхдан ҳадис ёздим», дедилар («Сафоҳат»га изоҳ, 64-бет).
24. Замонамизнинг беқиёс муҳаддиси Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ «Адабул ихтилоф» китобида алоҳида таъкидлаб бундай ёзади: «Улар (уламолар) устози бўлмаган кишига ҳеч қачон эътибор бермаганлар ва бундай кишини ҳатто у билан гаплашишга ҳам лойиқ кўрмаганлар, чунки у хато қилишга мойил эди».
25. Абу Жаъфар Довудий ўз даврининг нуфузли уламоларининг фикрига эътироз билдирганда, улар бундай жавоб бердилар: «Овозингизни ўчиринг! Сизинг устозинг йўқ!» («Адаб ал-ихтилаф», 164-бет).
26. Шайх Аввома раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ҳар бир инсоннинг насл-насаби бор. Талаба ўз билими учун ўқитувчиларидан олинадиган насл-насабга ҳам муҳтож. Ўқитувчиси бўлмаган киши, кимлиги бетайин ва насл-насаби номаълум одам кабидир. Унинг ҳеч қандай қадри ҳам, вазни ҳам йўқ» («Олтин қўлланма», Англия, 8-бет; «Маъолим иршодия», 160-бет ва «Адаб ал-ихтилаф», 164-бет).
Хатоларнинг келиб чиқиш сабаби
27. Муҳаммад ибн Сирин, Ҳакам ибн Атийя ва Воқий ибн ал-Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ сингари имомлар Бани Исроилнинг адашиб кетишларига асосий сабаб ота-боболаридан қолган китоблардир, деганлар («Тақйид ал-илм», 61-бет).
28. Дарҳақиқат, илмларнинг жамланиши ҳам одамларнинг уламолар дарсларига кам қатнаша бошлагани сабаб бўлгани учун Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Илм илмли кишиларнинг оғзидан чиққанида улуғ эди. Лекин у китобларга кўчганида нури (илоҳий нури) йўқолди» («Тақйид ул-илм», 64-бет).
Бошқа ривоятда бундай дейилади: «...китобларга кирганида, унга ҳуқуқи бўлмаганлар унга йўл олишди!» («Сунани Доримий», 467-ҳадис).
Эслатма! Юқорида келитирилган икки иқтибосдан мақсад китобларни ўзбошимча ўрганиш нотўғри эканини исботлаш ва китобларни билимдон устоз ҳамроҳлигида ўрганиш кераклигини тушунтиришдир.
29. Шайх Муҳаммад Аввома айтади: «Олимлардан илм олмаган, уларнинг ҳузурида узоқ вақт бўлмаган, одатларини ўзлаштира олмайдиган одамдан қандай ҳурмат кутиш мумкин? Бундай одам олимларнинг қадрини қандай тан олади? Шунинг учун, бундай одамларнинг олимларни танқид қилиши ажабланарли ҳолат эмас! Кимки уламолар мажлисларига қатнашса, ҳақиқатдан ҳам уларни ҳурмат қила бошлаши кафолатланади» («Адаб ал-ихтилоф», 172-бет; «Маъолим иршодия», 172-бет).
30. Аллома Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Кимки илмни фақат китобдан олган бўлса, ўзгаларни йўлдан оздирувчилардан бўлибди» («Фатво Ҳадисия»; «Адаб ал-ихтилаф», 165-бет).
31. Имом аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Суннатга қарши бўлган аксарият бузуқ тоифа ва гуруҳларнинг ҳеч қачон тайинли устози бўлмаган («Адаб ал-ихтилаф», 176-бет).
32. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Эй биродарим! Ушбу олтита асоссиз ҳаргиз билимга эга бўлмайсиз: Сабаб, истак, қашшоқлик, саргардонлик, муаллим ва узоқ муддат устоз назорати остида ўтказилган машғулотлар» («Адаб ал-ихтилоф», 162-бет; «Маъолим Иршодия», 174-бет).
Хулоса
33. Бугунги кунда айрим одамларнинг диний илмларни мустақил равишда ўрганиши урф бўлмоқда. Энг ёмони, баъзилар ҳеч қандай устоз ёки соҳадаги малакали мутахассиснинг назоратисиз «фатво» ёки «мақола»ларини ўқиб олиб, ўзича илм тарқатмоқда.
Аллоҳ таоло муҳтарам устозларимизнинг умрини зиёда қилсин, уларнинг илмидан фойдаланишимизга тавфиқ ато этсин.
Даврон Нурмуҳаммад
«Ҳилол» журнали 5 (62) сон