Марказий банк ҳузурида юртимизда исломий молия соҳасини тизимли ривожлантириш, унинг ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлаш мақсадида Исломий молия кенгаши ташкил этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Мазкур янги тузилма исломий хизматлар кўрсатувчи банклар ва микромолия ташкилотлари, Омонатларни кафолатлаш агентлиги ҳамда Марказий банк назоратидаги бошқа муассасалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал (жамоавий) орган сифатида иш олиб боради.
Эътиборли жиҳати, Кенгаш таркиби ислом ҳуқуқи соҳасида чуқур билим ва бой тажрибага эга бўлган Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолари ҳамда техник экспертдан иборат 5 нафар аъзони қамраб олган. Бу эса мамлакатимизда исломий молия хизматларини халқаро талаблар ва шаръий қоидалар асосида ривожлантириш, инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлар учун муқобил молиявий хизматлар кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан 2022 йили ташкил этилган Диний идора қошидаги Фатво маркази нафақат Марказий Осиёда, балки МДҲ давлатлари орасида ҳам мақоми жиҳатидан ягона марказ саналади.
Бугунги кунда марказда Муфтий ҳазрат бошчилигида 20 нафар етук уламо еттита асосий илмий ва амалий йўналишда самарали фаолият олиб бормоқда.
Шунингдек, Марказ ҳузуридаги диний савол-жавобларга ихтисослашган Колл-марказ ва медиа тармоқлари орқали мўмин-мусулмонларнинг мурожаатларига мунтазам ва тезкор жавоб қайтариб келинмоқда.
Қайд этиш жоизки, марказ нафақат юртимиз фуқаролари, балки хорижда меҳнат қилаётган ёки таҳсил олаётган ватандошларимиз билан ҳам мустаҳкам алоқа ўрнатган. Хусусан, 2025 йилдан бошлаб чет элдаги юртдошларимизнинг диний-маърифий ва молиявий саволларига ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри жавоб бериш тизими йўлга қўйилди.
Кунига ўртача 1000 дан ортиқ мурожаатни қабул қилаётган Фатво маркази ўтган фаолият даврида бир миллиондан ортиқ саволга шаръий ва асосли жавобларни тақдим этди. Шунингдек, 3 жилддан иборат “Фатволар тўплами”, “Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими”, “Эътиқодга оид зарур масалалар” каби долзарб мавзулардаги 10 дан зиёд китоб нашр этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламоларининг Марказий банк ҳузуридаги Исломий молия кенгашида иштирок этиши эса юртимизда тадбиркорлик ва молия тизимининг ривожида янги даврни бошлаб беради, иншо Аллоҳ.
Аллоҳ таоло юртимизда исломий молия соҳасидаги янги ислоҳотларни бардавом ва хайрли қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Қирол Абдулазиз номидаги Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирқ олтинчи халқаро танловнинг саралаш босқичи 7 август куни Макка шаҳридаги мусобақалар ўтказиладиган жойда 133 давлатдан 334 нафар иштирокчи (эркак ва аёллар) иштирокида бошланди.
ИҚНА "Минбар" газетасига таяниб хабар беришича, Қирол Абдулазиз номидаги Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирқ олтинчи халқаро танловнинг саралаш босқичи бир кун аввал Маккадаги мусобақалар ўтказиладиган жойда бошланган ва финал босқичини Масжидул Ҳаромда ўтказиш учун замин тайёрлаган.
Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирнинг саралаш босқичида ҳакамлар ҳайъатлари энг юқори аниқлик ва шаффофлик стандартларига риоя қилган ҳолда, Қуръон тиловати услублари ва қоидаларига ихтисослашган таниқли халқаро ҳакамлар гуруҳи назорати остида эркак ва аёл иштирокчиларнинг чиқишларини тинглаб, финал босқичига кимлар ўтишини аниқлади.
Танловнинг жорий босқичи 133 мамлакатдан 334 нафар иштирокчи (эркак ва аёллар) иштирокида ўтказилмоқда, улар беш тоифа: "Шатибия" усули бўйича етти хил қироат асосида Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш (қироат ва назарий билимларни, шунингдек, тажвид қоидаларини аъло даражада бажариш ва риоя қилишни ўз ичига олади); аъло даражада ижро этиш, тажвидга риоя қилиш ва сўзларни шарҳлаш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет ўн бешта жузни ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет бешта жузни ёдлаш бўйича беллашмоқда.
Вазирлик ушбу глобал қуръоний тадбирнинг муваффақиятини таъминлаш учун электрон ҳакамлик тизимини жорий этиш, иштирокчиларни баҳолашда адолат ва аниқликни таъминлаш учун ташкилий ва кенг қамровли платформани яратиш, шунингдек, уларга турли хил хизматларни тақдим этиш каби барча имкониятларини ишга солишда давом этади.
Қирол Абдулазиз номидаги халқаро мусобақа дунёдаги энг йирик Қуръон мусобақаларидан бири ҳисобланиб, унинг умумий пул мукофотлари миқдори 10 миллион саудия риалидан ошади.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини "Мир Араб" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, "Саййид Муҳиддин махдум" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамда "Хадичаи Кубро" қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ҳимоя қилиши ҳақида аввал хабар берилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати